1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

УСТОЗ ВА ШОГИРД МУНОСАБАТЛАРИ (3-ҚИСМ)

27-02-2021, 09:09 1 074 Ўқиш режими + -
Шогирднинг энг яхши хислати – покликдир. Зеро, Хусайн Воиз Кошифий шогирд одоби ҳақида шундай дейди: “Устоз қабулига кирганда ёки устозини кўрганда, биринчи бўлиб салом бериш; устознинг олдида оз гапириш ва бошни олдинга эгиб туриш, кўзни ҳар томонга югиртирмаслик; агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш; устоз жавоб айтганда, эътироз билдирмаслик; устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик; ўтириб-туришда ҳурматни тўлиқ сақлаш. Шогирднинг руҳий оламининг муҳим замини ҳам бўлиб, уларга поклик, дўстлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, садоқат, меҳр-мурувватлилик, касб танлаш имконияти, ватанпарварлик, миллий ифтихор, инсонпарварлик, хушмуомалалик, озодалик, покизалик, самимийлик, зийраклик, ташаббускорлик, инсофлилик, ростгўйлик, ор-номуслилик, ҳамжиҳатбарорлик, андишалик, катталарни ҳурмат қилиш, соф муҳаббатни қадрлаш, вазминлик, тўғрилик, устозини ҳурматлаш, ота-онасини ҳурматлаш кабилар киритилади”.
Инсоният тарихий тараққиёти, жамиятнинг қиёфаси устоз-педагогнинг аҳволи ва руҳиятига боғлиқ. Унинг жамиятдаги мавқеи, ҳаётга бўлган муносабати, маънавий-маърифий савияси кишилар ўртасида юксак тарбиявий аҳамиятга молик. 
Устоз деганда фақат маьлум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм фаннинг барча турлари, касб ҳунар сирларини ўргатувчиларни хам тушунишимиз лозим. Илм маьрифат тарқатиш савобли амалдир. Борлиқдаги хамма нарса яхшиликни ўргатувчининг ҳаққига дуо килади. Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло, унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва балиқ, одамларга яхшиликни таьлим берувчига салавот айтадилар” ( Имом Бухорий ривояти).
Устознинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоят катта ва улуғдир. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунё ва охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди.
Динимиз таьлимотига кўра, ўзгаларга таьлим берган киши нафақат дунёда иззат-хурматда бўлади, балки вафотидан кейин хам қолдирган манфаатли илми, таьлим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аьмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан устоз ва мураббийлар ҳар канча эьзозланса арзийди. Мавлоно Жалолиддин Румий ёзадилар: “Бувад занжир бо занжир пайванд,  сари занжир дар дасти Худованд” яьни, илм занжир каби бир-бирига улангандир, занжирнинг боши эса Аллоҳ таоло ҳузуридадир. Ана шу нурли занжир меҳру-мухаббатли, эҳтиромли қалбларимизга пайванд бўлиб, икки дунё хаётимизни ёритсин.
Устоз муаллимларнинг мақоми энг шарафли мақом ҳисобланади. Ибн Жамоа роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Толиби илм барча ишларида устозига бўйинсуниши, унга худди бемор ўзини моҳир табибга топширгандек топшириши лозим бўлади. Шогирд доимо устознинг маслаҳатига юриши, унга эҳтиром кўрсатишга астойдил ҳаракат қилиши, унинг хизматини қилиш билан Аллоҳ таолога муқарраб бўлишга уриниши керак. Шогирд устозга итоатли бўлишни азизлик, уни улуғлашни фахру-ифтихор, унга тавозели бўлишни обрў мартаба деб билиши лозим”.
Имом Шофеъийнинг шогирдлари Робиъ айтади: Имом Шофеъий билан йигирма йил бирга бўлганман, у зотнинг ҳайбатларидан ҳузурларида сув ичишга ҳам ботина олмаганман”.
Устознинг розилигини олиш шогирд учун нақадар муҳимлигини Алишер Навоий бобомиз шундай баён қилганлар: 
Агар шогирд шайхулислом агар қозидур, 
Агар устоз рози – Тангри розидур.
Аллоҳ таоло бизларни ана шундай улуғ ва шарафли устозлик мартаба ва даражаларига ҳамда шундай улуғ устозларга шогирд бўлишлик шарафига  эриштирсин!
 

Раҳматилло Усманов,
Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг 
Қашқадарё вилоятдаги вакили