1442 йил 22 Ражаб | 2021 йил 05 март, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:50
Sunrise
07:04
Dhuhr
12:48
Asr
16:50
Maghrib
18:34
Isha
19:47


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲАЛОЛ ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР (2-ҚИСМ)

20-02-2021, 16:57 32 Ўқиш режими + -
      
      Аллоҳ таоло кимни мусулмонларнинг ҳожатларини чиқаришга муяссар қилган бўлса, бу у киши учун катта бахт ва улкан шарафдир.
Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва мана шундай мартабани берган Аллоҳга доимо ҳамд айтиб, бу эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Бу ҳақда  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ، مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ҳар бир тадбиркор қўни-қўшни, қавму қариндошлари ичида иш топа олмаётган кимсаларга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаб, иш билан таъминлаб, бола-чақасини ҳалол касб билан таъминлашига сабабчи бўлса, юқоридаги ажру савоб ва ваъдаларга эришади, иншааллоҳ.
Афсуски, бугунги кунимизда баъзилар томонидан содир бўлаётган тош-тарозудан уриб қолиш, шартнома ва ваъдага вафо қилмаслик, шубҳали ёки сифатсиз (халққа зарарли) маҳсулотларни сотиш, хизматни сифатли бажаришга аҳдлашиб, аҳдини бажармаслик, халққа зарур бўлган озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг нархини асоссиз, сунъий равишда қиммат қилиш каби ишлар шариат чегарасидан чиқиш ва Аллоҳни ғазабига дучор бўлишдир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло саховатли, мард ва ўзгаларга фойдаси тегадиган кишиларни севади. Киши халққа фойда келтира олмаётган бўлса, ҳеч бўлмаса, зарари тегмай туришининг ўзи ҳам катта ёрдам! Мана шунинг ўзи тақво бўлади. Шунинг учун ҳам Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳга тақво ҳақида бирорта китоб ёзиб беринг дейилганда: “Ана савдо-сотиқ ҳақида китоб ёзиб қўйибман-ку!”, – деган эканлар. Демак, кишининг тақвоси ўзаро олди-берди муомалаларида ва бандалар олдидаги ўзининг бурчларини ўтаётганда ҳам билинади.
Муҳтарам азизлар! Уламоларимиз тирикчилик учун касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даража ва мартабаларга бўлганлар.
Биринчиси – фарз даража бўлиб, бу кишининг ўзи ва оиласининг зарурий эҳтиёжларини қондириш ҳамда қарзларини узишга етадиган миқдордаги маблағни топишдир.
Иккинчиси – мустаҳаб даража бўлиб, бу ўзининг эҳтиёжидан ташқари фақир-камбағалларга ҳам ёрдам бериш, дўст-ёр ва яқинларига мурувват кўрсатиш мақсадида мол-дунё орттиришга ҳаракат қилишдир. Ўзгаларга ёрдами тегадиган кишини Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаб бундай деганлар:
"أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ  لِلنَّاس"
(رواه الإمام الطبراني عَن ابْنِ عُمَر رضي الله عنهما)
яъни: “Одамларнинг ичида Аллоҳга энг маҳбуби одамларга кўпроқ манфаати етадиганидир (Имом Тобароний ривоятлари).
Учинчиси – мубоҳ даражадаги касбу кор. Бу фаровон ҳаёт кечириш учун зиёда мол орттирмоқ. Бу ҳам агар ҳалолдан бўлса жоиздир. Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
"مَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا اسْتِعْفَافًا عَنِ الْمَسْأَلَةِ  وَسَعْيًا عَلَى الْعِيَالِ وَتَعَطُّفًا عَلَى الْجَارِ  لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَوَجْهُهُ كَالْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ"
(رواه الإمام البيهقي عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ  رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
яъни: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш  учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой каби порлаган ҳолда Аллоҳга йўлиқади” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Тўртинчиси – макруҳ даража бўлиб, бу манманлик, кеккайиш, кибру ҳаво ва мақтаниш учун гарчи ҳалолдан бўлса ҳам мол-мулк топиш. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"وَمَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا مُفَاخِرًا مُرَائِيًا مُكَاثِرًا لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَهُوَ عَلَيْهِ غَضْبَانُ"
(رواه الإمام البيهقي عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ  رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
яъни: “Ким мол-дунёни мақтаниш, кўз-кўз қилиш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолога унга ғазаб қилган ҳолида йўлиқади” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Шунинг учун Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"مَنْ بَاتَ كَالًّا مِنْ طَلَبِ الْحَلالِ بَاتَ مَغْفُورًا لَهُ"
(رواه الإمام ابن عساكر عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُا)
яъни“Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда ўрнига ётса, туни гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтади” (Имом Ибн Асокир ривоятлари).
 Дарҳақиқат, ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилиш бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ
وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ  
(سورة سباء/39)
 яъни: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39- оят).
Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон, юртимиз тинч, Осмонимиз мусаффо бўлади.
Аллоҳ таоло барча тадбиркорларимизнинг касбу корларига барака бериб, ҳалолдан ризқ-рўз топишни насиб айлаб, халқимиз турмушида фаровонликни янада зиёда айласин! 
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди