Маълумки, мусулмон киши Аллоҳ таолога манзур бўладиган ва Уни рози қиладиган амалларнинг барчасини гўзал ҳолатда бажаришга ҳаракат қилади. “Солиҳ (яхши) амал” ибораси Қуръони каримда 200 дан ортиқ марта ва ҳадиси шарифларда эса жуда кўп ўринларда тилга олинганининг ўзи динимизнинг бу нарсага қанчалик катта аҳамият берганини кўрсатади.
Солиҳ амаллар, айримлар ўйлаганидек, фақат намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлардангина иборат эмас. Балки улар жуда ҳам кўп бўлиб, Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш, қариндошчиликни боғлаш, қўшнилик ҳаққини адо этиш, етимларга, камбағалларга ҳаттоки, жонзотларга яшилик қилиш ва бошқа кўплаб яхши, хайрли, чиройли, савобли ва манфаатли амалларни ҳам ўз ичига олади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилган:
لَيْسَ الْبِرَّ أَنْ تُوَلُّوا وُجُوهَكُمْ قِبَلَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ وَلَكِنَّ الْبِرَّ مَنْ آَمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَالْمَلَائِكَةِ وَالْكِتَابِ وَالنَّبِيِّينَ وَآَتَى الْمَالَ عَلَى حُبِّهِ ذَوِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَالسَّائِلِينَ وَفِي الرِّقَابِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآَتَى الزَّكَاةَ وَالْمُوفُونَ بِعَهْدِهِمْ إِذَا عَاهَدُوا وَالصَّابِرِينَ فِي الْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ وَحِينَ الْبَأْسِ أُولَئِكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ
яъни: Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар (Бақара сураси 177-оят).
Кўриниб турибдики, яхшиликнинг тури кўп. Аммо ҳар биримизнинг ҳам амалларимиз, яхшиликларимиз Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўляптими? Мўмин-мусулмон кишининг асосий ташвиши мана шу бўлиши керак. Динимизда амаллар қабул бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши керак:
- Мусулмон бўлиш, яъни Аллоҳни ёлғиз деб билиб, Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмаларига итоат қилиш керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
أُولَئِكَ الَّذِينَ كَفَرُوا بِآَيَاتِ رَبِّهِمْ وَلِقَائِهِ فَحَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فَلَا نُقِيمُ لَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَزْنًا
яъни: Улар Парвардигорларининг оятларини ва У зот билан мулоқотда бўлишни инкор этишиб, бутун иш (амал)лари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз Қиёмат кунида улар (амаллари) учун ҳеч қандай вазнни қоим қилмасмиз! (Каҳф сураси 105-оят).
- Амални шариат қонун-қоидаларига мувофиқ ҳолда бажариш. Масалан, намоз ўқигувчи киши намози дуруст бўлиши учун намоздаги фарз каби амалларни бажариши ва намозни бузадиган амалларни қилмаслиги лозим. Акс ҳолда намозига нуқсон етади ва намоз шариат қонун-қоидасига мувофиқ бўлмайди.
- Ихлос, яъни амални фақат ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун қилиш ва ундан дунёвий манфаатни кўзламаслик керак. Шунингдек, қилаётган ишларни бировлар кўриши учун ёки эшитиши учун ёхуд қилган амалидан фахрланиш каби бажарилган ишларнинг савобини йўққа чиқарадиган иллатлардан сақланиш зарур.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا وَزِينَتَهَا نُوَفِّ إِلَيْهِمْ أَعْمَالَهُمْ فِيهَا وَهُمْ فِيهَا لا يُبْخَسُونَ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَيْسَ لَهُمْ فِي الآَخِرَةِ إِلاَّ النَّارُ وَحَبِطَ مَا صَنَعُوا فِيهَا وَبَاطِلٌ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
яъни: “Кимки дунё ҳаёти ва унинг зийнатини истаса, у (каби)ларга амаллари (савоби)ни шу (дунё)да мукаммал берурмиз ва улар унда (дунёда) зиён қилмайдилар. Ана ўшаларга охиратда дўзахдан бошқа (нарса) йўқдир. Қилган (савобли) ишлари ҳабата (барбод) ва қилиб юрган амаллари ботил (зое) бўлур” (Ҳуд сураси 15, 16-оятлар).
Бу ояти каримада савобли амалларни охират учун эмас, шу дунёда обрў ва шуҳрат орттириш мақсадида қилувчи риёкор кишилар учун огоҳлантириш бор (Тафсири Насафий).
(давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди