УМАРДАН КАЛТАК ЕГАН КИШИ
3970
27-01-2021, 16:48
382
Ўқиш режими
+
-
Аҳнаф ибн Қайс айтадилар айтадилар: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга эдим. Бир одам келиб: “Эй амирал мўминийн, менга зулм қилган кишининг олдига иккимиз борсак, у билан ўртамизда адолат ўрнатсангиз" деди. Шунда ҳазрати Умар асолари билан ҳалиги одамнинг бошига енгилгина бир урдиларда, сўнг: “Умарни амирул мўминийн, деб чақирадилар, у эса сизларга юзланади. Лекин у мусулмонларнинг бирор ишлари билан машғул бўлиб турса, келиб “Фалончи билан ўртамизда адолат қилишга юринг” деб туради. (Ҳазрати Умар шундай деб, мусулмонларнинг зарур бир иши билан машғул бўлиб турганлари учун ҳалиги киши айтган жойга бормадилар)
Илтимоси бажарилмагани учун (Ҳазрати Умардан) ғазабланиб ортига қараб кетди. Умар: “Ҳалиги кишини менга келтиринг” деди. У келганидан кейин асоларини унга тутқазиб, ўзинг учун мендан қасосингни олгин” дедилар. Ҳалиги киши: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, мен буни Аллоҳ учун тарк этаман” деб, қайтиб кетди.
Аҳнаф ибн Қайс айтадилар: “Шундан кейин Умар билан у кишининг уйларига қайтдик Икки ракаат намоз ўқиб бўлиб, ўзларини ўзлари тергай бошладилар: “Ҳа, Хаттобнинг ўғли, паст эдинг, Аллоҳ сани кўтарди, адашган эдинг, Аллоҳ сени ҳидоят қилди, хор эдинг, Аллоҳ сени азиз қилди... сўнгра Аллоҳ сени одамлар устига раҳбар қилди. Энди сени бир киши келиб чақирса, бошига урасан. Эрта Раббингни ҳузурига борсанг, Унга нима дейсан? Эрта Раббингга қандай жавоб берасан..?
Таржимон Рустам домла Қиличев