АЗРОИЛДАН ҚОЧГАН ОДАМ
4066
6-02-2021, 22:27
1 447
Ўқиш режими
+
-
Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом ҳукм сурган даврда бир одам қоча-қоча саройга келиб, пайғамбарнинг ҳузурларига келди. Ранги ўчиб, қўрқувдан дир-дир титраган ҳолда Сулаймон алайҳиссаломдан ўзига ёрдам этишни истади.
Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом у одамдан сўрадилар:
– Сенга нима бўлди ўзи? Сени бунчалар қўрқитган нарса нима?
Одам:
– Азроил менга шундай ғазаб билан боқдики, жонимни олмоғидан қўрқдим. Қочиб сизнинг ёнингизга келдим – деди. Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом:
– Майли, мендан нима истайсан? – дедилар. Одам:
– Эй жонларни қўриқловчи адолатли подшоҳ! Сенинг ҳукминг шамолга ўтадир, амр эт мени Ҳиндистонга элтсин. Балки шунда жонимни қутқарарман – деди.
Сулаймон алайҳиссалом шамолга бу одамни истаган ерига этмоқни амр этдилар. Шамол одамни Ҳиндистоннинг ички тарафидаги бир ерга учириб ташлади.
Эртаси кун мажлис қуриб, ҳамма Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳузурларига тўпланди. Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом Азроилга:
– Кеча мени ёнимга бир одам келди. Унга ғазаб билан боққанингни сўйлади. Ўша мусулмонни уйидан, бола-чақасидан узоқлаштириш учун шундай боқдингми? Сабаби нима? – деди.
Азроил:
– Эй Сулаймон! Мен унга ғазабли эмас, ҳайронлик ила боқдим. Чунки Жаноби Ҳақ менга у бандасининг жонини бугун Ҳиндистонда ол дея амир этди. Мен ҳам у одамни бу ерда кўриб ўз-ўзимга ҳайрон бўлдим. Бу одамни бу ерда нима иши бор. Юзларча қаноти бўлса ҳам Ҳиндистонга бормоғи кўп мушкулдир, дедим. Шунинг учун бу одамга ажабланиш ва ҳайронлик ила боқдим.
Фақат Ҳиндистонга келганимда одамни у ерда топдим ва вазифамни адо этдим – дея Ҳазрати Сулаймон алайҳиссаломнинг саволларига жавоб берди.
«Маснавийдан сайланмалар» китобидан олинди.
Туркчадан Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф таржимаси.Манба: Қадрият.Уз