1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

САДАҚА БЕРИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

21-01-2021, 11:54 635 Ўқиш режими + -


 
Фақир ва муҳтожларга ёрдам берган, таомлантирган кишини Аллоҳ жаннат неъматлари билан сийлайди. Минг гуноҳини ўчириб, минг савоб ёзади. Муҳтожларга ҳар жиҳатдан мадад-ёрдам бериш зарур. Оила аъзоларига, қариндош-уруғларга, қўни-қўшнилар, дўсту биродарларга хасислик қилмаслик керак. Буларга сарфланган нарса садақа ўрнига ўтади.
Абу Умома (р.а.) ҳазратларининг Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят қилган ҳадисларида шундай дейилади:
«Бир кишининг оила аъзоларига, қариндош-уруғларига, қўни-қўшниларига кўрсатадиган икроми икромларнинг энг гўзалидир. Буларга нисбатан хасислик қилмаслик керак».
Тўрт хислат кишининг яхшилик эгаси эканини ва яхшилигини билдиради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар:
Мўл-кўл (бой ва камбағал) замонларда закот ва тақчил пайтларда садақа бермоқ.
Ғазабланган ҳолда жаҳлини ютмоқ.
Бир кишида кўрган камчиликни атрофга ёймасдан беркитмоқ.
Оила аъзоларига, қариндош-уруғларига, қўни-қўшниларига, атрофидагиларга нисбатан жўмард, саховатли муомалада бўлмоқ.
Шундай хислатларга эга бўлган зот яхши инсондир. Бу хислатлар кишини яхши инсон сифатида намоён этади.
Чанқаган кишига сув ичирмоқ икромларнинг энг савоблисидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар:
«Чанқаган бир кишига сув икром этганнинг амал дафтарига етмиш йиллик ибодат савоби ёзилади.
Бу икромни сув танқис жойда қилганга ҳазрати Исмоил (а.с.) (бунга Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ахли байти ҳам дохил) авлодларидан бир кишини кофир қўлидан қутқарганнинг савоби берилади».
Хайр ва ҳасанотни мўл қилмоқ, сахий бўлмоқ лозим. Аллоҳ хайр қилгувчи, сахий қулларини севади. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат этадилар:
«Ҳар доим хайр қилиб, хайрли ишлар билан машғул ва ёмон ишлардан узоқ бўлган қулини Аллоҳ севади».
Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат этадилар:
«Бир дона хурмо билан бўлса ҳам фақирга икром этганга ўша хурмо донаси беш нарсани муждалайди:
Мен бир дона эдим, мени кўпайтирдинг.
Кичик нарса эдим, улғайтирдинг.
Мен душман эдим, сен дўст айладинг.
Мен ейилиб йўқ қилинардим, мени абадийлаштирдинг.
Ҳозиргача сен мени сақлашга ҳаракат этардинг, бундан буён мен сени сақланишингни тилайман».
Ўрнига  харжланган    мол    камаймайди.    Шубҳасиз     ортади.   Абдурраҳмон   ибн   Авф   (р.а.) Пайғамбаримиздан (с.а.в.) шундай ривоят қилган:
«Уч хусусда ҳеч шубҳа қилмасдан қасамёд этаман:
Садақа бериш ва хайрга сарф этиш билан мол камаймайди. Балки ортади, кўпаяди.
Бир кишига ёмонлик қилинса, ёмонлик кўрган уни кечирса, Аллоҳ қиёмат кунида ўша кечирган қулини маҳшар халқи ҳавас қиладиган бир кишига айлантиради.
Тиланмоққа одатланган фақирликдан қутилмайди”.
Абу Ҳурайра(р.а.) айтган ривоятга кўра, Пайгамбаримиз (с а.в.) шундай дейдилар:
«Аллоҳ ризоси учун қилинган бир яхшиликка минг савоб билан жавоб берилади». Абу Ҳурайра (р.а.) ҳазратлари дейдиларки:
«Буни эшитган бир зот мендан шу хабар тўғрими, йўқми деб сўради. Мен унга шундай жавоб бердим: Мен Пайғамбаримиздан (с.а.в.) эшитдим. Шундай дедилар:
«Ким Аллоҳ учун қарз берса, Аллоҳ унга икки минг савоб эҳсон этади. Бировга қарз берувчи яхшилик билан берсин, ҳамда яхшилик билан олсин».
Чунки яна Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат этадилар:
«Сизлар бир-бирингиз билан қарз олди-берди қилган пайтингизда бу ишни яхшилик билан адо этингиз. Агар бой бўлиб, фақирда берган қарзингизни кечиб юборсангиз, маҳшаргоҳда аршнинг соясида бўласиз. Жаннат ҳам сизни ошиқ бўлиб кутади!»
 

 Шахбоз НИЗОМОВ,
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги масъул ходими