1442 йил 22 Ражаб | 2021 йил 05 март, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:50
Sunrise
07:04
Dhuhr
12:48
Asr
16:50
Maghrib
18:34
Isha
19:47


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РИВОЖЛАНИШДА ОРТДА ҚОЛГАНИМИЗНИНГ САБАБИ ШУКИ (1-2- қисмлар)

23-02-2021, 14:40 227 Ўқиш режими + -

      Ривожланишдан ортда қолганимизнинг сабаби шуки...
Эътиборингизга “Azon kitoblari” нашриётида чоп этилаётган доктор Роғиб Саржоний қаламига мансуб “Ислом ва олам” номли китобдан парчалар ҳавола этмоқчимиз... 
Мазкур китобда Ислом оламининг кечаси, бугуни ва эртаси таъриф ва тасниф этилган. Ислом уламолари нафақат диний илмларда, балки дунё тамаддунига асос бўлган барча илмлар – география, математика, тиббиёт ва физика каби фанларда пешқадам бўлганлар, улкан илмий мерос қолдирганлар. 
Шунингдек, ушбу китобда олим ва уламо бўлиб етишиш йўллари, уламоларнинг бу борада чеккан заҳматлари, олимларнинг толиби илмларга тавсиялари, уларнинг ахлоқ ва тақволари ҳақида латиф хабарлар келтирилади.  

Муқаддима

Аллоҳга чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин! 
Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, истиғфор айтамиз. 
Нафсларимизнинг ёмонлиги, амалларимизнинг ёвуз­лигидан Аллоҳга илтижо қиламиз. Аллоҳ кимнинг қалбига ҳидоят уруғини сепса, ҳеч ким ундан мосуво қилолмас. Аллоҳ кимни адаштирса, ҳеч ким уни тўғри йўлга бошлай олмас. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман. Аллоҳнинг салавот-саломлари у зотга, саҳобаларига, оила аъзоларига ёғилсин. Аммо баъд.
Ислом уммати – буюк умматдир. Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Аллоҳ Ислом уммати энг яхши уммат эканини шундай марҳамат этган: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз (эй мусулмонлар!)” (Оли Имрон сураси 110-оят).
Яратганнинг бу марҳамати мусулмонларга таскин бериб, қалбларида ишонч уйғотади, қанча замон ўтмасин, умматнинг энг яхшиси эканига амин бўладилар.
Ғайридинлар бугунги Ислом умматидан дунёвий илм борасида ўзиб кетиши мумкин, бунга Аллоҳнинг ушбу сўзи далил бўлади: “Биз шу (ғалаба) кунларни (кетма-кет) алмаштириб турамиз” (Оли Имрон сураси ­140-оят). Бирорта уммат абадий энг кучли бўлиб қолмайди, балки улар навбати билан Ерда етакчи бўлади. Ислом уммати ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмаслигини Аллоҳ ваъда қилган: “Оқибат (яхшиликлари) эса тақводорларга (тегишли)дир” (Аъроф сураси 128-оят). “Биз Зикрдан сўнг Забурда: “Албатта, (жаннатдек) ерга фақат Менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар”, деб ёзиб қўйгандирмиз” (Анбиё сураси 105-оят).
Биз Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар суннатида шаръий аҳкомларни, шунингдек, умматнинг аввали қандай азиз бўлганини билишимиз билан бир қаторда, ўз тарихимизда ташқари бошқаларнинг тажрибаларини ўрганиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Баъзи диндошларимиз Ғарб тажрибасини ўрганишга қарши, сабаби – улар таъсиридан ўзлигимиздан узоқлашиш хавотиридир. Албатта, бу ўринли. Лекин ўз қадриятларимиздан воз кечмаган ҳолда инсоният тажрибасини ўрганиш зиён қилмайди.
Фарз ва суннат, тарих, бугунги воқеликни синчиклаб ўрганишдан маълум бўлдики, уммат ўзини тиклаши учун бир неча зарур омиллар бор. Уларнинг энг биринчиси – ИЛМдир.
Илм олмоқ, эътиқодидан қатъи назар, ҳар бир инсонга зарурдир. Бунга далиллар Китоб ва суннатда беҳисоб келтирилган. Ушбу китобда улар билан танишамиз.
Мусулмонларга шаръий илмлар билан бирга тиббиёт, жуғрофия, кимё, физика каби ҳаётий илмлар ҳам зарур. Чунки, булар мусулмонларнинг ҳам турмуш тарзини яхшилайди, ҳаётини гўзаллаштиради.
Бугунги уммат илм масаласида мақтана олмаслиги сир эмас. Ваҳоланки, Қуръони карим, пок суннат, солиҳлару авлиёлар илм уммат азиз бўлишининг асосий омили эканини таъкидлайди. 
Қуръон саҳифаларини, Пайғамбар суннатини қайта-қайта ўқиб, саҳобалар, тобеинлар ҳаётини ўрганганим, уламолар сийратларини ўқиганим, тараққий этган миллатлар тажрибалари билан танишганларим ҳосиласи ўлароқ қўлингиздаги китоб пайдо бўлди. 
Мусулмонлар ушбу китоб орқали манфаат топишини, кўзларимиз бу уммат иззатини кўриши сабаб қувнашини, ожизона уринишим савоб дафтаримга ёзилишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламан. Аллоҳнинг розилигини ният қилдим, Ўзи тўғри йўлга бошласин.
Муаллиф ҳақида
Доктор Роғиб Ҳанафий Саржоний Қоҳира университетининг жарроҳлик бўйича профессори. Дунёда таниқли islamstory.com сайтининг муассиси. Ислом тарихи билан жиддий шуғулланади. Фикрий ва тарихий мавзулардаги 50 дан ортиқ китоб муаллифи. Китоблари инглиз, рус, испан ва жаҳоннинг бошқа тилларига ўгирилган.


(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм)

Манба: Азон.Уз