1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НАМОЗДА ҚЎЛНИ БОҒЛАШ

15-03-2021, 16:36 762 Ўқиш режими + -
                              
НАМОЗДА ҚЎЛНИ БОҒЛАШ
Ҳанафий мазҳабимизга кўра, такбири таҳрима билан намозга киришган киши ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, қўлларини боғлайди ва киндик остига қўяди. Бу амални уламоларимиз суннат дейдилар. Чунки, бу масалада келган ҳадиси шарифлар айнан Ҳанафий мазҳаби тутган йўлни қувватлайди. Жумладан: Имом Бухорийнинг устозлари Имом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ “Мусаннаф” китобида қуйидаги ҳадиси шарифни келтирганлар:
عن علقمة بن وائل بن حجر عن ابيه قال
رأیت النبی صلى الله عليه وسلم وضع یمینه علیٰ شماله فی الصلوٰۃ تحت السرۃ
яъни: Алқама ибн Воил оталари Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйиб, киндик остига қўйганларини кўрдим”.
Бу масалада Али разияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинган:
ان من سنة الصلاة وضع اليمين علي الشمال تحت السرة
яъни: “Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, киндик остига қўйиш – намознинг суннатидандир”(Имом Байҳақий ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Ҳанафий муҳаддис Бадруддин Айний раҳимаҳуллоҳ “Умдатул Қорий”  китобларида шундай дейдилар:
قول علي ان من سنة هذا اللفظ يدخل في المرفوع عندهم و قال ابو عمر في المنتقي و اعلم ان الصحابي اذا اطلق اسم السنة فالمراد به سنة النبي صلي الله عليه السلام
яъни: Ҳазрати Алининг “намознинг суннатидандир” деганлари “марфуъ” – Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган ҳадиси шариф эканлигини билдиради. Абу Умар раҳимаҳуллоҳ “Мунтақо” китобида: “Билингки, агар саҳоба “суннат” сўзини мутлақ қўлласа, бундан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ирода қилинган бўлади”, – деганлар.
Бадруддин Айний ва Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳимолардан бошқа муҳаққиқлар ҳам бир овоздан “Фалон иш – суннатдандир” деган истелоҳдан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари мурод эканлигини айтганлар (“Тазкиратул Ҳуффаз” китоби 48 саҳифа). Яна бир ривоятда айтилади:
عن ابى جحيفة ان عليا رضى الله عنه قال: "السنة وضع الكف على الكف فى الصلاة تحت السرة (رواه الإمام ابو داود(
яъни: Абу Жуҳайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Али разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига қўйиш – суннатдир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бу ҳадиси шариф Имом Аҳмаднинг "Муснад" китобларида ҳам келтирилган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг "Тажриду завоиди муснад ал-Баззор" китобида: “Агар ҳадиси шариф "Муснади Аҳмад"да келса, бошқа муснадларга ҳожат йўқ”, – деган (“Эълоус сунан” китоби).
Бизнинг диёрларда кўп асрлардан бери мўмин-мусулмонлар Ҳанафий мазҳабига эргашиб келганлар. Лекин афсуски, кўпинча юқоридаги ҳадиси шарифлар ва уламоларимизнинг ижтиҳодларидан бехабар баъзи шахслар қўлларини мазҳабимизда суннат дейилган кўринишдан ўзгача боғлайдилар. Уларнинг баъзи қўл боғлаш ҳолати умуман бирор мазҳабда учрамайди. Масалан, ўнг қўл билан чап қўлнинг тирсагини ушлаб туриш, қўлларни боғлаб кўкрак устига қўйиш, бирор мазҳабда олинмаган. Ваҳоланки, тўрт мўътабар мазҳабдан чиқиб амал қилинмайди. Ёки бир амални ҳанафийлардан, бошқасини шофеъийлардан олиш дуруст эмас. Буни уламолар "талфиқ" (икки мазҳабни аралаштириш) дейдилар ва бундай қилган киши ҳаром амални қилган бўлади. Чунки мазҳаблардан нафси ҳавосига ёққан ҳукмларини териб олиш, шариатга эмас, нафсига эргашишдир. Бизнинг диёримизда бу хатолар ва ихтилофларнинг ечими –  масалаларни Қуръон, суннат ва салафи солиҳин олимлар усулида ҳал қилган Ҳанафий  мазҳабига эргашишдир. Маълумки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам тобеъин – салаф аждод олимлардан бири ва эргашишга энг лойиқ зотлардан. У зот билан охирги асрларда пайдо бўлган оқим раҳнамоларини асло тенглаштириш мумкин эмас. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ каби салафи солиҳ уламоларга эргашмай, мазкур кейин пайдо бўлган радикал оқим пешволарига эргашадиганлар, мўмин-мусулмонлар ўртасида битмас-туганмас ихтилофлар чиқишига сабабчи бўладилар ва бу ихтилофларнинг гуноҳини ҳам ўз зиммаларига оладилар.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни фаровон бўлишини насиб айлаб, Юртимиз мусулмонларини ота-боболаримизнинг йўллари бўлган Ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодат қилиб, тинч-тотув ва аҳл-иноқ яшашга муваффақ айласин! 
 
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди