ЭРИДАН ШИКОЯТ ҚИЛГАН АЁЛ
3915
21-01-2021, 15:37
408
Ўқиш режими
+
-
Шаъбийдан, раҳматуллоҳи алайҳ:
“Бир аёл Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб:
-Эй амирал мўминийн, сизга инсонларнинг энг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шундай одамки, яхши амал борасида унга етадиганлар жуда оз. Кечаси тонггача намоз ўқийди ва кундузлари доимо рўзадор бўлади, -деганидан уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади ва:
-Эй амирал мўминийн, мени кечиринг, - деди.
-Яхши, - дедилар Ҳазрати Умар. – Аллоҳ сендан рози бўлсин. Сен у одамни жуда яхши сифатлар билан мақтадинг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ.
Аёл чиқиб кетди. У кетгач, ўша ерда турган Каъб ибн Сур розияллоҳу анҳу:
-Эй амирал мўминийн, аёл уялиб шикоятини сўзлай олмади,-деди.
-Аёлнинг қандай шикояти бор эди?-сўрадилар ҳазрати Умар.
-Аёл эридан “завжият" (эр-хотинлик) ҳақ-ҳуқуқларига риоя этмаётир” деб шикоят қилмоқчи эди.
Шундан сўнг Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу аёлни орқага қайтариб, унинг эрига ҳам хабар юбордилар ва аёлнинг эри ҳам келгач, Каъбга:
-Ораларида сен ҳакамлик қил, дедилар.
-Сиз шу ерда экансиз, мен қандай қилиб ҳакамлик қиламан,-деди Каъб.
-Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этмоқ сенинг ҳаққингдир, - деди халифа.
Шунда, Каъб ҳалиги одамга:
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эркакларга хитобан: “Агар етим қизларга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар” (Нисо,3 мазмуни) дея марҳамат қилганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи кун тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлингнинг ёнига ётишинг лозим, деди.
Эр хотин кетишгач, Ҳазрати Умар Каъбга :
-Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир, - дедилар ва уни Басрага қози этиб тайинладилар”.
“Солиҳлар гулшани” китобидан