1445 йил 18 Шаввол | 2024 йил 26 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:21
Sunrise
05:45
Dhuhr
12:35
Asr
17:25
Maghrib
19:25
Isha
20:49


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚИЁМАТ КУНИ У "ЛАББАЙКА" АЙТИБ ТИРИЛАДИ

9-01-2021, 09:10 239 Ўқиш режими + -
Бир киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан Арафотда турган эди. У уловидан йиқилиб тушиб, бўйни синиб вафот этди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни сув ва сидр билан ювинглар. Иккита кийимда кафанланглар. Унга хушбўйлик ишлатманглар, бошини ёпманглар. У қиёмат куни лаббайка айтиб тирилади!”, дедилар.
Ҳар замон-ҳар замонда “фалончи саждада вафот қилибди”, “пистончи рўза ҳолида вафот қилибди”, “фалончи фақирга садақа бераётиб жон берибди”, деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу ишлар тасодиф эмас. Бу ишлар хизматнинг ниҳоясидаги мукофот. Ким қандай ва нима асосида яшаса шу асосга кўра ўлади. 
Аммо билишимиз лозимки, гўзал хотима дегани фақатгина инсоннинг саждада вафот қилиши ёки рўза тутган ҳолда ўлиши, садақа бераётиб ўлиши ёки ҳажда ўлиши эмас. Гўзал хотима бу ўлим келганида намозларни тарк қилган ҳолатда бўлмаслигинг, рўзадан қазоларинг бўлмаслиги, садақа ва закотлардан бахиллик қилмаган бўлишинг, қодир бўлатуриб ҳажни ортга суриб юрган бўлмаслигингдир. Демак, Аллоҳнинг амрини қоим қилиб турган ҳолида вафот этган кишининг хотимаси гўзал ҳисобланади.
Гўзал хотима, бу – ўлим келганида гарданингда бировнинг ҳақи бўлмаслиги, ака-укаларинг меросини эгаллаб олмаган бўлишинг, инсонларни обрўсига тажовуз қилмаган ҳолда бўлишинг, ғийбат билан уларнинг гўштини емаган бўлишингдир!
Гўзал хотима бу, ўлим келганида қўшниларинг сенинг жаврингдан омонда бўлишлари, тенгдошларингга қалбинг ва тилинг билан юмшоқ муомалада бўлишинг, ота-онангга хорлик қанотларини паст қилган ҳолатда бўлишинг, қариндошларинг билан силаи-раҳмни узмаган ҳолда бўлишинг, хотининг билан гўзал муомалада бўлишинг, фарзандларингни диёнатидан ташвишда бўлишингдир!
Гўзал хотима бу, қандай ўлишинг эмас, қандай яшашингдир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу тўшакда вафот этдилар. Аммо у зот гўзал хотима топдилар.
Умар розияллоҳу анҳуни чавақлашди. Аммо у зот гўзал хотима топдилар.
Усмон розияллоҳу анҳуни сўйишди. Аммо у зот гўзал хотима топдилар. 
Али розияллоҳу анҳуга ханжар суқишди. Аммо у зот гўзал хотимага эришдилар. 
Абу Убайда розияллоҳу анҳу вабодан вафот этдилар. Аммо у киши гўзал хотима топдилар.
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу юзлаб жангларда иштирок қилдилар. Лекин тўшакда вафот этдилар. Аммо гўзал хотима топдилар.
Гўзал хотима бу, фақатгина Аллоҳ йўлида ўлиш эмас, балки Аллоҳ йўлида яшаш ҳамдир! 
Автоҳалокатда вафот этган эҳтимол тасбиҳ айтиб кетаётгандир. Инфаркт билан ўлган киши ўша онда фақирга садақа олиб бораётгандир. 
Биз инсонларни жаннатга ва дўзахга тақсимлашга масъул эмасмиз. 
Аллоҳдан гўзал хотима сўрайлик!
Абдулқодир Самарқандий

Манба: Азон.Уз