1442 йил 16 Ражаб | 2021 йил 27 февраль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:59
Sunrise
07:12
Dhuhr
12:50
Asr
16:45
Maghrib
18:27
Isha
19:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ДУОДАН СЎНГ ҚЎЛНИ ЮЗГА СУРТИШ БИДЪАТМИ?

15-02-2021, 12:47 26 Ўқиш режими + -
Сўнгги пайтларда дуодан сўнг икки қўлни юзга суртиш бидъат деган сўзлар тез-тез қулоққа чалиниб қолмоқда. Аслида ҳам шундайми? Бу ҳақда Ислом олимларининг фикри қандай? Бу саволларга қуйидаги камтарона изланиш орқали жавоб топишга уринамиз.
Уламолар жумҳури яъни сўзи нуфузга эга бўлган аҳли илмларнинг, жумладан тўрт фиқҳий мазҳаб шайхларининг аксарияти дуодан сўнг қўлларни юзга суртишнинг машруъ ва мустаҳаб ишлардан эканлигига иттифоқ қилганлар. Ҳатто ҳанбалийлар (шофеъийлардан фарқлича) намоздаги қунутдан сўнг ҳам қўлларни юзга суртишга рухсат берадилар. Аҳли илмдан жуда камчиликкина дуодан сўнг қўлни юзга суртишни машруъ ҳисобламаган. Жумладан, шофеъийлардан Изз ибн Абдуссалом, ҳанбалийлардан Тақийюддин ибн Таймийя ва ҳанафийлардан айрим машойихларгина шу фикрни ихтиёр этганлар.
Энди бу борадаги аҳли илмларнинг сўзлари билан қисқача танишамиз:
Шарҳул-Ҳаскафий (яъни ад-дур ал-мухтор китоби)да (1\507) келади: “Сафо, Марва ва Арафотда эса худди дуодаги каби қўлларини кўтаради. Бу ўринда ва истисқо намозида қўлларни кўтариш мустаҳаб ҳисобланади. Хуллас, қўлларини кўкси баробарида осмонга қаратиб очади. Чунки, само дуонинг қибласидир. Икки қўли орасини (ёпиштирмасдан) бироз очиқ жой қолдиради. Совуқ ва ҳоказо каби узрли ҳолат бўлса, кўрсаткич бармоғи билан ишора қилиши кифоя. Ундан (яъни дуодан) кейин (қўлни) юзга суртиш (мазҳабимиздаги турли қавллар ичидан) энг саҳиҳига кўра суннатдир”.
Фатовои ҳиндийяда (5/318) эса шундай дейилади: “Дуодан фориғ бўлганда икки қўлни юзга суртиш масаласига келсак, бир қавлда (ليس بشيء): “бу ҳеч нарса эмас! (яъни, эътиборли гап эмас, машруъ эмас!)” дейилган. (Одатда бу ибора бирор масалага заифлик нисбати берилганда айтилади. – муаллиф). Аммо, кўплаб машойихларимиз (Аллоҳ уларни раҳматига олсин!) буни (яъни қўлларни юзга суртишни) машруъ деб эътибор қилганлар. Ва мана шу қавл (мазҳабимизда) саҳиҳ ҳисобланади. Боз устига, бу борада хабар (ҳадис) ҳам ворид бўлган. Масала “ал-Ғиёсийя”да ҳам шундай”.
Моликийя мазҳабининг мўътабар китобларидан “ал-фаваакиҳ ад-давааний алаа рисаалат Ибн Абий Зайд ал-Қайравааний” (“Ибн Абу Зайд Қайравонийнинг рисоласи шарҳидаги шовул мевалар”) номли асарда ( 2/330) шундай дейилади: “Дуода қўллар кўтариладими, кўтарилмайдими? (яъни кўтариш машруъми машруъмасми?) Агар кўтарилса (яъни кўтариш машруъ бўлса), дуодан сўнг улар юзга суртиладими, суртилмайдими?”, деган маънода аҳли илмлар ўртасида ихтилоф юзага келди. Термизийда Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуода қўлларини кўтарсалар, токи, уларни юзларига суртмагунларигача туширмас эдилар”.
Ушбу ҳадис Набий алайҳиссалом дуода қўлларини кўтарганлари ва уларни юзларига суртганликларига далолат қилади”. Яна мазкур китобнинг 2-жилд, 335- саҳифасида келтирилади: “(дуо асносида) қўлни очиш (ёзиш) борасида ҳам уламолар ўртасида ихтилоф юзага келган. Лекин, бу ишнинг зарари йўқ. Зеро, бу (яъни қўлларни очиш) бечораҳоллик ва муҳтожлик белгисидир. Шунингдек, Набий алайҳиссалом қилганларидек, (дуо қилувчи) дуодан сўнг қўлларини юзига суртиш ҳам мустаҳаб деб билинади”.
Ҳанбалийларга кўра ҳам дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш мустаҳаб амал ҳисобланади (Мустаҳаб сўзи луғатда хуш кўрилган иш маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръан қилишга тарғиб қилинган, қилса қўшимча савоб, қилмаса гуноҳ бўлмайдиган амалга айтилади. – муаллиф).
Имом Муваффақуддин Ибн Қудома ўзининг ал-Муғний китобида (1/449) бу борада шундай дейди: “Бизнинг далилимиз эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларидир: “Аллоҳга дуо қиладиган бўлсанг, кафтларингнинг ичи билан (яъни кафтларинг ичини осмонга қилиб) дуо қил! Усти билан дуо қилма (яъни дуода кафтларинг устини тепага қаратма!) Дуодан фориғ бўлгач, қўлларинг билан юзингни арт!” (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти)”.
Шофеъий мазҳабида ҳам Изз ибн Абдуссалом каби айрим машойихлардан ташқари мухтор қавл дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш машруъ ва мустаҳаб эканлигидир. Салмон Бужейрамийнинг ҳошиятул-бужейрамий алаа шарҳил-манҳаж номли китобида (1/208) шундай дейилади: “намоз ичида қўлларни юзга суртиш йўқ, намоздан ташқарида эса суннатдир. Яъни, (намозхон дуодан сўнг) иккала қўллари билан юзини артиши суннат ҳисобланади. Зеро, ворид бўлганки, дуодан сўнг қўлини суртган ҳар бир тук унинг фойдасига шаҳодат беради ва ўша тукларининг ададича (гуноҳлари) мағфират қилинади”.
Далиллар
Уламолар жумҳури дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш мустаҳаб ва машруъ ишлардан эканлигига Умар розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан, унинг отасидан ва Зуҳрийдан ривоят қилинган бир қанча ҳадиси шарифларни ҳамда бу борада салафи солиҳлардан ворид бўлган кўплаб осорларни далил қилиб келтирадилар. Гарчи мазкур ҳадислар исноди якка ҳолатда заиф бўлса ҳам, улар мажмуаси билан ҳасан даражасига етади. Ваҳоланки, заиф ҳадисга ҳам фазоилулаъмолда амал қилиш мумкинлиги ҳаммага маълум нарсадир. Қуйида мазкур ривоятлардан айримларини келтирамиз:
1. عن عمر رضي الله عنه قال كان رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا مد يديه في الدعاء لم يردهما حتى يمسح بهما وجهه
Маъноси: Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуода қўлларини кўтарганларида то уларни юзларига суртмагунларича туширмас эдилар” (Термизий ривояти).
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний “булуғул-маром”даги ушбу ҳадисга ёзган таълиқотида шундай дейди: “бу ҳадиснинг бир қанча шавоҳидлари бор. Жумладан, Абу Довуд Ибн Аббосдан ва бошқалардан худди шу маънодаги ҳадисларни ривоят қилган бўлиб, уларнинг йиғиндиси ҳадиснинг ҳасан ҳадислардан эканлигини тақозо этади”.
Имом Термизий юқоридаги ҳадисни ўз китобида келтиргач (5/131), унга “صحيح غريب حديث” “бу саҳиҳ, ғариб ҳадис” дея баҳо бериб, саҳиҳ ҳадислар туркумига киритган. Санъоний эса ўзининг “субулу-с-салом шарҳу булуғи-л-маром” номли китобида шундай дейди: “бу ҳадис дуодан фориғ бўлгач, қўлларни юзга суртиш машруъ эканлигига далолат қилади. Айтишларича, бунинг муносабати (ҳикмати) шундан иборат: Маълумки, Аллоҳ таоло дуога очилган қўлларни қуруқ қайтармайди. Демак, (дуо асносида) гўёки Аллоҳнинг раҳмати ўша қўлларга нозил бўлган ҳисобланади. Шундай бўлгач, мазкур раҳматни аъзоларнинг энг шарафлиси ва ҳурматга энг лойиғи бўлган юзга изофа қилиш муносиб иш бўлди”.
2. Соиб ибн Язид отасидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Аллоҳга) дуо қилиб, қўлларини кўтарсалар, қўллари билан юзларини силардилар (Абу Довуд ўз Сунанида ривоят қилган: 2/79).
3. عن ابن عمر قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :" إن ربكم حي كريم يستحي أن يرفع العبد يديه فيردهما صفرا ، لا خير فيهما ، فإذا رفع أحدكم يديه فليقل : يا حي يا قيوم ، لا إله إلا أنت ، يا أرحم الراحمين - ثلاث مرات - ثم إذا رد يديه فليفرغ الخير على وجهه
Маъноси: Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Парвардигорингиз ҳаёли ва карамлидир, бандаси Унга қўлларини кўтарганда уларни бирор хайрсиз, бўш ҳолда қайтаришдан ҳаё қилур. Агар бирортангиз икки қўлини (дуога) кўтарса: уч марта “йаа Ҳайю йаа Қойууму, лаа илааҳа иллаа анта, йаа арҳамарроҳимийн”, десин. Сўнгра, қўлларини туширганда (уларга инган) эзгуликни юзига тўксин”.
Ҳадсини Табароний (12/323) ва Ҳайсамий (мажмаъуззавоид: 10/263) ривоятлари.
4. عن معمر عن الزهري قال : كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يرفع يديه عند صدره في الدعاء ثم يمسح بهما وجهه , قال عبد الرزاق : وربما رأيت معمرا يفعله وأنا أفعله
Маъноси: Маъмар (Муаммар) Зуҳрийдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуода қўлларини кўксилари баробарида кўтарар эдилар сўнгра улар билан юзларини силар эдилар”. Ҳадис ровийси Абдурраззоқ айтади: “Адашмасам Маъмарнинг шундай қилаётганини (қўлларини юзига суртаётганини) кўрдим. Мен ҳам шундай қиламан”. (“Мусаннафи Абдурраззоқ”: 2/247).
Ушбу ҳадис гарчи мурсал ўлароқ ривоят қилинган бўлсада ирсоли саҳиҳ ҳисобланган ҳадисдир. Боз устига, жумҳур наздида мурсал ҳужжат бўлишга яроқли саналади. Имом Шофеий ва баъзи аҳли ҳадислар мурсал ҳадисни токи ўхшаш маънода ворид бўлган шавоҳидлари топилмаса, ҳужжат сифатида қабул қилмайдилар. Бу ҳадиснинг эса шавоҳидлари мавжуд. Шу маънода, гарчи заиф туркумига киритилса-да шоҳидлари орқали қувватланиб, ҳасан лиғойриҳ даражасига кўтарилади. Ваҳоланки, фазоилул-аъмол бўлган ишларда заиф ҳадисга ҳам амал қилса бўлади.
5. Абу Нуайм яъни Ваҳбдан ривоят қилинади: “(Абдуллоҳ) ибн Умар ва (Абдуллоҳ) ибн Зубайрларнинг дуо қилиб, кафтларининг ичини юз(лари) узра айлантираётганларини кўрдим” (Имом Бухорий: “ал-адаб ал-муфрад”: 214-бет).
Мазкур осор саҳобийларнинг ҳам дуо қилганларида қўлларини юзларига суртганларига далолат қилади. Хулоса қилиб, айтадиган бўлсак, дуодан сўнг қўлларни юзга суртиш бидъат эмас, балки, машруъ ва ҳатто мустаҳаб бўлган амал ҳисобланади.
© Алишер Султонхўжаев

Манба: ahlus sunna ижтимоий тармоғи