1445 йил 12 Шаввол | 2024 йил 20 апрель, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:32
Sunrise
05:53
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:19
Isha
20:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ТОМОҚДАН “ДУО” ОЛИШ ҲАҚИДА (Қайта нашр)

12-01-2021, 10:16 237 Ўқиш режими + -

ТОМОҚДАН “ДУО” ОЛИШ ҲАҚИДА 

     Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
    Таниш-билишларимиздан  гоҳида “томоғимдан дуо олдирдим” деган сўзни эшитиб қоламиз. Бу ишнинг воқеълиги қуйидагидан иборат: Кимнингдир томоғи остида нимадир тиқилгандек бўлиб оғриқни хис қилади. Сўнг томоқдан “дуо”   олиш билан танилган аёлнинг уйига боради. Аёл унинг олдига сурпга ўхшаш мато тўшаб, енгини шимарган ҳолда кўрсатгич   бармоғини беморнинг  томоғига тиқиб олар экан қўлида нўхотдек тошчаларни ва шунга ўхшаш нарсаларни кўрсатиб, томоқдан шу нарсалар тушганини айтади. Айримларда томоқдаги тиқилган оғриқ  шундан кейин кетиб ё пасайиб енгиллик ҳам хис этиши кузатилади.
Энди бу ишнинг асл  икки ҳақиқатини баён қиламиз:
    Биринчиси: “Дуо” олиш билан танилган аёллар ҳеч қачон инсон томоғидан тошчалар ва шунга ўхшаш қаттиқ жисмли моддаларни чиқариб олмайдилар. Чунки, инсон томоғига тош ва шунга ўхшаш нарсалар қолиб кетиши мумкин эмас. Буни илм-фан ҳам тасдиқлайди. У аёллар ўзларида яшириб қўйган тошчаларини кўзбўямачилик қилиб, гўё томоқдан чиқариб олгандек қилиб кўрсатадилар. Буни фокус десак, адашмаган бўламиз. Бу йўл билан топилган даромад ботил йўл билан орттирилган ҳисобига ўтиб, ҳалол ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” (Нисо сураси, 29-оят) деб марҳамат қилган.
   Иккинчиси:  Энди шу сохта амалиётни қилдиргандан кейин томоқдаги азиятнинг кетиши ёки сусайишига келсак.  Шаръий руқя (шаръий дам солиб даволаш амалиёти)  асосида олиб борилган изланишлар шуни кўрсатадики, аслида, томоқ остида  нимадир тиқилгандек бўлиб, азият бериб туриши айни ўша жойда жин шайтонларнинг маскан тутиши ёки ҳужум қилиб туриши оқибатида юзага келади. Ҳалиги фирибгар аёллар томоқ ичига бармоқларини тиққанларида табиатида қўрқоқлик мавжуд бўлган жин-шайтонлар баъзида томоқдан бошқа жойга қочиб кетадилар. Шунинг эвазига томоқда енгиллик вужудга келади. Кўпинча  уч-тўрт кун ўткач яна ўша эски тос, эски тоғора бўлиб қолаверади. 
    Масаланинг яна бир томони. “Дуо” олдириш, “дуо” сепиб кетиш, деган ибораларни айрим саводсиз кишилар сеҳр ёки жоду сўзининг ўрнига қўллайдиган бўлиб қолганлар. Аслида “дуо” олдириш эмас, “жоду” олдириш, “жоду” сепиб кетиш деб аталса, ўз номига тушади. 
    Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, бу каби дардни орттирган киши аввало тиббиёт мутахассисига мурожаат қилгани мақсадга мувофиқдир. Агар  мутахассис томоқ остида тиббий муаммо йўқлигини айтса, у ҳолда Қуръони каримнинг дам уришга доир оятларни шифо ниятида қўлининг кафтига ўқиб, томоқдаги тиқилиб турган жойга суртиб туришни ва бу амални қодир бўлгунича бир неча марта такрорлашини маслаҳат берамиз. Агар шунда ҳам дард чекинмаса, дам солиш малакасига  эга бўлган расмий  диний соҳа вакилларига мурожаат қилишларини тавсия қиламиз. Зеро Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Қачон даво дардни топса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузалади” (Имом Муслим ривояти) 
 
Рустам Қиличев