1442 йил 16 Ражаб | 2021 йил 27 февраль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:59
Sunrise
07:12
Dhuhr
12:50
Asr
16:45
Maghrib
18:27
Isha
19:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚУРЪОН НОЗИЛ ҚИЛИНГАН ТИЛ

20-02-2021, 09:23 21 Ўқиш режими + -



     Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
     Араб тили Аллоҳ азза ва жалла томонидан ўзининг сўнгги ҳамда мукаммал дини – Ислом учун ихтиёр этилгани ва мазкур дин дастури Қуръони карим ҳам араб тилида нозил қилингани ҳеч кимга сир эмас, албатта. Шундай экани борасида Аллоҳ ўзининг китоби “Зухруф” сурасининг 3-оятида: “Албатта, Биз уни арабча Қуръон қилдик. Шоядки, ақл юритсангиз” дея марҳамат қилган.[1] 
Араб тили исломгача бир қадар тартибсиз, қоидалари маълум бир низом асосида ишлаб чиқилмаган, аммо луғат бойлиги жиҳатидан ҳам, ифода фасоҳати жиҳатидан ҳам бошқа тиллар орасида ажралиб турар эди. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида қуйидагича маълумотлар бор: “Араб тили сомий тиллар гуруҳининг жанубий тармоғига мансуб. Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Африка шимолидаги йигирмадан ортиқ мамлакатнинг расмий тили ҳисобланади. Араб тилида 200 миллиондан ортиқ аҳоли гаплашади (1997). Қадимий араб тили милоддан аввалги 5-4 асрларга тааллуқли обидалар орқали маълумдир. У мумтоз араб тилининг пайдо бўлишига замин бўлган. Мумтоз араб тилининг лексик ва грамматик шаклланиши жоҳилия даври (5-7аср) шоирларининг оғзаки ижодларида намоён бўла бошлаган. Қуръони Каримнинг нозил бўлиши натижасида мумтоз араб тили бадиияти янада гўзаллашди ва грамматик меъёрлари мукаммаллашди. 8-9асрларда мумтоз араб тили грамматикаси ишлаб чиқилди. Ислом ёйилган ўлкаларда расмий ва илмий тил бўлиб қолди”.[2]
Юқоридаги фикрлар орасидан барчамиз учун бирдек манфаатли  бўлган қуйидаги жумлага эътиборингизни қаратмоқчиман: “Қуръони Каримнинг нозил бўлиши натижасида...”. Ҳа, дарҳақиқат, араб тили қуръоний,  исломий  ҳамда набавий[3]  тилга айлангандан сўнггина, дастлаб ўзининг сомий тиллар гуруҳи орасида, кейинчалик эса бутун дунё тиллари ичида нуфузли ўринга эга бўлди. Араб тилининг шарафи, қадри фано дунёсидан сўнг ҳам давомий бўлиши ҳақида Расулуллоҳнинг ҳадислари ҳам  мавжуд. Фикримизни Имом Табаронийнинг “Муснад”китобларида ривоят қилинган қуйидаги ҳадис[4] орқали қувватлаймиз: “Арабларни уч нарса учун яхши кўринглар! Боиси, мен араб(пайғамбар)ман, Қуръон ҳам араб тилида(нозил бўлган) ва аҳли жаннатнинг тили ҳам араб тилидир”. 
Юқорида кетирганларимиз араб тили, унинг тарихи ва фазилатлари борасидаги лўндагина сатрлар эди, холос. Илмий адабиётларда бу борадаги маълумотлар етарлича мавжудлиги боис, фикрни мухтасар этсак.
Ҳозирда араб тили ер юзидаги 500 миллионга яқин инсонлар учун она тили ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг ҳалқаро сўзлашув тили ҳисобланади. Араб тили дунёдаги 22 та араб давлатининг расмий тили бўлиб, улар шу тилда гаплашади. Қолаверса, араб тили ҳозирда олтита жаҳон тилларининг бири ҳисобланади.
Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу: “Араб тилини ўрганинглар, чунки у динингиздандир.”, деганлар. (Байҳақий ривояти)
Бошқа бир ривоятда: “Араб тилини ўрганинглар, чунки араб тили мурувватни зиёда қилади” деганлар. (Байҳақий ривояти)
Араб тили дунёдаги тиллар ичида кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. Луғат бойлиги билан ва қоидаларининг турли-туманлиги, бир сўзни бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги, комиллиги билан бошқа тиллар ичида ажралиб туради. Балки, дунёда шеваларининг жуда кўплиги билан ҳам аввалги ўринлардан бирини эгаллайди.
 
Тошқулов  Махтумқули – Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
 
[1]  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири ҳилол” 2018-йил. Ҳилол-нашр.
[2] Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. Тошкент. 1-жилд. 2000 йил
[3] Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гаплашганлари учун ҳам шундай номланади.
[4] Ҳадиснинг санади саҳиҳ эмас. Бироқ, бу маълумот ушбу ўринда зарур эмаслиги боис, уни алоҳида қайд этдик.