СОҒЛОМ ҚАЛБ ВА КАСАЛ ҚАЛБ
3808
8-01-2021, 16:15
520
Ўқиш режими
+
-
СОҒЛОМ ҚАЛБ ВА КАСАЛ ҚАЛБ
Мунзир айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир гуруҳ деҳқонлар келишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ёнида ўтирганлар деҳқонларнинг бақувват, соғломлигига хайрон қолишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Шундай кофирлар борки, одамларнинг энг бақувват, энг соғломи бўлади, аммо уларнинг қалби касал. Шундай мўминлар борки, жисми бемор, аммо қалби энг соғлом бўлади. Аллоҳга қасамки, У Зотнинг наздида танаси соғлом, аммо қалби касал одамнинг қўнғизчалик ҳам қадри йўқ”, деди”.
Айримлар бирор инсонга баҳо беришда унинг жисмига, ташқи қиёфасига, кийинишига қараб баҳо бериши мумкин. Лекин, Аллоҳнинг баҳо бериши бу нарсалар билан эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хабар беради:
“Ва агар уларни(яъни, мунофиқларни) кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осарсан. Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар...” (Мунофиқун сураси, 4-оят)
Яъни мунофиқлар ичида ҳам қомати келишган, бақувват, хушсуратли кишилар бўлади. Аммо мунофиқликлари боис уларнинг қалблари иймондан, яхшиликлардан холидир. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни деворга суяб қўйилган ходага ўхшатиб баҳо бермоқда.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Албатта Аллоҳ таоло сизларнинг жасадларингизга ва суратларингизга эмас, балки қалбларингизгв қарайди” (Имом Муслим ривояти)
Аллоҳ наздида банданинг жисми катта ё кичиклигининг, соғлом ё касаллигининг ёки инсон суратининг чиройли ёки хунук бўлишининг, ҳатто насл насабининг баланд ё пастлигининг ёки камбағал ё бойлигининг аҳамияти йўқ. Бу нарсалар Аллоҳнинг наздида ҳеч қанақа қийматга эга эмас. "Солиҳлар гулшани " китоби асосида
Рустам Қиличев тайёрлади.