Диёримизда қадим замонлардан бери турли хил миллат вакиллари ҳамжиҳат бўлиб яшаб келмоқдалар. Юртимиз фуқароларига давлатимиз томонидан кўплаб имтиёзлар ва имкониятлар яратиб берилган. Лекин биз билан бир заминда яшаётган, Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган лўли миллати вакиллари эса доимо четда қолиб кетгандек. Уларни яшаш жойи, иши фарзандларининг мактабга бориши масаласи деярли кўриб чиқилмаган десам, муболаға бўлмайди. Фикримиз далили сифатида яқинда лўлилар ҳаёти, яшаш тарзи билан яқиндан танишган депутат Расул Кушербаевнинг мулоҳазаларини келтириб ўтсак:
“Яқинда аҳоли мурожаатлари сабаб Янгийўлнинг Бобур маҳалласидаги чиқинди полигонидаги аҳволни ўрганишга боргандик. Овлоқ жойдаги полигонга яқинлашгач, шу совуқ ҳавода дала четида бир тўп жажжи болакайларнинг ўйнаб юрганига кўзимиз тушди: улар кимлар, бу жойларда нима қилиб юрибди? Беихтиёр уларнинг ёнига бордик. Целлофан ўралган капаларга дуч келдик. Болалар гир этиб ўша капа уйларга кириб кетишди. Бу ерда бир қанча лўли миллати вакиллари яшашаркан. Болаларнинг оналари (паспортлари бор) ҳадиксираб биз билан гаплашишни бошлади. Ҳол-аҳвол сўрадик. (Аслида бу шароитда нима жавоб ҳам олиш мумкин, аҳвол шундоқ ҳам маълум)” — дейди депутат.
Булар юртимизда яшаётган лўлиларнинг бир қисми, холос. Қолган қанчадан-қанчаси худди шу зайлда умр ўтказмоқда. Фақат бошпана сифатида кичик капа улар учун уй, агар шу ер мутасаддилари улар капа қилиб яшаётган жойларини ҳам тортиб олишмаса. Кўп ҳолларда шундай ҳам қилишади. Бечора халқ яна ўзлари учун бошпана ҳеч ким бормайдиган, (мутасаддилар боришга ор қиладиган) ташландиқ жойлардан бошпана қидиришади. Бу жараён, инсонларнинг хўрланиб хароб жойларда яшаши қачонгача давом этади?
«Бироқ мени хафа қилгани кўпни кўрган, зиёли, мансабдор юртдошларимиздан айримларининг бу халққа бўлган муносабати: улар ялқов, улар кўчманчи, улар ўғри, улар тиланчи, уларни келган жойига ҳайдаш керак...»
Хуллас, муносабатдан уларга қолганлардан кўра бир поғона паст назар билан қаралиши кўриниб турибди. Яна шу аҳволимизга биз иймон, инсоф, диёнат, тенглик ҳақида гапирамиз, Аллоҳнинг борлиги ва бу дунё синов эканига ишонч билдирамиз” - деб таъкидлайди Расул Кушербаев.
Шунча инсонларни қаровсиз ҳолда ташлаб қўйиш бу гуноҳ иш-ку! Наҳот тегишли мутасаддилар лўлиларнинг қандай яшаётгани билан қизиқиб кўрмаса?! Ахир уларни қўлида «Ўзбекистон Республикаси фуқароси» деган ҳужжати бор.
“Майли баъзи бир ёши катта лўлилар ҳақиқатдан юқорида келтирилган салбий таърифга мосдир, бироқ электр чироғи, телевизор, боғча, мактаб, арғимчоқ ўйнаш, мультфилм кўриш, китоб ўқиш, тўйиб овқат ейиш нелигини билмай яшаётган бу болаларда нима айб?” – деган фикрларни билдириб ўтган Расул Кушербаев ўз телеграм каналида.
Қизиғи шундаки, кўплаб депутатларимиз инсон ҳуқуқи, инсон қадри ҳақида гапришаяпти-ю, лекин одамларнинг тақдирига, яъни лўлиларнинг яшаш шароитига келганда жим юришгани ачинарлидир. Жойи келса, «фалон давлатда инсонлар қийналишмоқда, уларга масъуллар эътиборсиз қарашяпти», деймиз. Бироқ шундоқ ёнгинамиздаги ҳолатга кўз юмиб турибмиз. Бунинг жавобини Қиёматда, Аллоҳнинг олдида қандай берамиз?
Манба: Азон.уз