1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШАЪБОН-ХАЙР-БАРАКА ОЙИ

16-03-2021, 10:01 573 Ўқиш режими + -
                              
                              Шаъбон- хайр-барака ойи
                            Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
                    Маълумки, ҳижрий-қамарий йил ҳисобида Шаъбон деган ой мавжуд. Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккизинчи ойидир.   Ушбу ўтаётган 2021 йилда Шаъбон 15 мартда бошланиб, 12 апрель куни ниҳоясига етади.   
            Хўш, “ шаъбон” сўзи  нима маънони англатади?
 “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Шаъбон –қамарий йил ҳисобида 29 кундан иборат, саккизинчи ойнинг номи”  дейилади.
  “Шаъбон” арабча сўз бўлиб, у “бўлиниш”, “тарқалиш” деган маъноларни англатади. 
            Ривоят қилишларича, қадим замонлар одамлар қиш пайтида бир жойда, баҳор келиши билан бошқа жойларга тарқалиб яшашган. Йилнинг ҳар хил келиши, яшаш шароитига қараб одамлар истиқомат жойларини ўзгартириб туришган. Ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккинчи ойига ном бериладиган пайтда одамларнинг ҳар томонга бўлиниш, тарқалиш пайтларига тўғри келади. Мана шу ҳолатдан келиб чиқиб, у ойга “Шаъбон” деб ном қўйилган.  
            Инсон Шаъбон ойида ўтаётган умрини яхшилик билан ўткариши фазилат ҳисобланади. Бу ҳақда пайғамбар (с.а.в.) шундай дейдилар: “ Аллоҳ таоло Ражаб ойини ўзи учун танлаб олди. Шунинг учун Ражаб ойини Аллоҳ таолонинг ойи дейилади. Кимки Ражаб ойининг ҳурматини жойига қўйса, Аллоҳ таоло у бандани жаннатга киритиб, яна ўз розилигини ато этади.  Ким Шаъбон ойини ҳурматлаб, уни қадрласа, Пайғамбарлар билан бирга бўлади “ (Имом Термизий ривояти)  дедилар.              
            Тарихда маълумки, Шаъбон ойида кўп муҳим воқеалар юз берган. Шулардан бири  Шаъбон ойида  қибланинг Қуддус Шарифдан Маккаи Мукаррамага қараб  ўзгаришидир. Ўша Шаъбон ойдан бери Маккаю-Мукаррамага қибла сифатида юз ўгириш таомилга кирди. 
            Шаъбон ойининг кечалари ҳам файзлидир. Айниқса,  Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси муборак “ Бароат” кечаси дейилади. Шу сабабли халқимиз Шаъбон ойида Бароат кечаси борлигини ҳисобга олиб,  бу ойни Бароат ойи деб ҳам аташади. Бароат кечаси ҳақида “ Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати” томонидан қуйидагилар берилади:“Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақийъда осмонга қараб турган эканлар: “Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан қўрқдингми?”, дедилар. “Сиз баъзи аёлларингиз ёнига боргансиз, деб гумон қилувдим”, дедим. “Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ кишини мағфират қилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилган).
عن معاذ بن جبل رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : ” يطلع الله إلى جميع خلقه ليلة النصف من شعبان فيغفر لجميع خلقه إلا لمشرك أو مشاحن “(رواه ابن حبان في صحيحه والطبراني والبيهقي)
           Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).
Шунинг учун фуқаҳоларимиз ҳам бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар. Бу ҳақда ибн Нужайм Мисрий (ваф. 970/1563) раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
 “Рамозон ойининг охирги ўн кунлигини, икки ийдни, Зул ҳижжанинг аввалги ўн кунлигини ва Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаларини бедор ўтказиш ҳадисларда ворид бўлганидек мустаҳаб амаллардандир.
“Ат-Тарғиб ват тарҳиб”да бу ҳақда батафсил тарзда зикр қилинган. Кечаларни бедор ўтказиш дегандан мурод уни ибодат ила ўтказиш тушунилади” (Манба: “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзид-дақоиқ”).
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзилар томонидан бароат кечасида юз ракатли намоз ўқишлиши, унда “Ихлос” сурасини муайян ададда ўқилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини уламоларимиз таъкидлашган. Жумладан, Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу мавзуга тўхталиб шундай деганлар:
“واعلم إن المذكورة في اللآلىء أن مائة ركعة في نصف شعبان بالاخلاص عشر مرات في كل ركعة مع طول فضله للديلمي وغيره موضوع”
“Билгинки, Шаъбон ойининг ярмида юз ракатли намозни ҳар бир ракатида “Ихлос” сурасини ўн мартадан ўқиб, адо этилиши, унинг фазилати кўп экани борасида Дайламий ва ундан бошқаларнинг ривояти мавзу – тўқима ҳадислар экани “Ал-Лаоли”да айтиб ўтилгандир” (Манба: “Мирқотул мафотиҳ”).
Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ Бароат кечаси ва ундаги қилинадиган ибодатлар ҳақида шундай деганлар:
فيعلم بمجموع الأحاديث القولية والفعلية استحباب إكثار العبادة فيها فالرجل مخير بين الصلاة وبين غيرها من العبادات فإن اختار الصلاة فكمية أعداد الركعات وكيفيتها مفوضة إليه ما لم يأت بما منعه الشارع صراحة أو إشارة
“Қовлий, феълий ҳадисларнинг мажмуаси орқали бароат кечасида ибодатни кўпайтириш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Киши намоз ўқиши ва бошқа ибодатлар қилишда ихтиёрлидир. Намоз ўқишни истаса, шариатда манъ қилган нарсаларни очиқча ҳам, яширин ҳам қилмаслик шарти билан ракатларнинг ададини ва миқдори, кайфиятини намоз ўқувчининг ўзига топширилади”(Манба: “Ал-Аасаарул марфуа фил ахбарил мавзуа”).
Демак, бундан маълум бўладики, Бароат кечаси учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи ва имкони қайси ибодатни адо этишга етса ўшани амалга ошираверади. Айниқса, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб зикр қилиш, дуруду саловотлар айтиш, Қуръон карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бир қаторда умумий нафл намозларни ўқиш, Аллоҳ таолога дуолар қилиб, ҳожатларини сўраши улкан ажрларга сазовор қилади. Валлоҳу аълам”.
      Шаъбон ойида нафл рўза тутиш мумкин. Оиша разияллоҳу анҳадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойини жуда ҳам кам ( ҳолатларда) рўзасиз ўтказар эдилар. ( Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).  
Усома ибн зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “ Бир куни мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга шундай савол бердим: “ Эй, Расуллоҳ. Мен (Рамазондан  ташқари) бирорта ойда шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?”. Расулуллоҳ св дедилар: “ Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар раббилаъламийнга кўтарилади. Шундай экан. Мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, дедилар” (Имом Насоий ривояти).
         Шаъбон ойи яримдан ўтгандан сўнг ва Рамазон ойи киришига бир-икки кун қолганида нафл рўзалари тутилмайди. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон олдидан бир, икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир кишининг одатидаги рўза бўлса тутсин», дедилар. Бешовлари ривоят қилган. Ва яна бошқа ҳадис-шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутманглар», деганлар.(Имом Термизий ривояти). Шунга биноан, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади.
            Шаъбон хайр-барака ойидир. Аллоҳ таоло бу ойда халқимизнинг деҳқончилик, чорвачилик ва барча ишларига хайр-барака ато қилсин!
 
Р. Акбаров, 
Ўзбекистон мусулмолари идорасининг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими