1442 йил 11 Жумодус соний | 2021 йил 24 январь, Якшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:32
Sunrise
07:49
Dhuhr
12:49
Asr
16:09
Maghrib
17:49
Isha
19:07


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲОЖАТХОНА ҚУРИБ, ФОЙДА ОЛИШ МУМКИНМИ?

7-01-2021, 16:33 510 Ўқиш режими + -

Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли устоз, одамлар кўп тўпланадиган жойларда тижорат мақсадида ҳожатхона очса бўладими? Ундан тушган пулнинг ҳукми қандай?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ва алайкум ассалом. Аввало, сизга жуда муҳим масалалардан бирини кўтарганингиз учун алоҳида ташаккур билдирамиз. Чиндан ҳам, бугунги кунда инсонлар учун ҳожатхона қуриб, ишга тушириш ҳаёт заруратларидан бирига айланди. Бу иш савобли амал бўлиш билан бирга, атроф-муҳит тозалигига ҳам ҳисса қўшиш бўлади. Шу боис имконияти бор кишилар бу ишни қилиши керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан бир дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишининг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унга дунёю охиратда енгиллик беради...”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ушбу хайрли ишни қилган одам қанчадан-қанча инсонларга қулайлик яратади. Айниқса, бу масалада аёлларга ёрдам бериш жуда катта ноқулайликдан халос этиши айни ҳақиқатдир.
Масаланинг яна бир энг муҳим жиҳати, жуда кўп одамлар барча шароитларга эга бўлган ҳожатхоналар борлиги сабаб сафар ёки муқимликда кундалик ибодатларини қазо қилмай адо этишга муваффақ бўлишмоқда. Демак, ибодат қилишга шароит пайдо қилаётганлар кўплаб инсонларнинг ибодати савобига шерик бўлишмоқда.
Ушбу хайрли иш инсонлар учун биринчи даражали заруратлардан бўлгани учун сармояси бор юртдошларимизга қуйидаги маслаҳатни берамиз: Инсонлар гавжум жойларда барча қулайликлари (иссиқ ва совуқ сув, таҳорат олиш имконияти) бор ҳожатхона қуриб, унга зарур бўлган ходим бириктирсин. Унинг эҳтиёжига яраша ойлик ва ҳожатхона фаолияти учун зарур воситалар (қоғоз ва бошқа нарсалар, коммунал тўлов ва таъмир ишлари) миқдорига яраша нарх қўйиб ишга туширса, динимизда тўхтовсиз савоби етиб турадиган амаллардан бирини қилган бўлади. Валлоҳу аълам.
 
Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси.


Манба:Муслим.уз