1442 йил 16 Ражаб | 2021 йил 27 февраль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:59
Sunrise
07:12
Dhuhr
12:50
Asr
16:45
Maghrib
18:27
Isha
19:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИБН ҲОЖИБ РОҲИМАҲУЛЛОҲ – БУЮК АЛЛОМА

20-02-2021, 09:51 24 Ўқиш режими + -



Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
     Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳ  наҳвшунос олим, моликий мазҳаби фақиҳи бўлганлар. У кишининг тўлиқ исмлари Абу Амр Усмон ибн Умар  Жамолиддин ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳдир. У кишининг оталари Амир Иззуддин Солаҳийнинг қўлида хизматчи бўлиб ишларди. Шу боисдан шу ном билан машҳур бўлганлар. Асли у киши курд миллатига мансуб бўлган. Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳ Мисрнинг Асно деган жойида 570-ҳ/1174-милодий санада туғилганлар. У киши ёшлик чоғларида Қоҳирада Қуръони Каримни ўрганиш билан машғул бўлганлар. Кейин моликий мазҳабининг фиқҳини ўрганишни бошлайди, ундан сўнг арабий илмларни ўрганишни астойдил бошлайдилар. Кейинчалик илмларини мустаҳкамлаб, бағоятда етук даражага етиб борадилар. 
Маълум вақтдан сўнг Дамашққа кўчиб ўтадилар ва у ерда дарс бериш билан шуғулланадилар ва ўз илмларини янада мустаҳкамлаб, араб тили бўйича етук олим бўлиб етишадилар. Шундан сўнг яна Қоҳирага қайтиб келадилар. Шу ерда бир муддат яшайдилар ва кўпчилик кишилар Ибн Ҳожибнинг этакларидан тутиб,  у кишини кўп машғул қилиб қўйганлари боис имом   Искандарияда яшаш учун кўчиб ўтадилар. Бироқ, у ерда ҳам узоқ муддат яшаш насиб этмади ва 646-ҳ/1249-милодий санада вафот этадилар. 
Ибн ҳожиб роҳимаҳуллоҳ илмга ўта ҳарис бўлганлар. У кишининг арабий илмларни, хусусан, наҳвшунос олим бўлиш жараёнлари ҳам асосий илмий ва толибий фаолиятларидандир. Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳ Имом Сибавайҳнинг китобларини ўрганадилар. У китобни ўрганишлари жараёнида китобга шўнғиб кетади ва баъзи тарихий маълумотларда келишича, ҳатто  у китобга "شرح كتاب سبويه" номли шарҳ ҳам битган эканлар. Кейинчалик Имом Замахшарийнинг “Муфассал”ларини ўқиб ўрганадилар. У китобни ҳам ғоятда қаттиқ эҳтимом билан ўрганиб у китобга   "ألإيضاح" номли шарҳ ёзадилар. Бундан ташқари бошқа арабий илмлар борасидаги матнлардан ҳам кўп фойдаланганлар. 
Арабий илмларни ўрганиш борасидаги анчайин заҳматларидан кейин Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳ ўзлари ҳам наҳв илми борасида бир китоб ёзишни ният қиладилар. Аллоҳдан мадад сўраб бу хайрли ишга киришадилар. Имом ўзларининг “Кофия” номли асарларини ёзишда аввалги китоблардан ўзгача, янгича бир услубни қўллайдилар. Мусанниф асарни битишда китобнинг кенг қамровли аммо лафзлари мухтасар, қисқача бўлишига кўп аҳамият қаратадилар. Натижада “Кофия”  лафзлари содда, маъноси шомил, Имом Замахшарийнинг китобларида келган маълумотларни қамраб олган китоб сифатида майдонга чиқди. Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳ асарини Замахшарийнинг “Муфассал”идаги каби боб ва қисмларга ажратган. Бироқ, баъзи ҳар хилликлар ҳам учрайди. “Кофия”нинг ўзига хос жиҳатларидан бири, унда сарф ҳақидаги маълумотлар аралашиб кетмаган. Аксинча, ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳ сарф илми борасида алоҳида “Шомила”  асарида батафсил тўхталиб ўтган.
Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳнинг илмий мероси жуда бой ва мўьтабардир. У кишининг наҳвий ва сарфий асарлари ўнга яқиндир. 
Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳнинг наҳв ва сарф илмларидан бошқа мавзуларда битилган асарларининг сони ҳам анча салмоқли рақамларни ташкил этади. Бу эса кўп кишилар у зотни фақатгина наҳвшунос олим сифатида танишларининг маълум маънода хато эканлигини кўрсатади.
  
 
Тошқулов Махтумқули - Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси