Илмли ёшлар – юрт келажаги
(2-қисм)
Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” – деб савол бердилар. Улар: “Ҳосили йиғиб олинади”, – дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат, касаллик етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, – деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар. Ёшлик даври – қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.
Ҳар бир киши фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлар экан, фарзандини ёшлигиданоқ одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлар ва кимсалар фитналаридан сақланиши ва бошқа зарурий нарсаларни ўргатиши ҳам лозим бўлади. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг жиддий ва катта камчилиги ҳисобланади.
Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Алишер Навоий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк олиму алломалар чиқади, иншааллоҳ.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар:
﴿مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ﴾ (رواه الإمام الترمذي).
яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривоятлари).
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар. Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласиндандир.
Жумладан, 2020 йил 28 декабрь куни муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилиниши ҳам баркамол авлоднинг тарбиялаш ишларига бунданда кўпроқ аҳамият қаратилишини англатади.
Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир. Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан фарзандларимизнинг илм олишлари, аждодларига муносиб авлод бўлишларига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Умид қиламизки, ушбу ташаббуслар яқин тарихимизда ўзининг самарасини беради, иншааллоҳ..
ЎМИнинг жумъа мавъизалари асосида
Р.Акбаров тайёрлади