ИСЛОМНИНГ ФОЛБИНЛИК, СЕҲР ВА "ДУОХОНЛИК" КАБИ АМАЛЛАРГА МУНОСАБАТИ
4031
3-02-2021, 10:47
474
Ўқиш режими
+
-
Сеҳр деганда бир нарсани ҳақиқатидан бошқа тарафга буришни тушунилади. Бундан сеҳргарларни ботил нарсани ҳақиқат қилиб кўрсатишлари келиб чиқади. Сеҳрни айрим уламолар мана бундай тушунтиришган: сеҳр бу – сеҳргар билан жин ўртасидаги келишувдан иборат бўлиб, унга кўра жин сеҳргарга итоат қилиб, ёрдам беради ва сўраган нарсасини бажаради. Бунинг учун сеҳр қилмоқчи бўлган киши жинга атаб баъзи ҳаром ва ширк амалларни бажариши керак. Бундан эса сеҳр-жоду қилувчилар маъсият, ширк ва куфрдан иборат ишларни қилишлари ва шунга буюришлари маълум бўляпти. Исломдан олдин бу иш жуда ҳам кенг авж олган эди. Жинларнинг айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гапларини ўғринча эшитиб олиб, ердаги фолбинларга етказиб туришган. Қуръон нозил бўла бошлагандан кейин жинлар ва фолбинлар ўртасидаги ушбу муносабатлар ниҳоясига етган. Бу ҳақида Қуръон каримда жинларнинг тилидан шундай дейилади:
وَأَنَّا كُنَّا نَقْعُدُ مِنْهَا مَقَاعِدَ لِلسَّمْعِ ۖ فَمَن يَسْتَمِعِ الْآنَ يَجِدْ لَهُ شِهَابًا رَّصَدًا
وَأَنَّا لا نَدْرِي أَشَرٌّ أُرِيدَ بِمَنْ فِي الأرْضِ أَمْ أَرَادَ بِهِمْ رَبُّهُمْ رَشَدًا
(سورة الجن 9-10)
яъни: “Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач), кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир учар юлдузни топар. Биз ердаги кишиларга ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғри йўлни ирода қилганми, билмасмиз” (Жин сураси 9-10-оятлар). Агар эътибор берсак, сеҳр-жоду билан бирга доим фолбинлик зикр қилинади.
Фолбинлик бу – келажакдан, ғайбдан хабар беришдир. Ғайб илми Аллоҳга хос бўлганлиги учун уни даъво қилиш – исломдаги гуноҳи кабиралардан биридир. Сеҳр ва фолбинликнинг ҳар бири гуноҳ жиҳатидан бир-биридан кам бўлмаганлиги учун ҳар иккиси ҳақида бир ҳадиси шарифда умумлаштириб келтирилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
مَنْ أَتَى كَاهِناً أَوْ عَرَّافاً فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ
(رواه الإمام أحمد عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни, “Кимда-ким сеҳр-жоду қилувчи ёки фол очувчига бориб, унинг айтаётган гапларига ишонса, Муҳаммадга нозил қилинган (ислом дини)га куфр келтирибди” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Фолбинлар кўпроқ келажакда рўй берадиган ишларни билишларини даъво қиладилар. Бу эса, шариат ҳукми бўйича, куфр ҳисобланади. Чунки ғайбни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Ким уни билишни даъво қилса, кофир бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
وَعِندَهُۥ مَفَاتِحُ ٱلْغَيْبِ لَا يَعْلَمُهَآ إِلَّا هُوَ...
(سورة الأنعام 59)
яъни, “Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас...” деб марҳамат қилган (Анъом сураси 59-оят).
Яна бошқа бир оятда эса:
عَالِمُ الْغَيْبِ فَلا يُظْهِرُ عَلَى غَيْبِهِ أَحَدًا إِلا مَنِ ارْتَضَى مِنْ رَسُولٍ فَإِنَّهُ يَسْلُكُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِهِ رَصَدًا
яъни, “(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (икки дунёнинг баъзи сирларидан огоҳ этар). Бас, албатта, У (Аллоҳ) (ҳар бир пайғамбарнинг) олдидан ҳам, ортидан ҳам кузатувчи (фаришта) йўллар”, – деб марҳамат қилган (Жин сураси 27-оят).
Фолбинлар ҳаттоки Аллоҳ таоло пайғамбарларига ҳам билдирмайдиган ғайб ишларни билишни даъво қилаётган ёлғончи эканликлари шу ердан маълум бўляпти.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу: “Фолбин – сеҳргардир, сеҳргарлик эса кофирлик аломатларидандир,” – деганлар.
Юқоридаги оят ва ҳадиси шарифлардан маълум бўлишича, сеҳр-жоду, башоратчилик ва бошқа иссиқ-совуқ қилиш каби ишлар шариатимизда қаттиқ қораланган. Ҳаттоки айрим ҳадиси шарифларда келтирилишича, ушбу ишлар ҳалокатга олиб борувчи амаллардан экан. Шунинг учун бу ишларни ҳеч қандай сабаб билан умуман оқлаб бўлмайди.
(давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди