ДИНИМИЗДА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ЭЪТИБОР
(1-қисм)
Ислом дини инсонни азиз ва мукаррам зот сифатида улуғлагани ҳамда инсон ҳаётининг руҳий ва маънавий жиҳатдан комилликка етишишига катта эътибор бергани ҳаммамизга маълум. Кўпчилигимиз динимизда асосан мана шу жиҳатга аҳамият қаратилган деб ўйлаб, ҳаётнинг жисмоний ва моддий томонига эътиборсизлик қиламиз. Агар биз динимиз таълимотларини чуқурроқ ва теранроқ ўрганадиган бўлсак, унда инсон ҳаётининг бу қиррасига ҳам аввалгисидан кам эътибор қаратилмаганини кўришимиз мумкин. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:
﴿اَلْمُؤْمِنُ الْقَوِيُّ خَيْرٌ وَأَحَبُّ إِلَى اللهِ مِنَ الْمُؤْمِنِ الضَّعِيْفِ﴾ (رواه الإمام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه).
яъни, “Кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари)
Ушбу ҳадиси шарифдаги куч-қувватни Имом Нававий ва айрим уламолар тақводаги, ибодатдаги куч-қудрат деган бўлсалар ҳам, бошқа уламолар жисм ва тананинг бақувват бўлиши деб шарҳлашган.
Мусулмоннинг кийимлари, бадани ва жойлари доимо озода ва пок бўлишига шариатимиз буюрган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло:
وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ
яъни: “Кийимларингни покла” (Муддассир сураси 4-оят) деб, марҳамат қилган бўлса, Пайғамбаримиз алайссалом ўзларининг бир ҳадиси шарифларида:
﴿ إنَّ اللهَ تَعَالَى طَيِّبٌ يُحِبُّ الطَيِّبَ، نَظِيْفٌ يُحِبُّ النَّظَافَةَ، كَرِيمٌ يُحِبُّ الكرَمَ، جوَادٌ يُحِبُّ الجُودَ،
فَنَظِّفُوا أَفْنِيَتَكُمْ﴾ (رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Албатта Аллоҳ – покдир, покликни яхши кўради; тозадир, тозаликни яхши кўради; олийжанобдир, олийжанобликни яхши кўради; сахийдир, саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар!”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
Мазкур ва бошқа оят карима ҳамда ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, Ислом дини инсон саломатлигининг энг биринчи омилларидан бўлган покликка жуда катта эътибор қаратган. Шу ўринда мазкур ҳадиси шарифдан олинаётган яна бир ибратга диққатларингизни қаратмоқчимиз. У ҳам бўлса – Исломда теварак-атроф покизалигида бошқаларга ўрнак бўлишга чақирилганидир. Афсуски, бугунги кунимизда биз бу масалада намуна бўла олмаётгандекмиз. Бизнинг динимизда тарғиб қилинган поклик, тозалик, озодалик, гигиена ва бошқа жиҳатларга бошқалар бизни чақираётгандек, кўринади.
Келажак авлодни ҳар томонлама баркамол ва соғлом қилиб тарбиялашнинг асосий омилларидан бири – бу тўғри овқатланишдир. Ғарб тиббиёти намоёндаларининг эътирофларига кўра, инсоният Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги биргина ўгитларига амал қилиб яшаганида дунёдаги мавжуд касалхоналарнинг аксарига эҳтиёж қолмаган бўлар эди. У Зот алайҳиссалом бундай деганлар:
﴿ مَا مَلَأَ ابنُ آدَمَ وِعَاءً شَرًّا مِنْ بَطْنِهِ حَسْبُ ابْنِ آدَمَ أُكلاتٌ يُقَمْنَ صُلْبَه فَإِنْ كَانَ لاَ مَحَالَةَ فَثُلُثٌ لِطَعَامِهِ
وَثُلُثٌ لِشَرَابِهِ وَثُلُثٌ لِنَفْسِهِ ﴾ (رواه الإمام الترمذي).
яъни: “Одам боласига тўлдириш учун қорнидан кўра ёмон идиш йўқ. Инсонга қаддини кўтарадиган луқмалар кифоя. Агар иложи бўлмаса, қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафаси учундир” (Имом Термизий ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда айтилгани каби кам овқатланиш ва тез-тез нафл рўзалар тутиш орқали баданга роҳат беришнинг инсон саломатлигига фойдаси бугунги кунимизга келиб, барчага маълум бўлиб улгурган айни ҳақиқатдир. Ушбу ҳақиқатни тасдиқловчи ояти каримада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
وَكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُوا
яъни: “Еб-ичинглар ва лекин исроф қилманглар” (Аъроф сураси 31-оят).
Исроф қилиш бу – меъёридан ортиқча ейишдир.
(Давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди