1442 йил 16 Ражаб | 2021 йил 27 февраль, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:59
Sunrise
07:12
Dhuhr
12:50
Asr
16:45
Maghrib
18:27
Isha
19:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

УСТОЗ ВА ШОГИРД МУНОСАБАТЛАРИ (2-ҚИСМ)

22-02-2021, 19:06 24 Ўқиш режими + -
     

    Устоз   қанчалик    буюк   бўлмасин,    таълим жараёнида қанчалик    ютуқларга     эришмасин,    ўз    билим     тажрибасини    ишончли шогирдларда қолдирмаса, унинг эришган ютуқлари сувга тушган тошдай изсиз йўқолади. Бобокалонимиз ҳазрат Навоий бу борада қуйидаги мисрани битган эди: “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб тупроққаму кетгумдир охир”.
    Қадимда ҳар бир ҳунар муқаддас ҳисобланган бўлиб, уни ҳурматлаб, эъзозлаб келганлар. Ота-боболаримиз устоз ва шогирдлар учун ўзига хос одоб-ахлоқ, махсус қонун-қоидалар, урф-одатлар, дуолар, миллий анъаналарни ишлаб чиққан бўлиб, бу қоидаларга қатъий риоя қилинган. Устознинг ҳам, шогирднинг ҳам олдига қўйилган ўзига яраша вазифалари ва бурчлари бўлган. Ризоуддин Ибн Фахриддин устозларга шундай насиҳат қилган эди: “Шогирдингизни ҳар бир ҳаракатларига қараб турингиз, уларга хушмуомалаликларни, гўзал-у шафқатли одатларни тушунтирингиз, сўзларини-ю феълларини яхшилангиз, уст-бошларини, кийим-кечакларини пок тутмаклари ҳақида назорат айлангиз. Ёмон хулқлар юқумли бўлганидан бир шогирднинг ёмон хулқи борлигини билсангиз, жумласини баробар кўриб, жумласи фойда олажак равишда ўргатингиз, фойдали ишлар, керакли адабларнинг жумласидан хабардор айлангиз, натижада бола мумкин қадар режа ила иш қилмоқ, эҳтиёткорлик, поклик, кўркам тартиб, кўп фойдасига тиришмак каби хосиятларингизни эгаллаб олади”.
        Шогирд устозни ҳурмат қилиши ва унинг меҳнатини қадрига етмоғи керак.    Бир ҳакимдан нима учун сиз устозингизни отангиздан кўра ҳурмат қиласиз? – деб сўрашди. У бундай жавоб берди, отам дунёга келишимга сабабчи бўлган бўлса, устозим ҳаётим борича яхши яшашимга сабаб бўлди.
         Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий Абдураҳмон Жомий яшайдиган маҳаллага яқин келганда отдан тушиб, устози яшайдиган маҳалла аҳли билан қуюқ саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраб, отига минмай Жомий уйигача пиёда борар экан. Шунда бир темирчи сўрабди: “Амир Навоий, нечук устоз уйига етмай туриб отдан тушиб оласиз? Ахир сиз вазири аъзамсиз-ку! Сизга бундоқ юриш ярашмас”. Алишер Навоий жилмайиб туриб, шундай дебди: “Йўқ биродар, мен ҳозир устозим Абдураҳмон Жомий яшайдиган маҳаллага келдим. Демак, бу ерда яшовчи ҳар бир фуқаро устозимнинг тобуткашлари ҳисобланади. Шундоқ бўлгач, нечун мен улар, яъни сиз муҳтарамлар олдида ҳурматсизлик қилишим керак. Устозимни қандоқ авайлаб-эъзозласам, сизларни ҳам шундоқ кўргумдир”.

 (давоми бор)   
 
                                                   Р. Усмонов, 
Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг Қашқадарё вилояти вакили