1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИС САЛОМНИНГ ШАЙТОНДАН ҲИМОЯ ҚИЛИНИШЛАРИ

8-02-2021, 09:52 883 Ўқиш режими + -



Пайғамбар алайҳиссаломнинг шайтондан ҳимоя қилинишлари

Пайғамбар алайҳиссаломнинг шайтондан ҳимояланганлари ҳақида Қози Иёз шундай дейди: “Маълумки, Ислом уламолари Пайғамбар алайҳиссаломнинг шайтондан тўлиқ ҳимоя қилинганларига ижмо қилганлар. Ул зот нафақат баданларига турли азиятлар етишидан ва хаёлларини турли­туман васвасалар ўраб олишидан, балки ҳар қандай ҳолатда ҳам шайтондан ҳимояланган эдилар”. 
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло ҳар бирингизга жинлардан битта ва фаришталардан битта шерикни вакил қилиб тайинлаган”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, сизга ҳам тайинланганми?” деб сўрашди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, менга ҳам тайинланган, лекин Аллоҳ таоло мени ундан (жиндан бўлган вакил устидан) ғолиб қилди, натижада у мусулмон бўлди”, дедилар».
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг жин йўлдошлари мусулмон бўлса ҳам, саҳобаларнинг жин йўлдошлари мусулмон бўлмаган эди. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал суҳбатларидан баҳраманд бўлганлари учун ҳам шайтоннинг ҳийлаларига алданмаганлар. 
Шайтон алайҳилаъна Пайғамбар алайҳиссаломга бир неча бор ёмонлик қилишга, у зотни тўғри йўлдан чалғитишга уриниб кўрган бўлса­да, бирор марта ҳам мақсадига ета олмаган. 
Дарҳақиқат, кўплаб ривоят ва асарларда зикр қилинишича, шайтон кўпинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нурларини ўчириш, ул зотни ўлдириш ва ҳақ йўлдан чалғитишга жон­жаҳди билан ҳаракат қилган. Бироқ шайтон ва унинг малайларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши барча уринишлари иш бермай, ҳар сафар ноумид бўлишган. 
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бир куни шайтон рўпарамда пайдо бўлиб, намозимни бузишга роса уринди. Кейин Аллоҳ таоло менга уни тутишга имкон берди. Уни тупроққа улоқтириб юбордим. Тонг отганда саҳобалар уни кўришсин деган ниятда бир устунга боғлаб қўймоқчи бўлдим-у, бироқ биродарим Сулаймон алайҳиссаломнинг дуоси ёдимга тушиб, қўйиб юбордим. Шу тариқа Аллоҳ таоло шайтонни ноумид кетказди”». 
Абу Дардонинг Исро ҳақида ривоят қилган ҳадисида Ифрит номли шайтоннинг олов шуъласи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўрқитмоқчи бўлгани, шунда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шайтондан паноҳ берадиган дуоларни ўргатганлари зикр қилинади. 
Шайтон Пайғамбар алайҳиссаломга бевосита зарар етказа олмагач, ул зотнинг душманлари бўлмиш Макка мушриклари ёрдамида зарар беришга ҳам кўп уриниб кўрган. 
Бир куни Қурайш мушриклари йиғилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қандай ўлдиришни маслаҳат қилишарди. Шунда шайтон наждлик бир қария қиёфасида келиб, мушрикларга ўз маслаҳатини берди. Шайтон берган фикр мушрикларга маъқул тушиб, уни амалда қўллашга ҳаракат қилган бўлишса­да, бу чиркин мақсадларига ета олишмади. 
“Ақаба байъати” куни шайтон инсон суратига кириб, одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмасликка чақирди. Агар Пайғамбар алайҳиссаломга эргашсалар, кўп азиятларга йўлиқишларини айтиб, уларни қўрқитди. Лекин шайтон ҳар қанча ҳийла­найранг қилмасин, Пайғамбар алайҳиссаломга зарар бера олмади. Чунки у зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи шайтоннинг шарридан ҳимоялаб қўйган эди. 
Вафотларидан олдин Пайғамбар алайҳиссаломнинг дардлари оғирлашди. Шунда саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан рухсат сўрамай, у зотга дори ичириб: “Зотилжам бўлишингиздан хавотирланган эдик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг дори беришингиз шайтон васвасаси туфайли бўлган, лекин Аллоҳ таоло (шайтоннинг) менинг устимдан ҳукмронлик қилишига йўл қўймади”, дедилар.

 
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 23-сонидан