1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЛШИЕР НАВОИЙ ҲАКИМ ЗОТ ЭДИ

9-02-2021, 15:12 457 Ўқиш режими + -


    “Биз Алишер Навоийни мутафаккир шоир сифатида биламиз. Мутафаккир сўзининг маъноси тафаккур соҳиби, кенг ва чуқур фалсафий мушоҳада юритиш қобилиятига эга киши демакдир”. Бу қобилият ҳаммага ҳам насиб этмайди. Бинобарин, дунёда жуда оз ёзувчи ва шоир бу номга лойиқ кўрилган.
Навоий қолдирган меросни ҳикмат маржонлари тўла денгизга ўхшатиш мумкин. Бу денгизга шўнғиб, имкон доирасида қўлимизга илинган маржонлардан тақдим этишга ҳаракат қиламиз.
“Лайли ва Мажнун” достонида шоир шундай ёзади:
Инсонға эрур камол матлуб,
Андин дағи дарду ҳол матлуб.
Ҳар кимгаки улум бўлса восил,
Гар дардию ҳоли йўқ, не ҳосил?

Комилликни истаган инсон дард ва ҳолни ҳам талаб этмоғи, ўрганмоғи лозим. Агар инсон бир неча илмларга эга бўлсаю, унда дард ва ҳол бўлмаса, бу илм эгасига қандай фойда бериши мумкин?
Хўш, бу ўринда дард ва ҳолдан мурод не?
Профессор Нажмиддин Комилов бу икки сўзнинг ўндан ортиқ маъноларини берадилар. Ишқ, завқ, шафқат, тўғрилик кабилар бу маънолар ичидадир.
Бизнингча, Алишер Навоий бу ўринда ихлосни ҳам назарда тутмоқдалар. Муборак манбаларда ихлоснинг аҳамияти аниқ ва ўта таъсирли тарзда баён этилган. Яъни, дунёда илмига ихлос билан амал қилганларнинг нажотга эришмоқлари марҳамат қилинган.
Алишер Навоийга кўра инсон учун умидни йўқотиш катта йўқотишдир. Инчунун, ҳикматларининг бирида “Эй дўстлар, менга ҳамма нарсадан умидингни уз, воз кеч дейишингиз мумкин, аммо зинҳор Яратгувчидан умидингни уз демангиз” мазмунида бундай дейди:
Аҳбоб, денгизки, хону мондан тамаъ уз,
Не хону мон, кавну макондан тамаъ уз.
Не кавну макон, жону жаҳондан тамаъ уз,
Лекин демангиз, меники, Ондин тамаъ уз.

Ушбу ҳикматда “Оллоҳнинг раҳматидан умид узманг” ояти каримасининг мазмуни сингдирилган.
Машҳур тарихнавис Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида, Амур Темур вафот этишидан олдин юқоридаги оятни айтиб жон таслим қилганлиги қайд этилади.
Шоирнинг замондоши муаррих Хондамир “Макорим-ул-аҳлоқ” китобида қуйидаги воқеани баён этади:
Алишер Навоий бандалик вазифасини адо этгач, жамоат билан суҳбатлашар, ҳол-аҳвол сўрар, бемор ва эҳтиёжмандларнинг кўнглини кўтарар эди. Нимагадир бир куни тарки одат қилиб, қаергадир шошилиб бориб келдилар. Бу ҳолга одатланмаган жамоа қизиқиб сўраганларида ҳазрат Навоий шундай изоҳ бердилар:
“Икки елкамга салом берганда кўрдимки устимда бир чумоли турибди. Бу чумоли таҳорат олганим жойдан чиққанини билдим ва бир жонзотни ошиёнидан жудо қилмоқнинг гуноҳини, юкини ўйлаб уни ўз жойига қўйиб келдим”.
Нафақат инсонга, бир чумолига озор етказишга жасорат қилолмаган Навоийнинг ушбу сатрларини битмоғи табиийдир:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Яъни, ким кўнгли ўксик бир инсонни хурсанд қилса, йиқилган Каъбани қайтадан қурган, таъмирлаган каби савобга ноил бўлади, демоқда шоиримиз.
Ота-онага ҳурмат мавзуси ҳар шоирда бўлгани каби, Навоий ҳикматларининг асосий мавзуларидандир. Шоир, фарзанд отаси учун керак бўлса бошини, онаси учун жисмини фидо этмоғи, кундузи нур сочганлари туфайли уларнинг бирини ой, бирини қуёш деб билмоғи лозимлигини таъкидлайди:
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун-кунингға айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.

Қуйидаги тўртлик эса шоирнинг “Арбаъин” асаридан:
Оналарнинг оёғи остидадир,
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғин висолин истар эрсанг,
Бўл онанинг оёғи тупроғи.

Ҳаётнинг жуда қисқалигига доир бир неча ҳикматлар бор. Бу ҳақиқатни Навоий шундай гўзал ифодалайдики, буни ўқиган ўқувчи мутлақо таъсирланади ва тезроқ хайрли ишлар қилмоққа ғайрат этади:
Хазон сипоҳиға эй боғбон, эмас моне,
Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

Яъни, эй боғбон, сен боғингда етиштирганинг дарахтларни нақадар қўрисанг, ҳатто деворлари устини тикан билан ўрасанг ҳамки, хазон отлиғ лашкарга монелик қилолмайсан.
Мавзуга оид яна бир неча ҳикмат:
Умрга ҳеч эътимод йўқдур, эй кўнгул,

Ой ва йилни неча маст кечирурсан, ҳамон ойил.
“Вақт жафо ханжари ила умр толаларини кесади. Шундай экан, унга кўнгил боғламоқ мумкин эмаслигини фаҳмла”.
“Қачонгача умрингни айш-ишрат ва уйқу билан ўтказасан. Ғурурга маст бўлиб кўзингни зулмат пардаси ила ўрайсан? Энг яхшиси қоронғу кечаларни ихлосли тоат билан, унинг нури ила борадиган жойингни ёритсанг-чи”.
Ушбу байт эса “Ҳар нарсанинг қазоси бор аммо фурсатларнинг қазоси бўлмас” ёхуд “ҳозирги вақтингнинг қадрини бил” сўзларини эслатади:
Мозийу мустақбал аҳволин такаллум айла кам,
Не учунким, дам бу дамдир, дам бу дамдир, дам бу дам.

Мустақиллик бизга кўплаб имкониятлар қатори Алишер Навоийни англаш, рисоладагидек тушуниш бахтини берди, дея оламиз.
Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин,
Не учунким, бода келган уйга қайғу келмади.

Ушбу сатрлар мустақилликдан аввалги пайтлари, таассуфки, ҳаётдаги бода тарзида шарҳланган ва ўқувчиларга тақдим этилган эди.
Бу ўринда бодадан мурод ишқ экани сир эмас. Зеро Навоийга кўра Ишқ инсоннинг жавҳаридир ва бу неъматдан маҳрум инсон энг бахтсиз инсондир:
Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин,
Икки жаҳон демаким, жон бўлмасин.
Ишқсиз ул танки онинг жони йўқ,
Ҳуснни нетсун кишиким, они йўқ.

“Ишқ толе қуёшидир, қайғули диллар тиканзори у туфайли гулшан бўлур. Ишқ порлаган тўлин ойдир, зулмат кўнгиллар кечаси у туфайли нурафшондир”.
Алҳосил, Навоий ҳикматлари инсон қалбини маънан бойитувчи ҳаёт аталмиш саёҳатида унга йўл кўрсатувчи содиқ, самимий йўлдошдир.
Абдумурод Тилав
Манба: Азон.Уз