1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ – ФАРЗАНДЛИК БУРЧИ (2-ҚИСМ)

4-02-2021, 11:23 336 Ўқиш режими + -


Шариатимизга кўра ота-онага яхшилик қилиш – фақатгина уларнинг ҳаётлик пайтларида чекланиб қолмай, балки улар мабодо дунёдан ўтганларидан кейин ҳам давом этиши керак. Бу ҳақда Абу Усайд ибн Робийъа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:Молик ибн Робеъа ас-Саъидий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирганимизда ногоҳон Бани Салама қабиласидан бир киши келди ва: “Ота-онам вафот этгандан кейин ҳам мен уларга қиладиган яхшилик борми?” – деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, аҳдларини амалга ошириш, улар орқали қариндош бўлганларга силаи-раҳм қилиш ва уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш вазифаси бор”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Тобеъинларнинг улуғларидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ота-онага яхшилик қилишни шундай тушунтирадилар: “Ота-онага яхшилик қилиш – қўлингдаги мол-мулкни улар учун сарфлаш, гуноҳ бўлмайдиган ишларда уларнинг буйруқларига итоат қилишдир”.
Ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ ота-онанинг яхшиликларини қай тарзда қайтариш кераклиги ҳақида айтадилар: “Ким беш вақт фарз намозларни ўқиса, ҳақиқатда Аллоҳ таолога шукр қилибди. Ким намозларидан кейин ота-онасининг ҳақларига дуо қилса, ҳақиқатда уларга раҳмат айтибди”.
Ҳукамолардан бирлари: “Отангга ғамхўр бўлсанг, ўғлинг ҳам сенга ғамхўр бўлади”, – дер эдилар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ: “Ота-онага яхшилик қилиш – катта гуноҳларга каффоратдир”, – деганлар.
Шариатимиз, фарзандларга ота-она қарилик вақтларига етиб келишганларида уларни нафақа билан таъминлаш вазифасини юклайди. Бу – динимизнинг талаби. Ота-онага яхшилик қилишнинг энг паст даражаси – уларга ширин сўз айтишдир. Ундан баландроқ даражаси – уларнинг хизматларини қилиш, моддий ва маънавий томондан ёрдам бериш, доим уларнинг ҳолларидан хабардор бўлиб туришдир. Фарзанд доим ота-онага хурсандчилик келтирадиган ишларга ҳаракат қилиши керак. Зеро ота-оналар фарзандларининг ютуқларидан бениҳоя хурсанд бўлишади.
Ота-онага итоатсизлик қилиш, уларга қаттиқ гапириш, жеркиш, хафа қилиш, ҳақорат қилиш, қўл кўтариш – энг катта ва энг оғир гуноҳдир! “Ота-онага оқ бўлиш” дегани аслида – мана шу. Уни ота-она тилда айтишлари шарт эмас. Балки қаттиқ ранжишлари етарли бўлади.
 Абдуллоҳ Ибн Муборак шундай деганлар: “Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сенга гапирганда, безовталанишингдан, ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошлашса – билиб қўйки, ота-онангга оқ бўляпсан!”.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳис – саломга шундай ваҳий қилган экан: “Эй Мусо! Ота-онангни улуғлагин. Кимки ота-онасини улуғласа, унинг умрини узун қилиб, унга ҳам уни улуғлайдиган фарзандни бераман. Ким ота-онасига оқ бўлса, умридан қисқартириб, унга ҳам оқ бўладиган фарзанд бераман”.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсонни ўсиб, камолга етишида ота-онанинг хизмати беқиёсдир. Ота-она фарзандига дунёдаги бор яхшиликларни истайди. Фарзандини келажакда комил инсон бўлиб вояга етиши учун қўлидан келган барча имкониятларни муҳайё қилади. Афсуски, гоҳида ота-онасига юқорида зикр қилингани каби нолойиқ муомала қиладиган фарзандлар ҳам учраб туради. Улар Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, ота-онасидан кечирим сўраб, қайтадан уларни рози қилишга ҳаракат қилишлари керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ота-онасини рози қиладиган фарзандлардан қилсин! Ота-оналаримизни тани-жонларини саломат қилиб, узоқ йиллар дуогўйимиз бўлиб юришларини насиб қилсин! Омин!


Шаҳрисабз туман бош имом хатиби Жумаев Алишер 
Интернет манбаалари асосида тайёрланди