1442 йил 07 Шаввол | 2021 йил 18 май, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:48
Sunrise
05:22
Dhuhr
12:33
Asr
17:36
Maghrib
19:45
Isha
21:19


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ДИНИМИЗДА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ЭЪТИБОР (2-ҚИСМ)

25-02-2021, 10:01 42 Ўқиш режими + -
  

     Соғлом турмуш тарзининг ажралмас томонларидан бири – бу жисмоний фаолликдир. Бошқача айтганда, танани чиниқтирадиган жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишдир. Ислом динида бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада умматларига таълим беришлари билан бирга, ўзлари уларга ўрнак бўлганлар.
Имом Муслим ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳим келтирган ривоятда саҳобалардан Салама ибн ал-Акваъ разияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз йўлда юриб борар эдик. Ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши: “Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани ким мусобақа қила олади?” – деди. “Ҳурматли кишини ҳурмат, шарафлини шарафини риоя қилмайсанми?” – дедим. “Фақатгина Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламни”, – деди. “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ота-онам Сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай”, – дедим. “Хоҳишингиз бўлса, майли”, – дедилар У Зот. Мадинага ундан илгари бордим”.
Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобалари ичида доимий спорт мусобақалари бўлиб турганини билиб оламиз.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидаги ҳикоя келади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Батҳода эдилар. У Зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язид қўй-эчкиларини ҳайдаб келади ва: “Эй, Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!” – деди. “Совринга нима қўясиз?” – дедилар. “Қўйларимдан бирини”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона: “Яна қайта тушасанми?” – деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у: “Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким елкамни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган Сиз эмассиз!”, – дедида, Исломга кирди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга қўйларини қайтиб бердилар”.
Имом Бухорий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва: “Отинглар! Эй Бани Исмоил! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бани фулон биланман!” – дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?” – дедилар. Улар: “Сиз улар билан бўлсангиз, қандоқ қилиб ҳам отар эдик”, – дейишди. У Зот: “Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!” – дедилар.
Юқоридаги ҳадис шарифлардан хулоса қиладиган бўлсак, Расулуллоҳ алайҳиссалом нафақат ўзлари жисмоний тарбия билан шуғулланганлар, балки спортни ўз аҳли оилаларига олиб кирганлар. Саҳобалари ўртасида мусобақалар ўтказганлар. Ҳатто мусулмон киши билан мусулмон киши ўртасида мусобақа ўтказилганидек, мусулмон кишининг бошқа дин вакили билан ҳам спорт мусобақаси ўтказиши мумкин эканлигига ўзларининг шахсиятлари билан ишора қилганлар.
  Муқаддас динимиз таълимотларида инсон саломатлигига сабаб бўлувчи нарсаларга буюрилган ва ўз навбатида саломатликка зарар етказувчи ҳар қандай ишлардан қайтарилгандир. Хусусан, маст қилувчи ичимликлар ичиш, гиёҳванд моддалар қабул қилиш ояти карима билан очиқдан-очиқ ҳаром қилинган. Зарарли одатлар ривожланишига ҳеч қандай эшик қолдирилмаган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва У Зотнинг саҳобалари бу борада умматга чиройли ўрнак бўлишган.
Дарҳақиқат, халқимиз “Соғлом танда – соғ ақл” деб бежиз айтмаган. Албатта, инсоннинг тани соғлом булса, бор куч-қувватини, вақтини ва молини илм ўрганишга ва ўргатишга сарф қилади.
Фарзандларимизни ёшлигидан соғлом турмуш тарзига ўргатиб, шунга мувофиқ тарзда ҳаёт кечиришга одатлантириш – биз ота-оналарнинг бурчимиздир.
             Ҳукуматимиз томонидан ҳам бу соҳага жиддий эътибор қаратилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Хусусан, 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани фикримиз далилидир. 
Бундан ташқари, Давлат раҳбарининг “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам аҳоли саломатлигини таъминлаш йўналишдаги масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, Фармон асосида аҳолини, айниқса ёшларни соғлом турмуш тарзига тарғиб этиш, бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган фуқароларга қўшимча равишда ҳақ тўлаш, жойларда ёшлар камолоти учун спорт тўгаракларини ташкил этиш каби хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
  

ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди