1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АМАЛЛАРНИНГ ҚАБУЛ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ (2-ҚИСМ)

16-03-2021, 11:03 476 Ўқиш режими + -
Шу ўринда биз ихлосни кетказувчи сифатларни билишлигимиз жуда муҳимдир. Уларнинг биринчиси – риёдир. У – амал ва ибодатни бандаларнинг олқиши ва мақтовларига эришиш учун уларга кўрсатиб бажаришдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى كَالَّذِي يُنْفِقُ مَالَهُ رِئَاءَ النَّاسِ وَلَا يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ فَمَثَلُهُ كَمَثَلِ صَفْوَانٍ عَلَيْهِ تُرَابٌ فَأَصَابَهُ وَابِلٌ فَتَرَكَهُ صَلْدًا لَا يَقْدِرُونَ عَلَى شَيْءٍ مِمَّا كَسَبُوا وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ 
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб,) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Зотан, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай” (Бақара сураси 264-оят).
Демак, савобли ишни риёкорлик ва одамлар ичида обрў орттириш нияти билан бажарилса, у Аллоҳнинг наздида қабул қилинмайди, балки унинг савобини кетказиб қўйиши ҳам муқаррардир.
Риёни улкан гуноҳлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
إِنَّ أَخْوَفَ مَا أَخَافَ عَلَيْكُمُ الشِّرْكُ الْأصْغَرُ قَالُوا: وَمَا الشِرْكُ الْأصْغَرُ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَال: الرِّيَاءُ
رواه الامام أحمد
яъни: “Мен сизларда содир бўлиб қолишидан қўрқадиган нарсамнинг энг ёмони – кичик ширкдир”. Саҳобалар: “Ё Расуллуллоҳ, кичик ширк нима?” – деб сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Риё” – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлаяптики, ширк икки хил бўлади. Катта ширк ва кичик ширк. Катта ширк ҳаммамизга маълум. Аммо кичик ширк эса, амалларни Аллоҳ ризоси учун қилмай, балки одамларга кўрсатиш, улар ўртасида обрў топиш ёки одамлардан ажралиб қолишдан қўрқиб қилиниши риё, яъни кичик ширк ҳисобланар экан.
Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Риё солиҳ амалга аралашса, унинг ажрини йўққа чиқаради. Киши ўзидан фахрланиши ҳам – риё кабидир”.
Иккинчиси – амални одамлар эшитиши учун бажаришдир. У ҳам риё каби бўлиб, ундай амал учун савоб берилмайди, балки, Қиёматда азобга дучор бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар:
من سمع سمع الله به ومن يرائي يرائي الله به
(متفق عليه)
яъни:  “Ким одамларга эшиттириш учун амал қилса, Аллоҳ уни эшиттиради. Кимки, кўз-кўз қилса, Аллоҳ уни кўз-кўз қилади” (Муттафақун алайҳ).
Кейингиси – амалларидан мағрурланиш, ўзига бино қўйишдир. Бу эса, инсон ўзига берилган неъмат ёки яхши амални Аллоҳдан эканини унутиши ва буларни ўз нафсидан деб билишидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифлари шундай деганлар:
ثلاث مهلكات: شح مطاع، وهوى متبع، وإعجاب المرء بنفسه
(رواه البزار عن أنس بن مالك رضي الله عنه)
яъни: “Уч нарса ҳалок қилувчидир: итоат қилинадиган бахиллик, эргашиладиган ҳавои-нафс ва киши ўз нафси билан фахрланиши” (Имом Баззор ривоятлари).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Кишининг ўз амали билан фахрланиши ўша амални мукаммал деб билиб, Аллоҳнинг неъматини унутишидир”.
Кўриниб турибдики, бу амаллар камтарлик, тавозелик ва ҳокисорликка буюрган шариатимиз кўрсатмаларига зид бўлиши билан бирга, амалларнинг савобини кетказишга ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, ибодат, тавба ва солиҳ амалларни бирор дунёвий манфаат учун қилиш ҳам амалнинг савобини йўққа чиқаради.
 
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди