1442 йил 16 Ражаб | 2021 йил 27 февраль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:59
Sunrise
07:12
Dhuhr
12:50
Asr
16:45
Maghrib
18:27
Isha
19:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АБДУЛЛОҲ ИБН АМР АНГЛАБ ЕТГАН СИР

20-02-2021, 11:23 21 Ўқиш режими + -



Абдуллоҳ ибн Амр англаб етган сир

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом ҳузурларида ўтирар эканмиз, у зот алайҳиссалом: “Ҳозир мана шу дарадан (водийдан) олдингизга жаннатий киши кириб келади”, дедилар». Шу вақт соқолидан таҳорат суви томиб турган ансорлик одам кўринди. У кавушини чап қўлига кўтариб олганча келиб, салом берди.

Эртаси куни Набий алайҳиссалом яна кечаги гапларини такрорладилар. Худди кечагидек яна ўша одам келди. Учинчи куни ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи кун айтган гапларини такрорладилар. Ҳалиги ансорий яна шу тарзда кириб келди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кетганларидан кейин, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу ҳалиги одамнинг ортидан эргашиб борди. Кейин эшигини тақиллатиб: “Отам билан аразлашиб қолдим. Уч кун унинг олдига бормасликка қасам ичдим”, деб баҳона қилди ва: “Уч кунгача уйингиздан бошпана бериб туроласизми?” деб сўради. Ансорий рози бўлди.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу айтади: «Абдуллоҳ ансорийнинг уйида уч кеча тунаганини гапириб берди: “У бирор марта кечаси (намозга) турганини кўрмадим. Фақат ўнг ёки чап томонига ёнбошлашидан олдин Аллоҳ таолони зикр этар, улуғларди. Бу ҳол бомдод намозига қадар давом этарди. Намоз вақти кирганида ўрнидан турарди».

Абдуллоҳ сўзида давом этади: “Булардан ташқари, у фақат яхши гапларни сўзларди. Уч кун ўтгач, унинг амалларини арзимас санадим ва унга: “Эй Абдуллоҳ, отам билан орамизда ҳеч гап ўтмади. Лекин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч бора: “Ҳозир мана шу дарадан (водийдан) олдингизга жаннатий киши кириб келади”, деганларини эшитдим. Уч бор сен кириб келдинг. Кейин уйингда тунаб, амалларингдан хабар топиб, сўнг уларга эргашмоқчи бўлдим. Лекин катта бир амал қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (очиқ) айтмаган сендаги нарса нима?” деб сўради. Ансорий: “Сен кўрган нарсаларингдан ортиғи менда йўқ”, деб жавоб қилди.

Абдуллоҳ айтади: “Унинг ёнидан кетдим. Ҳали у қадар узоқлашмасимдан бурун мени чақирди ва: “Сен кўрганбилганларингдан бошқа амалим йўқ. Фақат бир амалим бор. Мен ҳеч кимга ҳасад қилмайман”, деди. Шунда Абдуллоҳ: “Сен эришган ва биз эришолмаган нарса мана шудир”, деди (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳасад – энг хавфли иллат. У осмонда ва ерда содир этилган энг биринчи гуноҳдир. Худди олов ўтинни кул қилгани каби яхшиликларни кетказади. Ҳасад – Абу Жаҳл ҳамда Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулни имон неъматидан маҳрум этди. Мунофиқларни мусулмонларга қарши қайради. Кичик Юсуфни қудуққа ташлатди. Отасидан 40 йил фироқда яшаттирди. Адоват, ноҳақ қон тўкиш, бахтсизлик, ришталар узилишининг барига ҳасад сабабдир.

Набий алайҳиссаломнинг: “Ҳозир мана шу дарадан (водийдан) олдингизга жаннатий киши кириб келади”, деб башорат беришларида ансорийнинг қалби ҳасаддан фориғ эканининг исботидир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳам: “Сен эришган ва биз эришолмаган нарса мана шудир”, деб ансорийнинг нақадар буюк мақомга эришганини эътироф этишидир.

Набий алайҳиссалом яна бир ҳадисда бундай огоҳлантирганлар: “Огоҳ бўлинглар, инсонда бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, аъзоларнинг барчаси тузалади. Агар у бузилса, қолган аъзолар ҳам бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир” (Муттафақун алайҳ).

Демак, қалб мўминнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғломлиги гаровидир. Ҳасад, нафрат, гина­кудурат каби иллатлардан фориғ қалб соғломдир. Бандани Раббиси ҳузурида буюк мақомга эриштиради. Мол­дунё ва фарзандлар ҳам фойда бермайдиган кунда фақат соғлом қалб эгаларигина ютуққа эришадилар.

Албатта, инсонга намози, рўзаси, закоти, Қуръон тиловати фойда беради. Лекин булардан­да кўпроқ қалбининг поклиги, яъни ҳасад, гина­кудурат, нафрат каби иллатлардан покланиши фойда беради. Сабаби, жаннатга йўл қалбнинг поклигига кўра очилади. Андижон шаҳридаги «Қорақўрғон» жоме масжиди имом-хатиби 
Зуҳриддин МУСОЖОНОВ
тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 12
-сонидан
Манба: Ҳидоят.Уз