АСАБИЙЯТДАН САҚЛАНИНГ
4299
9-03-2021, 15:07
404
Ўқиш режими
+
-
А С А Б И Й Я Т Д А Н С А Қ Л А Н И Н Г! 
Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ушбу давргача яшаб ўтган уламолар ҳамма даврларда аҳли сунна вал жамоанинг соф исломий ақидаларини баён қилиш билан уммат бирлигини сақлаб қолишга хизмат қилганлар.
Маьлумки, дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолатдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро ўтмишдаги уламоларимиздан Сўфи Оллоёр:
“Ақийда билмаган шайтона элдур, агар минг ибодат деб қилса елдир”
деб бекорга таькид этмаганлар.
Шундай экан ҳозирда соф исломий ақийдани ўрганиш, тўғри идрок этиш энг муҳим ва долзарб масалалардан хисобланади. Имон қалбга боғлиқ бўлиб, унинг ҳақиқатини ёлғиз яратганнинг ўзидан бошқа зот хабардор бўла олмайди. Унга баҳони ҳам, мукофот ёки жазони ҳам фақатгина Аллоҳнинг ўзи беради. Мўмин мусулмонлар эса зоҳирий аломатларга қараб муомала қиладилар. Уларниг одамларнинг ичидагини билиш имкониятлари йўқ ва бу нарса инсонлардан талаб қилинмаган.
Имон хусусидаги оғир масалалардан бири мусулмонни кофирга чиқариш бўлиб, бундай ҳукм қилиш нозик ва хатарлидир. Бу масалада “Ақийдатут-Таҳовийя”да : “Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳи туфайли кофир қилмаймиз, модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса” деб баён қилинади. Бундан мурод Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга имон келтириб, диннинг асосий рукнларидан бирортасини инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки бошқа гуноҳи туфайли “кофир” деб ҳукм чиқармасликдир.
Истиқлол сабаб жамиятда даҳрийлик таьлимоти барҳам топди. Аллоҳга шукроналар бўлсинким, исломий қадриятлар - масжид ва мадрасалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтарилди. Мамлакатимиз мусулмонларининг эмин эркин ибодат қилишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди.
Бироқ шундай вазиятдан фойдаланиб, турли хилдаги эьтиқодларини ўзларининг ғаразли мақсадларига асос қилиб олган баьзи оқим ва тоифалар юртимизга, халқимиз орасига суқилиб кириб, ёшларимиз, кўп нарсалардан бехабар мўмин мусулмонлармизнинг онгига бузғунчи ақидасини сингдиришга харакат қилаётганини гувоҳи бўлиб турибмиз.
Ҳар бир ишда шариат ва тафаккур тарозусига таяниш мусулмонлга хос фазилат хисобланади. Аллоҳ табарока ва таоло ўзининг улуғ Қурьони азимининг Хужурот сурасида:
“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”
Ояти каримада Аллоҳ таоло “фосиқ хабар келтирса, аниқлаб” хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилинмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсўниш вожиб.
Афсуски мусулмонлар ушбу ояи каримага амал қилмаганликлари боис катта мусийбатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиш биланоқ, суриштирмай бирор иш қилинса, кейин хабарнниг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, хақиқатан афсус надоматга сабаб бўлади. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Эшитган гапини (текширмасдан) бошқаларга етказиш, кишининг каззоблиги (ёлғончилиги)га етарли(далил)дир” деганлар.
Баьзи ўринларда мусулмонлар орасида диний ахкомларни нотўғри тушуниш, унга ҳаддан ошиш, ислом аҳкомларига эьтиқод қилишда қаттиқ (мутаассиб) йўлни тутадиган бирор шахс ёки жамоа кўзга ташланиб туради. Бундай жамоалар ўзлари эьтиқод қиладиган махсус йўлни ўзлари учун белгилаб олиш холатлари мавжуд. Ўзларига эргашадиган кишиларни хам шу йўлда махкам, қаттиқ бўлишни талаб этадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта дин енгилдир. Ким динга қаттиқлик қилса, албатта (дин) уни енгади. Бас тўғри бўлинглар ва яқин бўлинглар” (Имом Бухорий ривояти) деб марҳамат қилганлар.
Эндигина ислом арконларини бажаришга киришган кишига шундай қилиб эьтиқод қилишинг керак деб қаттиқлик лозим кўрсатилса, у исломга эьтиқод қилишлик оғир экан, ёхуд қувватим етмас экан деб ўйлайди. Оқибатда диндан юз ўгиради ёки ислом машаққат ва қийинчиликдан иборат деб қарор қилади.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:
“Мутанаттиьлар (динда қаттиқлик қилувчилар) халок бўлди. Мутанаттиьлар халок бўлди. Мутанаттиьлар халок бўлди” (Имом Муслим ривояти) деб марҳамат қилганлар.
Қаттиқлик қилишнинг оқибати мана шундай ҳалокат эканлигини баён қилганлар.Амалларда қаттиқ бўлиш мусулмон инсонни мутаассиб бўлишига олиб келади. Мутаассиблик аслида динни нотўғри тушунишликдан келиб чиқадиган холатдир. Динимизда бундай қаттиқлик қилишдан, мутаассиб бўлишдан қайтарилган. Пайғамбаримиз Муоз розияллоҳу анҳуни ёнларига шерик қўшиб Яманган жўнатаётиб: “Енгил қилинг ва қийин қилманг. Хушхабар беринг ва нафратлантирманг. Ўзаро ёрдам беринг ва ихтилоф қилманг” (Имом Муслим ривояти) деб буюрганлар.
Яна бошқа бир ўринда намозхонлар Муоз розияллоҳу анҳуни намозларни узун қилиб ўқиб бераётганларидан шикоят қилиб, Пайғамбаримизнинг олдиларига келганларида “Фитначимисан эй Муоз!” деб танбеҳ берганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Асабийятга (яьни таассубликка) чақирганлар биздан эмас” (Имом Муслим ривояти) деб мутаасибликнниг оқибати нақадар ёмон эканлигини таькидлаганлар.
Аммо мутаассиблик ҳолати-инсоннинг ўз динидаги вожиботларни адо этиши, уларни маҳкам тутиши, қиладиган амалларида енгилликни лозим тутиши, исломга эьтиқод қилувчиларни сафини кўпайтириш учун инсонларни тўғри йўлда собит бўлиши учун исломни чиройли намуна холатида кўрсатиб бериши ва унга интилиши маьносида бўлиб, турли алдов ва қўрқитувлар бўлсада сусткашликка йўл қўймайдиган бўлса, бу мақтовга сазовор ишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мўмин одам ўзини бир кавакдан икки марта илон чиқиб чақмоғига йўл қўймас” деганлар. Қалб Кўзимизни очайлик огоҳ бўлайлик бизни алдашларига йўл қўймайлик. Жалолиддин Рўмий айтганларидек: “Кўзингизни юминг, кўнгил кўзга айлансин”. Модомики, ҳаёт давом этар экан, залолатдан ҳидоятга қайтиш, маьрифат ва ҳақиқатни англашга имкон бор.
А.Жумаев
Шаҳрисабз туман “Янгиқишлоқ” масжиди имом-хатиби