1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БЎЙ ЎСТИРАДИГАН ДОРИ ИЧСА БЎЛАДИМИ?

28-01-2021, 11:04 1 093 Ўқиш режими + -

САВОЛ:
Бир интернет тармоғида "Uzamax" деган бўй ўстирувчи кукунли парашок сотиларкан. Бундай нарсалардан фойдаланиш жоизми? Бундай нарсалар динимизда мумкинми?
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Ҳусн учун эмас, балки нуқсонни тўғрилаш, аъзоларни асл ҳолатга келтириш учун амалиётлар қилиш, дори истеъмол қилиш жоиз ҳисобланади.
Аъзоларнинг асли ҳолига келтириш эса Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига тўғри келади:

لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ

“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (Тин сураси, 4-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Аржафа ибн Асъад разияллоҳу анҳунинг урушда бурни кесилиб кетганида кумушдан, кумуш мос келмагач тиллодан бурун қилиб олишга рухсат берганлар (Имом Термизий ривоятлари). 
 Соғлом аъзоларни ҳою-ҳавасга берилиб, ўзгаларга тақлид қилиб юз шакли ёки рангини ўзгартириш, бурун, лаб ёки кўкракни катта ёки кичик қилиш каби ишлар шаръан жоиз эмас. Зеро шайтон инсонларга Аллоҳ таоло яратган нарсаларни ўзгартиришга буюради, Қуръони каримда шундай дейилади:

وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا

"(Шайтон айтди:) “Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 119-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан бу мавзуда шундай ривоят қилинади:

يلعن المتنمصات والمتفلجات والموشمات اللاتي يغيرن خلق الله. (رواه الامام احمد) 

“Пайғамбаримиз алайҳиссалом қош тердирувчи, тишларини орасини очувчи, баданига игна билан расм чиздирувчи; Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчи аёлларни лаънатлаганларини эшитдим” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳадисда зикр қилинган ношаръий ишларни эркаклар ҳам қилиши мумкин эмас. Касаллик бўлмасдан, одатий ҳолатда юзга ажин тушишини пластик жарроҳлик ёки укол билан кетказиш жоиз эмас. 
Сиз истеъмол қилмоқчи бўлган дорининг таркибини ўрганиш, агар ҳалол маҳсулотлардан тайёрлаган бўлса истеъмол қилиш мумкин. Агар таркибида ҳаром нарса аралашган бўлса, истеъмол қилиш мумкин эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати