БЕЛГИЯ: ЧАҚАЛОҚЛАРИНИНГ АКСАРИ МУҲАММАД БЎЛГАН ДАВЛАТ
3744
3-01-2021, 17:32
754
Ўқиш режими
+
-
Бельгия, расмий равишда Бельгия Қироллиги – Ғарбий Европадаги парламент бошқарув тизимига эга бўлган Федерал конституциявий монархия давлати. Шимолда Нидерландия, шарқда Германия, жануби-шарқда Люксембург, жануби-ғарбда Франция, шимоли-ғарбда Шимолий денгиз билан чегарадош. Унинг ер майдони 30,689 км2 ни ташкил қилади ва аҳолиси 11,5 миллиондан ошади, бу мамлакат дунёда аҳоли зичлиги бўйича 22-ўрин ва Европада 6-ўринни эгаллаган. Пойтахти ва энг йирик шаҳри - Брюссел, бошқа йирик шаҳарлари - Антверпен, Гент, Шарлеруа, Леж, Брюгге, Намур, Лёвен.
Бельгия минтақавий ва лингвистик жиҳатдан мураккаб тузилган. У учта автоном вилоятга бўлинган: шимолда Фламанд вилояти, жанубда Валлония ва Брюссел пойтахт вилояти. Брюссел аҳолиси энг кичик бўлса-да, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ бўйича энг бой минтақадир.
Бельгияда иккита асосий тил гуруҳлари яшайди: аҳолининг 60 фоизини ташкил этадиган голланд тилида сўзлашадиган фламандлар жамияти ва барча бельгияликларнинг тахминан 40 фоизини ташкил этадиган француз тилида сўзлашадиган халқ. Бир фоизга яқин немис тилида сўзлашадиган кичик бир жамоа шарқий кантонларда истиқомат қилади. Брюссел – пойтахт минтақаси расмий равишда икки тилли (француз ва голланд) ҳисобланса-да, бироқ француз тили асосий тилдир. Бельгиянинг тилшунослик хилма-хиллиги ва у билан боғлиқ сиёсий зиддиятлар сиёсий тарих ва мураккаб бошқарув тизимида акс этади.
Тарихий жиҳатдан Бельгия, Шимолий Франция ва Ғарбий Германиянинг баъзи қисмларини ўз ичига олган ҳозирги Бенилюкс давлатлари деб номланадиган минтақанинг бир қисмидир. Унинг замонавий номи Бельгия учун лотинча сўздан келиб чиққан бўлиб, Юлий Цезарнинг милоддан аввалги 55 йиллардаги "Галл урушлари"да минтақани тасвирлаш учун ишлатилган. Ўрта асрларнинг охиридан XVII асргача Бельгия ҳудуди ривожланган савдо ва маданият маркази бўлган. 16-аср ва 19-асрнинг бошлари орасида Бельгия кўплаб Европа давлатлари ўртасида жанг майдони бўлиб хизмат қилди ва "Eвропанинг жанг майдони" лақабини олди. Мамлакат 1830 йилдаги Бельгия инқилобидан сўнг, Голландиядан ажралиб чиққанидан кейин пайдо бўлди.
Бельгия саноат инқилобида қатнашган ва XX аср давомида Африкада бир қатор мустамлакаларга эга бўлган. XX асрнинг иккинчи ярми голланд ва француз тилида сўзлашадиган фуқаролар ўртасидаги зиддиятларнинг кучайиши билан ажралиб турди, бу тил ва маданиятдаги фарқлар, шунингдек Фландрия ва Валлонияда нотекис иқтисодий ривожланиш сабабли ҳам кучайиб турди. Ушбу тинимсиз қарама-қаршилик 1970-1993 йилларда унитар тизимдан федерал тартибга ўтишга олиб келган бир қатор кенг қамровли ислоҳотларни юзага келтирди.
Бельгия – Европа Иттифоқига асос солган олтита давлатдан бири ва унинг пойтахти Брюсселда Европа Комиссияси, Европа Иттифоқи Кенгаши ва Европа Кенгашининг расмий қароргоҳлари, шунингдек, Европа Парламентининг иккита манзилидан бири (бошқаси Страсбург) жойлашган. Бельгия, шунингдек, Еврозона, НАТО, ЖСТнинг асосчиларидан бири ва Бенилюкс ва Шенген зонаси уч томонлама иттифоқининг бир қисмидир. Брюсселда НАТО сингари кўплаб йирик халқаро ташкилотларнинг штаб-квартираси жойлашган.
Жанубий Бельгия аҳолиси француз тилида ёки француз лаҳжаларида гаплашади ва Брюссел аҳолисининг аксарияти француз тилини ўзларининг асосий тили сифатида қабул қилишган. Бироқ фламандлар бунга қарши чиқишди ва аста-секин голланд тилини таълим тизимида тенг тилга айлантирдилар.
Иқтисодиёт
Иқтисодиёт юқори меҳнат унумдорлиги, юқори ялпи ички маҳсулот ва аҳоли жон бошига юқори экспорт билан ажралиб туради. Бельгиянинг асосий импорти хомашё, машина ва ускуналар, кимёвий моддалар, ишлов берилмаган олмос, фармацевтика, озиқ-овқат, транспорт ускуналари ва нефт маҳсулотлари ҳисобланади. Экспортининг асосини эса машиналар ва ускуналар, кимёвий воситалар, тайёр олмослар, металл ва металл буюмлар, озиқ-овқат ташкил этади.
Миграция
Аҳолининг деярли 92% Бельгия фуқаролигини олган, Европа Иттифоқининг бошқа фуқаролари эса тахминан 6% ни ташкил этади. Хорижий фуқаролар асосан италияликлар (171,918), французлар (125,061), голландлар (116,970), марокашликлар (80,579), португаллар (43,509), испанияликлар (42,765), турклар (39,419) ва немислар (37,621) эди. 2007 йилда Бельгияда 1,38 миллион чет эллик яшаган, бу умумий аҳолининг 12,9 фоизини ташкил қилади. Улардан 685,000 нафари Европа Иттифоқи ташқарисида ва 695,000 киши Европа Иттифоқига аъзо бўлган бошқа давлатда туғилган.
Бельгия Ғарбий Европада ўз жонига қасд қилиш даражаси бўйича энг юқори ва ривожланган дунёда ўз жонига қасд қилиш даражаси бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этган (фақат Литва, Жанубий Корея ва Латвиядан кейин).
Таълим
Бельгияликлар учун таълим 6 ёшдан 18 ёшгача мажбурийдир.
Айни пайтда таълим даражаси Бельгия дунёдаги ўртача кўрсаткичидан анча юқори бўлиб, 19-ўринни эгаллаб турибди. Фламанд тилидаги таълим француз ва немис тилида сўзлашадиган жамоалардан анча устун ҳисобланади.
Дин
Мамлакат мустақилликка эришганидан буён кучли эркин фикрлаш ҳаракатлари билан мувозанатлашган Рим католик дини Бельгия сиёсатида муҳим рол ўйнади.
Илгари Бельгияда кучли таъсирга эга бўлган католицизмга эътиқод қилувчилар кескин камайиб кетган. Ҳисоб-китобларга кўра, якшанба куни черковга ташриф буюрувчилар Бельгия бўйича 5%, пойтахт Брюсселда 3% ва Фландрияда 5,4% ташкил этган.
Бельгия расмий равишда учта динни тан олади: насронийлик (католик, протестант, православ ва англикан), ислом ва яҳудийлик.
Бельгияда Ислом
Ислом дини Бельгияда христианликдан кейин иккинчи ўринда туради. Бельгия мусулмонларининг аксарияти 1960 йилдан кейин келган биринчи, иккинчи ёки учинчи авлод муҳожирларидир.
2008 йил ҳисоб-китобларига кўра Бельгия аҳолисининг тахминан 6 фоизи (628 751 киши) мусулмонлар ҳисобланган. Мусулмонлар Брюссел аҳолисининг 23,6, Валлониянинг 4,9 ва Фландрия аҳолисининг 5,1 фоизини ташкил қилади. Бельгиялик мусулмонларнинг аксарияти Антверпен, Брюссел ва Шарлеруа каби йирик шаҳарларда яшайдилар. Бельгиядаги иммигрантларнинг энг катта гуруҳи марокашликлар бўлиб, уларнинг сони 400 минг кишини ташкил этади. Турклар сони бўйича 220000 кишидан иборат иккинчи йирик мусулмон миллатидир.
Бельгияда Исломнинг биринчи бор қайд этилиши 1829 йилда, мамлакат мустақиллигидан бир йил олдин содир бўлган эди. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Франциянинг Ғарбий Африкадан келган француз мусулмон аскарлари Бельгиянинг жануби-шарқида жойлаштирилган. 1964 йилда Бельгия, Туркия ва Мағриб давлатлари ўртасида икки томонлама меҳнат муҳожирлиги тўғрисида битим имзоланди. Ушбу мамлакатлардан 10 мингдан зиёд ишчилар Бельгияга кўчиб ўтдилар ва асосан кўмир қазиб олиш, пўлат саноати, автомобилсозлик каби паст малакали ишларда ишладилар. Бу 1974 йилда хорижий жисмоний меҳнатнинг мамлакатга кириши тақиқланганда тугади. ўша йили Ислом расмий равишда Бельгияда дин сифатида тан олинган.
2011 йилда Бельгия ҳукумати жамоат жойларида юзни ёпадиган кийим кийишни тақиқлади, яъни ниқоб ва рўмол ўраш Бельгия жамияти билан мос келмайди, деб ҳисобланди. Тақиқдан норози бўлган икки мусулмон аёл дастлаб Конституцион суд, сўнгра Европа инсон ҳуқуқлари судига даъво билан чиқди, аммо ҳукм ўз кучида қолди.
Мусулмонлар Бельгия бўйлаб нотекис тақсимланган, аксарияти мамлакатнинг йирик шаҳарларидаги ишчилар яшайдиган жойларга тўпланган. Бельгия мусулмонларининг деярли 40 фоизи пойтахт Брюсселда яшаса, тахминан 39% Фландрия ва 21% Валлонияда истиқомат қилади.
Бельгияда диний ва этник рўйхатга олиш тақиқланган, шунинг учун Бельгия мусулмонларининг миллати тўғрисида аниқ рақамлар келтирилмайди. Миллийлик диннинг кўрсаткичи сифатида ишлатилиши мумкин эмас, чунки ислом мамлакатларидан келиб чиққан кўп одамлар Бельгия фуқаролигини қабул қилишган. Уларнинг фарзандлари Бельгия фуқароси бўлиб туғилган ва шунинг учун уларни мусулмон бўлмаганлардан статистик жиҳатдан ажратиб бўлмайди.
Бельгиядаги мусулмонларнинг катта қисми суннийлардир. Бельгия мусулмонлари ижроия бошқармаси вице-президенти Изабелл Прайл 2010 йилда Бельгия мусулмонларининг тахминан 10 фоизини шиалар ташкил қилган деб тахмин қилган, шунингдек Аҳмадийларнинг ҳам кичик гуруҳи бор.
Ислом дини Бельгия сиёсатида
2014 йилда Бельгияда ўтказилган федерал сайловларда келиб чиқиши мусулмон бўлган Фадила Лаанан ва Рашид Мадран ҳукумат аъзолигига сайланган. 2009 йилда мусулмонлар Брюсселдаги минтақавий парламентдаги 89 ўриндан 19 тасини эгаллашган.
Француз журналисти Эрик Земмурнинг хабарига кўра, Моленбек шаҳридаги ҳукуматнинг 46 амалдорларининг 21 нафари мусулмонлардан бўлган.
Партиянинг французча ISLAM қисқартмаси "Бутунлик, бирдамлик, эркинлик, ҳақиқийлик, ахлоқ" деган маъноларни англатади. 2012 йилги шаҳар овоз бериш арафасида ташкил этилган ISLAM яхши натижаларга эришди.
Франциянинг ҳафталик Le Point нашри партиянинг режаларини таҳлил қилиб, улар "қимор ўйнаш жойларини (казинолар, қимор заллари, букмекерлар ва лотереялар) тақиқлаб, иллатларнинг олдини олишни" хоҳлашларига ишора қилган. Партия мактабда қизларнинг мажбурий равишда рўмол ўрашлари ва Ислом диний байрамларининг байрам деб белгилаш билан бирга, мактаб менюсига ҳалол гўштни киритилишини ҳам талаб қилмоқда.
2004 йил декабр ойида Бельгия ҳукумати давлат хизматчилари учун кўзга кўринадиган диний белгиларга тақиқ қўйиш масаласини кўриб чиқаётганини эълон қилди.
2005 йил июн ойида Антверпен Апелляция суди аёлларнинг ҳижобда юришлари Ислом томонидан талаб қилинадими ёки йўқлигини аниқлаш давлат юрисдикциясидан ташқарида деб қарор қилди ва давлат мактабларидаги қизлар бунга ҳақли эканини эътироф этди. Шу билан бирга, мактаб кенгаши ушбу ҳуқуқни ташкилий сабабларга кўра чеклаш ёки мактабнинг тўғри ишлашини таъминлаш ҳуқуқига эга, аммо у ҳар қандай чекловларни асослаши керак, деб ҳукм чиқарди.
Лёвендаги католик университети социологи Оливье Серве Брюссел аҳолисининг деярли учдан бир қисми мусулмонлар эканлигини айтади. Туғилишнинг юқори даражаси туфайли мусулмонлар 15 ёки 20 йил ичида сайловчиларнинг кўпчилигига айланишади, дея қўшимча қилган у.
Унинг фаразлари тўғри, чунки 2001 йилдан бери Брюсселда туғилган ўғил болалар орасида Муҳаммад исми энг кенг тарқалган исмга айланган.
Бельгия масжидлари
Брюссел Буюк масжиди
Агар сиз Бельгиянинг Брюссел шаҳридаги масжидлар рўйхатини кўриб чиқсангиз, бу албатта сизнинг рўйхатингиз бошида бўлади. Буюк масжид – Бельгиянинг Брюссел шаҳридаги энг кўҳна масжиди. Чинквантенер боғида жойлашган ушбу масжид, шунингдек, Бельгиянинг исломий ва маданий маркази ҳисобланади. Араб меъморчилигига намунаси бўлган, кейинчалик 1978 йилда қайта қурилган масжиднинг вазифаси ҳам Ислом, ҳам Бельгия жамоаларига хизмат қилишдир. Ислом ва маданият маркази кўплаб талабаларга дин ҳақида маълумот беради ва динни қабул қилишни истаганлар учун тартиб-қоидалари ҳақида маълумот беради.
Имсал масжиди
Имсал – Бельгиянинг Лёвен шаҳрида ўқиётган мусулмон талабалар ҳамкорлигининг маркази. Масжид талабаларга Бельгия жамияти билан мулоқот қилишда, билишда ёрдам беради ва ўз динларини ўрганиб амал қилиш учун инновацион имкониятлар яратган. Ушбу талабалар жамоасининг асосий мақсади - тўлақонли исломий ҳаёт тарзини сақлаб қолиш учун тўғри муҳитни яратиш, шунингдек, дин вакилларини ўз динлари ҳақида кўпроқ билиш учун намоз ўқишга, мунозара ва маърузалар ўтказишга ундашдир.
Ёқуб Умар тайёрлади Манба: Азон.Уз