ХУШХАБАР: AZONTV'ДА «ҚУРЪОНИ КАРИМ МУСОБАҚАСИ 1442» БОШЛАНДИ
3767
4-01-2021, 17:04
653
Ўқиш режими
+
-
Бугун 4 январь куни Устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган «Қуръони Карим мусобақаси 1442» танловига саралаш жараёнлари бошланди.
AzonTV'нинг YouTube ижтимоий тармоғи саҳифасида жонли эфирда очилиш маросимини кузатиб боришингиз мумкин.
АzonTV илмий-маърифий онлайн телеканалида юртимизнинг аҳли қуръонларидан бири, устоз Зайниддин қори Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган Қуръон мусобақаси бўлиб ўтмоқда. “Қуръони карим мусобақаси 1442” танловини ўтказишдан асосий мақсад халқимизнинг Каломуллоҳга бўлган муҳаббатини ошириш, янги аҳли Қуръонларни кашф этиш, ёшларимизнинг илмга бўлган рағбатларини юксалтириш, юртимизнинг катта қорилари билан жонли мулоқотни йўлга қўйиш, Қуръони каримни ўрганишга бўлган қизиқиш ва салоҳиятни қўллаб-қувватлашдир.
Қуръон мусобақаси қатнашчилари икки йўналишда Ҳифз ва тиловат йўналишида беллашадилар.
Суперфинал босқичига қадар ҳар ҳафта саралаш босқичлари бўлиб ўтади.
Ҳар душанба куни икки йўналиш бўйича соат 8:00 дан 16:00га қадар телеграм манзили орқали аризалар қабул қилинади.
Ва қабул қилинган аризалар орасидан 10 иштирокчи рандом орқали автоматик тарзда сараланиб олинади. Сўнгра мана шу сараланган иштирокчилар ўртасида ҳафтанинг чоршанба куни Қуръон мусобақаси ўтказилади.
Бу саралаш жараёнлари суперфинал босқичига қадар ҳар ҳафта янгидан бўлиб ўтади. Саралаш жараёни онлайн эфирда, шаффоф ҳолда ўтказилади. Бир вақтнинг ўзида иккала йўналишда иштирок этиш мумкин эмас. Иштирокчилар ҳифз ва тиловат йўналишидан фақат бирини танлашлари шарт.
Суперфинал босқичи муборак Рамазон ойида бўлиб ўтади.
Иштирокчилар Ўзбекистон фуқароси ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаб турган бўлишлари шарт.
Мусобақада фақат балоғатга етган эркаклар қатнашишлари мумкин
Мусобақани таниқли қори Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид бошчилигидаги Қуръон илмининг устозлари кузатиб, баҳолаб боришади.
Пандемия сабаб мусобақа онлайн тарзда ўтказилади
Мусобақада иштирок этиш учун ариза маълумот юбориш йўриқномасини видео шаклида тез фурсатда эълон қилинади.
Қуръон мусобақасига доир барча янгиликларини ҳар куни соат 8:00 ва 20:00 да AzonTV'нинг барча ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатиб боришингиз мумкин. Танловда иштирок этиш учун телеграм бот манзилига ариза маълумот юборишингиз керак бўлади. (Телеграм бот манзилини мусобақа бошланиш арафасида эълон қилинади)
Мусобақа ғолиблари ҳомийлар томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Ҳифз йўналиши бўйича финал ғолибларига:
1-ўрин учун “Spark” автомобили;
2-ўрин учун ноутбук;
3-ўрин учун планшет.
Тиловат йўналиши бўйича финал ғолибларига:
1-ўрин учун ноутбук;
2-ўрин учун телевизор;
3-ўрин учун телефон.
Ҳифз: саралаш босқичи ғолибларига:
1-ўрин учун “Ҳидоя” тўплами, китоб тўла жавон/супер финалга йўлланма;
2-ўрин учун “Ҳидоя” тўплами, “Катта фиқҳ энциклопедияси” китоби;
3-ўрин учун “Ҳидоя” тўплами.
Тиловат: саралаш босқичи голибларига:
1-ўрин учун “Ҳидоя” тўплами “Катта фиқҳ энциклопедияси” китоби/супер финалга йўлланма;
2-ўрин учун “Ҳидоя” тўплами;
3-ўрин учун “Катта фиқҳ энциклопедияси” китоби.
Мусобақа ғолибларини моддий ва маънавий рағбатлантириш харажатлари танлов ҳомийлари томонидан амалга оширилади.