Хорижийлар фирқаси
Хорижийлар: Исломдаги илк оқим тарафдорлари. Халифа Али (р.а) билан умавийлар ўртасидаги кураш давомида VII асрнинг иккинчи ярми бошларида вужудга келган. Улар ўз сафларига қўшилмаганларни “диндан қайтган” деб айблаб, уларга қарши муросасиз кураш олиб борган диний-сиёсий оқим.
Муовия халифа Али ибн Абу Толиб ҳокимияти тан олишдан бош тортиб, Дамашқда ўзини халифа деб эълон қилган. Шунингдек, бундай ходиса бўлишига асосан 36/656 йили учинчи халифа Усмон (р.а.) ўлдирилиши муносабати билан Али (р.а.) ва Муовия2тарфдорлари ўртасидаги кескин қарама-қаршиликлар сабаб бўлган. Марҳум халифанинг яқин қариндоши бўлган Муовия халифалик тахтини эгаллаган Али (р.а)дан айбдор жиноятчиларни топиб уларни жазолашни талаб қилган.
Муовия билан Али(р.а) тарафдолари ўртасида 38/658 йилда уруш бошланган. Уч ой давом этган уруш натижасида Али (р.а) ва унинг тарафдорлари Муовия тарафдорлари (уммавийлар) билан музокара олиб боришга мажбур бўлган. Бу ҳол Али (р.а.)ни ҳақиқий ворислик ҳуқуқига эга деб ҳисобланган тарафдорлари ичида норозиликни келтириб чиқарган. Қўшиннинг бир қисми (12 минг киши) Али (р.а.)ни келишувчиликда айблаб, ундан ажралиб кетган ва кейинчалик Али (р.а.)га ҳам, умавийларга ҳам баб-баравар қарши кураш бошлаган. Ана шу гуруҳ тарафдорлари хорижийлар деб ном олган.
Хорижийлар ўзларини “диндан қайтган” деб эълон қилган сиёсий ва ғоявий рақибларга нисбатан муросасиз бўлган. Уларнинг таълимотига кўра, халифа диний жамоа томонидан сайланади ва жамоага бўйсунади; ҳар қандай тақводор мусулмон (хатто қул ёки қора танли бўлса ҳам) халифа бўлиб сайланиш мумкин; агар халифа жамоа манфаатларини ҳимоя қилмаса, вазифасидан бўшатилади ва ҳатто қатл этилади.
Хорижийларнинг фикрича, эътиқоди амалий фаолият билан мустаҳкамланиши лозим. Гуноҳкор кишиларни жазолаш масаласида хорижийлар муржиъийларга қарама-қарши турган.
Шунингдек, хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини амалга оширган ишларига қараб баҳолаш керак деб ҳисоблаб, уларнинг талқинидаги ислом қоидаларига риоя ташлаш зарурлиги хақидаги ғояни илгари суришган. Бундай қарашлар ўз навбатида ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқиши ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келган.
Умавий ва аббосий халифалар VII-IX асрларда хорижийларга қарши кескин кураш олиб борди. Бунинг натижасида хорижийлар қириб ташланди, улардан омон қолганлари Шимолий Африкада ўз давлатини ташкил этди. Хорижийлар халифаликдаги кўпгина қўзғолонларда қатнашган. Улар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши “жиход” олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали ҳукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амлиётини бошлаб берганлар.
Каъбул-Аҳбордан ривоят қилинади: “Шаҳид учун иккита нур, хорижийларни ўлдирган кишиларга ўнта нур бор. Жаҳаннамнинг эшиги еттита бўлиб, уларнинг биттасидан фақат ҳарурийлар киради. Улар бир вақтлар Довуд (а.с.)га ҳам қарши уруш олиб борган” Бани Саводдан ривоят қилинади: “Али ибн Абу Толиб (р.а.)нинг шундай деганини эшитдим: “Аллоҳ таоло мени ёмон кўрган қавмни ёмонлик билан дўзахга киргизади”.
Манбаларда келтирилишича, бидъатчилар жамоаси олти тоифа бўлиб, улар ҳам ўз навбатида, бир қанча фирқаларга бўлинади. Уларнинг барчаси бидъатчи, адашган ва Аҳли Сунна вал-Жамоадан ажралиб чиққан. Қиёмат кунида борар жойлари дўзахдир. Фақат Аллоҳ таолони ягона деб эътиқод қилиб имон билан дунёдан ўтганларгина бундан мустаснодир.
Бидъатчилар қуйидаги олтита тоифага бўлинадилар: ҳарурия, рофизия, қадария, жабария, жаҳмия, муржиа. Мана шу тоифалар пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганлари каби етмиш икки фирқа. Етмиш учинчи тоифа эса нажот топишни умид қилган, жамоат ишларидан ўзини тийган, шунингдек, Пайғамбаримиз (с.а.в) ва фирқаларга бўлинмаган саҳобаларга эргашган кишилардир. Улар қиёмат кунига қадар фирқаларга бўлинмайдилар, йўлбошчилари олимлардир, раҳнамолари эса Аллоҳ таолонинг Китобидир.