1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИЛМЛИ ЁШЛАР – ЮРТ КЕЛАЖАГИ (1-ҚИСМ)

6-01-2021, 09:56 1 329 Ўқиш режими + -
      
      Тарихдан маълумки, барча буюк давлатларда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, айнан жисмонан соғлом ва ақлан салоҳиятли ёшлар ўз юртининг қудрати ва равнақига замин яратади. Ҳар бир ота-она ҳам ўз навбатида фарзандининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Шундай экан, ота-она ўз фарзандининг ёшлик чоғини мазмунли, намунали, фойдали ишлар ва савобли амаллар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
 
 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ
 
яъни: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз” (Таҳрим сураси 6-оят).
                     Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “ўзларингизни ва аҳл-оилангизни дўзахдан сақланглар!” оятини тиловат қилдилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, биз оиламизни дўзахдан қандай қилиб сақлаймиз?” – дейилди. У Зот: “Уларни Аллоҳ яхши кўрадиган нарсага буюрасизлар, Аллоҳ ёмон кўрадиган нарсадан қайтарасизлар”, – дедилар” (Имом Ибн Мардавайҳ ривоятлари).
                    Ислом динида болаларни ҳали болалигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади:
 ﴿عن عُمَرَ بْنَ أَبِى سَلَمَةَ يَقُولُ، كُنْتُ غُلامًا فِى حِجْرِ النَّبِىّ صلى الله عليه وسلم وَكَانَتْ يَدِى تَطِيشُ فِى الصَّحْفَةِ فَقَالَ لِى رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "يَا غُلامُ سَمِّ اللَّهَ وَكُلْ بِيَمِينِكَ وَكُلْ مِمَّا يَلِيكَ فَمَا زَالَتْ تِلْكَ طِعْمَتِى بَعْدُ"﴾ (رواه الامام البخاري).
яъни: Умар ибн Абу Салама разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда Расулуллоҳ менга: “Эй болакай! Аввал, “Бисмиллоҳ”ни айтгин, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни олдингдан егин”, – деб ўргатдилар. Шундан бери ўшандай овқатланадиган бўлдим” (Имом Бухорий ривоятлари).
                        Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар:
﴿لَأَنْ يُؤَدِّبَ الرَّجُلُ وَلَدَهُ خَيْرٌ مِنْ أَنْ يَتَصَدَّقَ بِصَاعٍ﴾ (رواه الإمام الترمذي عن جابر بن سمرة)
яъни: “Киши ўз фарзандини тарбия қилиб бир нарса ўргатиши – бир соъни садақа қилишидан яхшироқдир” (Имом Термизий ривоятлари). (Бир соъ –  тақрибан, икки кг майизнинг қийматига тенг бўлади).
                  Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Қуйидаги ҳадиси шариф шунга далолат қилади:
﴿عَنْ أَبِي رَافِعٍ، قَالَ: "قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، أَ لِلْوَلَدِ عَلَيْنَا حَقٌّ كَحَقِّنَا عَلَيْهِمْ؟" قَالَ: "نَعَمْ، حَقُّ الْوَلَدِ عَلَى الْوَالِدِ
أَنْ يُعَلِّمَهُ الْكِتَابَةَ وَالسِّبَاحَةَ وَالرَّمْيَ، وَأَنْ يُؤَدِّبَهُ طَيِّبًا"﴾ (رواه الإمام البيهقي).
яъни: Абу Рофиъ айтадилар: Мен: Ё Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам! Бизнинг болаларимизда ҳаққимиз бўлгани каби, уларнинг ҳам бизда ҳақлари борми? – деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатиши ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбиялашидир”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).
  Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ёшларимизнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиб,  уларга касб-ҳунарни ўргатишимиз – айни муддаодир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб-ҳунарли кимсаларни мақтаб шундай деганлар:
﴿اِنَّ اللهَ يُحِبُّ الْعَبْدَ المُحْتَرِفَ﴾ (رواه الإمام الترمذى).
яъни: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривоятлари).
 
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ва дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг асосан охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм инсоннинг асосан дунёсини ободлиги учун зарурдир. Бу ҳақда Имом Суютий  раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Ал-Жомиъус соғир” асарларида қуйидаги хабарни келтирганлар:
"خَيْرُكُمْ مَنْ لَمْ يَتْرُكْ آخِرَتَهُ لِدُنْياهُ ولا دُنْياهُ لآخِرَتِهِ ولَمْ يَكُنْ كَلاًّ على النَّاس" (رواه الإمام الخطيب والإمام الديلمي).
яъни: “Сизларнинг энг яхшингиз – бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир”. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар:
﴿مَثَلُ الْجَلِيسِ الصَّالِحِ وَالسُّوْءِ كَحَامِلِ الْمِسْكِ وَنَافِخِ الْكِيرِ فَحَامِلُ الْمِسْكِ إِمَّا أَنْ يُحْذِيَكَ وَإِمَّا أَنْ تَبْتَاعَ مِنْهُ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ مِنْهُ رِيحًا طَيِّبَةً وَنَافِخُ الْكِيرِ إِمَّا أَنْ يُحْرِقَ ثِيَابَكَ وَإِمَّا أَنْ تَجِدَ رِيحًا خَبِيثَةً﴾ (رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).
яъни: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингизни ачитади” (Имом Бухорий ривоятлари).
(давоми бор)
                          
 ЎМИ нинг жума мавъизаси асосида
Руҳиддин домла Акбаров тайёрлади