1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИЗИНИ ЎЛДИРГАНМИ?

12-03-2021, 10:19 729 Ўқиш режими + -


     Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида гап кетганда кўпчилигимизнинг кўз ўнгида Исломнинг забардаст шахсияти гавдаланади. У зотнинг адолатлари тилларда достон! Ҳатто бу сифат у зотнинг номлари билан бирлашиб кетган: Умар Одил!
Яна шуни яхши биламиз деб ўйлаймизки, Умар розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида ўз қизларини тириклайин кўмган эканлар!? Бу воқеани ўзлари айтиб берган эканлар?! Бу ҳодисани эшитмаган мусулмон бўлмаса керак. Шу билан бирга, афсуски, бу ҳодисанинг ҳақиқатга қанчалик алоқадор эканини эса озчилик мусулмонлар мушоҳада қилади..
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўз қизларини тириклайин кўмганлари хабари нечоғлик ҳақиқатга яқин? Бу хабар кўплаб воизлар, хатиблар томонидан оғзаки шаклда минбарлардан бир неча бор айтилганки, ҳатто Ислом шариатидан деярли ҳеч вақони билмайдиган оми кишилар ҳам Умарнинг ўз қизини тириклайин кўмганини “билишади, гўё!”
Қиссанинг қисқача маъноси шундай:
“Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганмиш. У киши баъзи дўстлари билан ўтирган экан. Бирдан кулиб, ортидан йиғлабди. Шунда дўстлари бунинг сабабини сўрашибди. Умар эса шундай баён қилибди: “Биз жоҳилият даврида ажва (хурмо)дан илоҳ ясаб олардик ва унга ибодат қилардик. Кейин оч қолсак ўша “илоҳимиз”ни еб қўярдик! Шунга кулдим. Йиғлаганим эса, жоҳилият даврида бир қизим бор эди. Уни кўмиш учун чуқур қазидим. Қизим меҳрибонлик ила соқолимга илашган тупроқларни силаб тушурди ва мен уни ўша чуқурга тириклайин кўмдим. Буни қачон эсласам йиғлайман!”.
Бу ривоят биз билган “Саҳиҳ” тўпламлари, “Сунан” китобларининг ҳеч қайси бирида келмаган. Ҳатто машҳур тарих ва сияр китобларида ҳам бу маълумот учрамайди. Хўш, ундай бўлса ушбу ривоят қаердан олинган? Бу ривоятни Умар розияллоҳу анҳудан ким ривоят қилган? Буни тафтиш қилиб кўрганмизми?!
Шу воқеа ростдан ҳам бўлганмиди, буни ким ривоят қилган, хабарнинг ишончлилик мартабаси қай даражада?
Ҳар эшитганимиз ҳодиса, ҳар қандай тарқаб кетган хабар рост бўлаверадими?
Аллоҳ таоло Ўзининг Мубин Каломида шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот,6).
Бу ояти карима бизларни ҳар эшитган гапимизга кўр-кўрона эргашиб кетавермасликка чақиради.
Агар хабарнинг манбасини яхшилаб излаб кўрсак, уни асосан шиа рофизийларнинг китобларида учратамиз. Улар бу қиссани аниқ далилсиз,
“Умардан ривоят қилинишича” шаклида келтиришади! 
Бизчи, аслида бу каби ҳодисаларни собит санад орқали баён қилишимиз лозим эмасми?!. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган эди: “Санад диндандир. Агар санад бўлмаса ҳар ким хоҳлаганини гапираверади”!
Лекин ривоятнинг “Умардан ривоят қилинишича” деган мажҳул жумладан бошқа санади йўқ! Рофизий Неъматуллоҳ Жазоирийнинг “Ал Анвор ан Нўъмония” китобида ҳам худди шундай мажҳул шаклда келтирилган! Рофизийлар эса барча муҳаддис аҳли илм уламолар наздида каззоб ёлғончи ҳисобланишади. Қайси бир санадда рофизий бўлса ўша ривоят ишончли бўлмайди! 
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳидан рофизийлар ҳақида сўралганида: “Уларни гапирманглар, улардан ривоят қилманглар. Чунки улар ёлғончилардир!” деган.
Имом Шофеъий шундай деган эди: “Рофизийлардан кўра ёлғон гувоҳлик берадиганроқ бирор кишини кўрмадим!”
Аъмаш шундай деди: “Қаерда бирор рофизийни кўрсам у албатта ёлғончи бўлиб чиқди!”
Язид ибн Ҳорун шундай деди: “Ҳар қандай бидъатчидан агар у даъватчи бўлмаса ҳадис ёзиб олардик. Фақат рофизийлардан ҳадис олмаганмиз. Чунки улар каззобдирлар!”
Абдуллоҳ ибн Муборак шундай деди: “Дин ҳадис аҳлиникидир, калом ва ҳийла раъй аҳлиникидир, ёлғон эса рофизийникидир!” 
Хуллас, аҳвол шундай бўлгач асосан рофизийларнинг манбаларида келган мажҳул ривоятга нима учун ишонишимиз керак!? Бундан бошқа яна бир қанча сабаблар борки, улардаги илмий мантиққа кўра Умар розияллоҳу анҳунинг ўз қизларини тириклайин кўмганлари собит эмаслиги ойдинлашади:
1. Ушбу ривоятнинг “Саҳиҳ” тўпламларимиз, “Сунан”ларимиз, машҳур сийрат ва тарих китобларимизда йўқлиги! Агар ҳодиса бугунги кунимизда омма ичига тарқани каби машҳур бўлганида эди, Аҳли Суннанинг манбаларида унга алоҳида ўрин ажратилган бўларди.
2. Қиссанинг асосий манбаси айрим шиа рофизийлар манбаларида учраши. Рофизийларнинг Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга бўлган адоватларини, ўзларининг эса тўқима хабарларни тарқатиш борасида машҳур эканликлари бу қиссанинг ҳам ишончли эмаслигига ишора қилади!
3. Доктор Абдуссалом ибн Муҳсин Оли Ийсо ушбу қисса борасида шундай дейди: “Мен бу қиссанинг Умар розияллоҳу анҳудан ким ривоят қилганини ўзим билган манбалардан топа олмадим. Устоз Аббос Маҳмуд Аққод ўзининг “Абқарияту Умар” номли китобида қиссани зикр қилиб, унинг тўғри эканини шубҳа остига олган. Аслида қизларни кўмиш араб қабилалари орасида ўта машҳур ҳодиса бўлмаган, балки буни айримлар қабилалар қилган, холос! Хусусан Умар розияллоҳу анҳунинг қавми бўлмиш  Бани Адий қавмида, шу билан бирга Умарнинг ўз оиласида ҳам бу одат  жорий бўлмагани маълум ва машҳур. Умарнинг жоҳилиятдаги хотини Зайнаб бинти Мазъун эди. У Усмон ибн Мазъуннинг синглиси бўлган. Ундан уч фарзанд кўрган, улардан бири Ҳафса эди. Шу сабабли Умар розияллоҳу анҳуни Абу Ҳафса куняси билан ҳам чақириларди. Ҳафса рисолат келишидан беш йил олдин дунёга келган.
Бир қизини кўмган одам, нима сабабдан иккинчисини кўммаган?! Шу билан бирга Умарнинг Фотима исмли синглиси ҳам бўлган. Уни ҳам кўмишмаган! Умарнинг биродарлари, оила аъзолари, амма холаларидан ҳеч ким унинг бир қизини кўмгани ҳақида ҳеч қандай маълумот айтишмаган!”
Уламоларимиз асли йўқ хабарларнинг тўғри бўлиш эҳтимолини ҳам кўздан қочиришмаган. Мабодо бу қисса собит бўлса, ҳаргиз Умар розияллоҳу анҳуга нисбатан таъна бўла олмайди. Чунки Исломни қабул қилиш билан кишининг олдинги гуноҳлари кечирилади. Шундай экан Умар розияллоҳу анҳу ўтмишини эслашдан тортинмаслиги, ўрни келганида ривоят ортидан ўзининг бошидан кечган воқеани ҳам айтиши керак эди. Айтмади, чунки бу ҳодиса бўлмаган эди!...
Хулоса қилиб айтганимизда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг маҳбуб икки саҳобаларининг бири, рошид халифаларнинг иккинчиси, ҳидоят топган тўрт  пешволарнинг сирасидаги зот! 
Шундай экан рофизийларнинг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу борасида келтирган хабарлари ишончли бўлиши амри маҳол! Шундай экан, ҳар бир воиз, хатиб, имомларимиз учун бу каби ҳодисаларни зикр қилишда эътиборли бўлиш вожибдир. 
Аброр Мухтор Алий

Азон.Уз