ДИН ИШЛАРИ БЎЙИЧА ҚЎМИТА “ҲАЖ МАСАЛАСИ” БЎЙИЧА БАЁНОТ БЕРДИ
4313
11-03-2021, 19:57
326
Ўқиш режими
+
-
Ижтимоий тармоқларда жорий йилги Ҳаж мавсумининг ташкил этилиши билан боғлиқ турли хабарлар тарқалмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мазкур масала юзасидан баёнот берди.
“Шуни маълум қиламизки, Дин ишлари бўйича қўмита Саудия Арабистони расмийлари ҳамда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича Атташе билан мазкур масалада мунтазам алоқа ўрнатган. Шундан келиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қиламиз:
- Биринчидан, ижтимоий тармоқларда “Муқаддас Хаж Сафарига расман рухсат берилди. Фақатгина хаж сафарига бормоқчи бўлганлар коронавирусга вакцина қабул қилган бўлишлари шарт” ва бошқа шу каби сарлавҳалар остида тарқатилаётган хабарлар ҳеч қандай расмий асосга эга эмас.
- Иккинчидан, бу каби хабарларнинг тарқалиши ва турлича талқин қилиниши – Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирининг “Ҳаж мавсуми зиёратчиларини қабул қилишнинг асосий шарти – “COVID-19” га қарши эмлангани бўлади”, мазмунидаги интервьюсига асосланган.
- Учинчидан, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмаган.
Ҳурматли юртдошлар!
Ҳаж ва умра зиёратлари билан боғлиқ асосли маълумотлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали эълон қилинади.
Шу ўринда, юртдошларимиздан юқоридаги каби асоссиз ва чалғитувчи хабарларга ишонмасликларини сўраб қоламиз.
Ўз навбатида, ОАВ вакилларини аҳоли орасида турли тушунмовчилик келтириб чиқарадиган, текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирамиз!” дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Малайзия Ҳаж квотасини 10 мингга оширгани, ва Саудия Арабистони ҳожиларга бўладиган шартларни эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик Манба: Азон.уз