1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМ ДИНИНИНГ ФОЛБИНЛИК, СЕҲР ВА “ДУОХОНЛИК” КАБИ АМАЛЛАРГА МУНОСАБАТИ (2-ҚИСМ)

4-02-2021, 11:24 259 Ўқиш режими + -

ИСЛОМ ДИНИНИНГ ФОЛБИНЛИК, СЕҲР ВА
“ДУОХОНЛИК” КАБИ АМАЛЛАРГА МУНОСАБАТИ
(2-ҚИСМ)
 
           Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунимизда ҳам фолбинларнинг ҳам жамият, ҳам оилалар тинчлигига раҳна солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Турли “дуохон”, азайимхон ва улар каби бошқа шахслар ҳузурига бориб, ҳам вақтини ҳам нақдини сарфлаш билан бирга Яратганга осий бўлаётган юртдошларимиз ҳали-ҳануз учраб турибди. Уларнинг орасида фарзандларимизнинг тарбиясида ўринлари катта бўлган аёлларнинг кўплиги ташвишимизни яна ҳам орттиради. Жамиятда юз берадиган ажралишларнинг катта қисмига айнан шулар сабабчи бўлади, десак, хато қилмаймиз. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:
واتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَىٰ مُلْكِ سُلَيْمَانَ ۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَٰكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ ۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ ۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ ۚ وَمَا هُم بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ ۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنفَعُهُمْ ۚ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ ۚ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ ۚ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
яъни, “Ва Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Бобилдаги Ҳорут ва Морут (номли) фаришталарга туширилган нарсаларга (эргашадилар). Ҳолбуки, у фаришталар: "Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз) бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма", демасдан туриб, ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ҳеч фойдасиз, билакс, зарарли нарсаларни ўрганадилар” (Бақара сураси 102-оят).
                        Демак, улар қадимдан кишини жуфтидан ажратишга ҳаракат қилиб келишган экан. Айнан фолбинлар сабаб эр-хотинлар ўртаси бузилиб кетаётгани каби, қариндош-уруғлар ва қўни-қўшнилар ораси ҳам тобора бузилиб кетяпти. Инсон бошига тушган кулфат, мусибат ёки ўзига етган хасталик сабаб улар ҳузурига боради. Улар эса бу ишларни овсинингиз, қўшнингиз ёки фалончилар сизга қарши ўқитгани, иситма-совутма қилгани сабаб бўлди деб, ўзларини топқир қилиб кўрсатади. Натижада қариндош ва маҳалладошлар орасига совуқчилик тушади. Биз агар бу борада динимиз кўрсатмаларига амал қилсак, имонимиз мукаммал ва Аллоҳнинг олдида юзимиз ёруғ бўлади. Чунки Парвардигори олам сиз-у бизларни бу дунёда ака-ука ва аҳил-дўст бўлиб яшашга буюргандир.
                       Ҳозирги пайтда фол очишнинг турлари сон-саноқсиз бўлиб кетди. Карта билан, қушларга хат торттириш билан, қўлнинг кафтига қараб туриб, суратга қараб ва ҳоказолар... Юқорида айтилгандек, буларнинг ҳаммаси – куфр ишлардир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ أَتَى عَرَّافًا، فَسَأَلَهُ عَنْ شَيْءٍ فَصَدَّقَهُ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلَاةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً
(رواه الإمام مسلم)
яъни, “Кимда-ким фолбинга бориб, ундан бирор нарса сўрасаю ва унинг айтганига ишонса, унинг 40 кунлик намози қабул бўлмайди”, – деганлар. Бу ҳадиси шарифда фолбинга бориш оқибатида қилинган ибодатларни ҳам қабул бўлмаслиги айтилмоқда.
                           Кўпинча шумланиш ёки бирор нарсани бехосият деб ҳисоблаш одамларда учраб туради. Динимизда бунинг муолажаси берилган. Бунинг учун Аллоҳ таолога таваккул қилиш ва унинг қазои-қадарига имон келтириш керак. Агар шунда ҳам инсоний табиати ғолиб келиб, шумланиш давом этса, бу нарсага енгилиб юравермасдан таваккул қилади. Бу борада ушбу ҳадис ривоят қилинган:
 ثَلَاثَةٌ لَا يَسْلَمُ مِنْهُنَّ أَحَدٌ الظَّنُّ وَالطِّيَرَةُ وَالْحَسَدُ فَإِذَا ظَنَنْتَ فَلَا تَحَقَّقْ إِذَا تَطَيَّرْتَ فَلَا تَرْجِعْ
وَإِذَا حَسَدْتَ فَلَا تَبْغِ 
(رواه الإمام عبد الرزاق في مصنفه)
яъни, “Уч нарсадан ҳеч ким саломат бўлмайди: гумон, шумланиш ва ҳасад. Агар гумон қилсангиз, рўёбга чиқарманг, шумлансангиз қайтманг ва ҳасад қилсангиз, ўзингизни тийинг (ҳасадни рўёбга чиқарманг)” (Имом Абдурраззоқ “Мусаннаф”да ривоят қилганлар).
Шунинг учун ёқмаган нарсани кўрганда, инсон “Эй Аллоҳ, яхшиликни келтирувчи ҳам, ёмонликни дафъ қилувчи ҳам Ўзингсан! Сендан ўзга куч ҳам, қудрат ҳам йўқ!” – деб айтишликка буюрилганмиз.  Бу ҳақда Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
مَنْ عَرَضَ لَهُ مِنْ هَذِهِ الطِّيَرَةِ شَيْءٌ فَلْيَقُلِ "اللَّهُمَّ لَا طَيْرَ إِلَّا طَيْرُكَ وَلَا خَيْرَ إِلَّا خَيْرُكَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ
яъни, “Кимда ушбу шумланишлардан бири пайдо бўлса, (Эй Аллоҳ, ёмонлик ҳам яхшилик ҳам фақат сендан. Сендан ўзга илоҳ йўқ), деб айтсин”  деганлар.
Демак, мусулмон шахс сеҳр-жоду қилувчилар, фолбинлар, азайимхон ва “дуохон”ларга бормаслиги ва ишонмаслиги кераклигидан ташқари, уларни ҳузурига етаклаши мумкин бўлган шумланишдан ҳам сақланишлари лозим бўлар экан.
 Аллоҳ таоло барчаларимизни сеҳр-жоду, ирим-сирим ва бошқа гуноҳлардан саломат қилиб, жамиятимиз ва ундаги оилаларни аҳил-иноқ бўлиб яшашга тавфиқ ато этсин! 


(Давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди