1442 йил 22 Ражаб | 2021 йил 05 март, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:50
Sunrise
07:04
Dhuhr
12:48
Asr
16:50
Maghrib
18:34
Isha
19:47


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСМ ОҒИРЛИК ҚИЛАДИМИ?

15-02-2021, 11:51 535 Ўқиш режими + -
Савол: Муҳаммад деб исм қўйса бола зиёни бор, оғир бўп қолади, дейишади. Шу гаплар ростми?
Жавоб: Ўғил болага Муҳаммад деб исм қўйиш жудаям яхшидир. Бирор қўшимча қўшиш шарт эмасдир. Унинг ҳеч қандай оғирлиги ҳам, зиёни ҳам бўлмайди. Аксинча фойдаси бўлади. Муҳаммад исмини ёлғиз ўзини қўйишнинг зиёни бор дейиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан беҳурматлик ҳисобаланади. Валлоҳу аълам.
Савол: Эгизак жиянларим бор, бири ўғил, бири қиз. Ўғилнинг исми Саидҳасан. Энди 6 ойлик бўлди. Жуда кўп касал бўлади. Бир домлага кўрсатишганида исми оғирлик қиляпти депти. Шу нарса Исломда борми? Исм боланинг саломатлигига таъсир қиладими? Исмини ўзгартириш керакми?
Жавоб: Жиянингизнинг исми яхши исм ҳисобланади. Бундай исмлар асло оғирлик қилмайди. Бундай исмларни оғирлик қилади дейиш хурофот эътиқодларидан ҳисобланади. Исмини ўзгартирманглар. Аллоҳ шифо берсин!
Савол: Қизимнинг қўлида холи бор. Биз унга Малика деб исм қўйгандик. Унга Холида, Норхол еки шунга ўхшаш исм қўйиш шартми? Биз нотўғри исм қўйганмизми?
Жавоб: Холи бор қизларга Холида ёки Норхол деб исм қўйиш шарт эмас. Агар шундай исм қўйиш шарт деб эътиқод қилса, бидъат ишни қилган бўлиб, гуноҳкор ҳам бўлади. Валлоҳу аълам.
Савол: Аллоҳга шукур жума куни қиз фарзандлик бўлдим. Жума куни туғилган қиз фарзандга Одина исмини қуйиш шартми?
Жавоб: Жума куни туғилган қизга Одина исмини қўйиш шарт қилинмаган. Шунинг учун Одина исмини ҳам, ундан бошқа исмни қўйса ҳам бўлаверади. Валлоҳу аълам.
Савол: Оламдан ўтган ота-онанинг исмини фарзандга қўйса, ота-онага ҳурматсизлик бўлмайдими?
Жавоб: Туғилган фарзандларга оламдан ўтган ота-она ёки улардан бошқаларнинг исмини қўйиш жоиздир. Бундаги шарт исмнинг яхши маънони англатувчи шариатга мувофиқ исмлардан бўлишидир. Агар отангизнинг исми шариатга мувофиқ исм бўлса, уни ўғлингизга қўйишда динимизда ҳеч қандай монелик йўқ. Валлоҳу аълам.
Савол: Фарзандга халифаларнинг исмларини қўйиш жоизми масалан қўшимчаси билан (Алихон, Бакирхўжа, Усмонхўжа, Умархон)? Айримлар исмга яраша инсон бўла олиш ва ўша исмнинг оғирлигини кўтариши керак дейишади?
Жавоб: Ҳа, фарзандга Пайғамбарларнинг исмини ҳам, ёки буюк саҳобалар бўлмиш – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумларнинг исмини ҳам қўйса бўлади. Унга бирорта қўшимчани қўйиш шарт эмас. Қўшимча қўймаса, оғир бўлади деган гаплар асоссиз айтилган ботил гаплардир.
Савол 2014 йил, жума куни сафар ойида туғилган қизимни Жасмина деб номладик. Баъзилар Жумагул ёки Сапаргул қўйиш керак, дейишди. Жасмина исмининг маъноси қандай?
Жавоб: Шариатимизда жума кунда туғилган чақалоққа фалон исмни қўйиш керак деган кўрсатма берилмаган. Балки ота-онага фарзандига маъноли, Аллоҳнинг бандаси эканлигини англатиб турадиган гўзал исмларни қўйишлари буюрилган. Фарзандларимизга ҳар-хил гулларнинг исмини қўймасдан чиройли исмлар қўйиб, зиммамиздаги бурчларимизни адо этайлик.
Савол: Фарзандимнинг исмини Муҳаммадюсуф деб қўйгандик. Баъзилар икки пайғамбар исмини жамлаб қўйибсиз дейишди. Шунга фарзандим исмини ўзгартиришим шарт эмасми?
Жавоб: Фарзандингиз исмини ўзгартирманг. Чунки Муҳаммадюсуф деб исм қўйиш жоиздир.
Савол: 2 ой олдин укам фарзандли бўлганди. Имронбек деб исм қўйишди. Яқинда бўйнида озгина зиёди (қўшимча эт) бор экан, ёши улуғ кишилар кўриб унинг исмини Зиёдулло қўйиш керак эди дейишибди. Бу бидъат эмасми?
Жавоб: Бу шариат эмас, одатдир. Исмнинг маъноси нотўғри бўлса, тўғрисига алмашитирш суннатда бор. Лекин зиёда аъзоси борларга Ортиқали, нори борларга Норали ва бошқа отларни қўйиш шариатга алоқаси йўқ. Одамларнинг одати холос бу! Бу ибодат маъносидаги эътиқод даражасидаги иш эмас. Шунинг учун буни бидъат эмас, одат дейилади. Исм оғир келиши деган тушунча ҳам йўқ шариатимизда. Гўзал маънога эга исм қўйишга буюрилган. Валлоҳу аълам!
Савол: Инсон ўз исми билан туғилиши мумкинми? Мисол учун рамазон ойида туғилса Рўзивой, хол билан туғилса Холида ва яна шунга ўхшаш.
Жавоб: Динимизда “инсон ўз исми билан туғилади” деган гап йўқ. Динимизда гўзал, маъноли исм қўйишни фарзанднинг ота-она зиммасидаги ҳақларидан бири деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Манба: Қадрият.Уз