1442 йил 22 Ражаб | 2021 йил 05 март, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:50
Sunrise
07:04
Dhuhr
12:48
Asr
16:50
Maghrib
18:34
Isha
19:47


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЁЛ КИШИ ЭРИНИНГ РУХСАТИ БИЛАН ҚОШ ТЕРИШИ МУМКИНМИ?

16-02-2021, 16:28 953 Ўқиш режими + -


САВОЛ:
Ассалому алайкум. Аёлимнинг қош териши тўғрими? ёки Менинг рухсатим билан терса бўладими?
ЖАВОБ:
Ва алайкум ассалом. Шу нарсани яхши билмоқ лозимки, Ислом дини ҳеч қачон гўзалликка, аёлларнинг падоз қилишига қарши бўлмаган. Аксинча, бу ишларга тарғиб қилган. Аммо бу меъёрида бўлиши лозимлигини ҳам уқтирган.
Қош териш масаласи шариат рухсат бермаган масалалар туркумига киради. Буни аёл ўзи ихтиёри билан қиладими, эрининг рухсати билан қиладими, фарқи йўқ. Гуноҳкор бўлади. Агар аёлнинг бундай ишларига эр қаршилик қилмаса ёки рухсат берса, мазкур эр ҳам гуноҳга шерик бўлади. Чунки ҳадисда қош теришдан очиқ қайтариқ бор. Бунда эри рози бўлса, кифоя, деган гап умуман йўқ.
Шариатимизда аёлларнинг қош ва юздаги тукларни териши ёки тердириши, сунъий тарзда ҳуснини ўзгартириши гуноҳ саналади. Кўплаб ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам танасига сурат чиздирувчи, қош терувчи, қош тердирувчи, Аллоҳ яратган ҳуснни ўзгартириб, сунъий гўзалликка ҳаракат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар.  
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

لَعَنَ اللهُ الْوَاشِمَاتِ وَالْمُسْتَوْشِمَاتِ ، وَالنَّامِصَاتِ وَالمُتَنَمِّصَاتِ ، وَالمُتَفَلِّجَاتِ لِلْحُسْنِ المُغَيِّرَاتِ خَلْقَ اللهِ

яъни: “Баданга игна билан сурат чизувчи ва чиздирувчи аёлларга, қошни терувчи ва тердирувчи аёлларга, ҳусн учун тишларининг орасини очувчи аёлларга ва Аллоҳ яратган (шакл)ларини ўзгартирувчиларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин” (Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаий ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳ таоло яратган табиий хилқатни ўзгартирувчи аёлларга лаънат бўлиши таъкидланмоқда. Фуқаҳолар мазкур ҳадисга кўра аёл киши қоши, юзи ва пешонасидаги тукларни олиши ёки олдириши шаръан ҳаром эканига иттифоқ қилганлар. Бунга ҳозирда аёллар орасида кенг оммалашган кўз, қош  ва лабларни шаклини сунъий тарзда ўзгартириш – татуаж,  растушовка ва ботекс қилдириш кабилар ҳам киради.
Аёллар орасида бир марта қош тердирган аёл кейин доим тердириб юриш керак, чунки кейин чиққан тук – ҳаром тук бўлади, деган нотўғри тушунча юради. Динимизда қатъиян қайтарилган ишни қилиб юрганини билган муслима опа-сингилларимиз, дарҳол бу ишдан тўхтаб, тавба қилиб, солиҳ амалларга ўтишлари лозим.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, оилали аёл эрининг рухсати билан юзидаги айбли ҳисобланган тукларини олиши жоиз. Айниқса, аёлнинг юзидан соқол ёки мўйлаб чиқса, жумҳур уламолар ўша тукларни олиб ташлаш мустаҳабдир, деганлар. Сабаби аёлнинг эри учун зийнатланиши шариат талабидир (манба “Раддул мухтор” китоби).
Шунингдек, жумҳур уламолар аёл кишининг қўли, оёғи, қорни ва баданининг бошқа жойларидаги тукларни олиши мумкинлигини айтишган. Моликий мазҳаби фуқаҳолари эса бу ишни вожиб, дейишган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
фатво ҳайъати.