Овқатланиш одоби
Маълумки, овқатланиш орқали инсон ўз танасини озиқлантиради ва инсон қўлига куч, оёқларига мадор энади. Овқатланиш инсон танасининг яшаш шарти ҳисобланади. Инсон танаси овқатланиш яъни таом ейиш, сув ичиш эҳтиёжини доимо қондириб боради. Бу эҳтиёж қондирилмас экан инсоннинг ҳаёти хавф остида қолади. Шу сабабли ер юзидаги барча мавжудотлар тана эҳтиёжини қондириш эвазига яшайди. Мана шу тана эҳтиёжини қондириш инсондаги табиий эҳтиёж ҳисоблансада, уни қандай қондириш ва қанақа тартибда қондириш муҳим аҳамиятга эга.
Овқатланишда таомларимизни пок ва ҳалол бўлишига эътибор беришимиз лозим. Нопок нарсаларни овқат сифатида истеъмол қилиш инсон учун зарарлидир. Овқатланиш учун таом ва сувни пок бўлиши, ўзининг таомлик ва ичимлик хусусиятини йўқотмаганлиги жуда муҳимдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “ Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз...”. ( Моида сураси, 88-оят). Овқатланишдан олдин ва кейин қўлни ювишга аҳамият бериш лозим. Қўл ювишда қўлларни ювиш шахсий гигиенага амал қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадисда: “ Овқатланиш олдин ва ундан кейин қўлни ювишда бир савоб бўлса, овқатланиидан кейин қўл ювишда икки савоб бор”. ( Ҳоким ривояти).
Овқатланиш учун тўғри ўтириб олишга аҳамият бериш лозим. Овқатни бесабаб тик туриб, ёнбошлаб ёки ётиб олиб ейишдан сақланиш лозим. Бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.) шундай деганлар: “Мен ёнбошлаган ҳолимда овқат емайман”. Ётиб ёки ёнбошлаб овқат ейиш кўпинча кўричакка ўхшаган касалликларни келиб чиқишига сабабчи бўлиши мумкин.
Овқатланишда таомни бисмилло билан бошлаб, охирида шукр қилиб дуо қилиш лозим. Бу ҳақда ҳам Пайғамбар (с.а.в.): “Қайси бирингиз овқатланса, бисмиллони айтсин. Овқатланиш аввалида эсидан чиқса, эсига келганида “ бисмиллаҳи аввалаҳу ва охираҳу” десин” деганлар.
Овқатланишда таом ва ичимликни қўл билан олиб овқатланишга эътибор бериш лозим. Чунки инсон чап қўл билан овқатланадиган шайтон ва жинлардан ўнг қўл билан овқатланиши билан фарқ қилади. Бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.) шундай дейдилар: “ Қайси бирингиз овқатланса, ўнг қўл билан овқатлансин, чунки шайтон чап қўл билан овқатланади”. ( Термизий ривояти).
Овқатланишда ҳар ким ўз олдидан, таомни устидан эмас, балки паст қисмидан ейишни бошлаш лозим. Пайғамбар (с.а.в.): “Кимки овқатланганда таомнинг устидан бошламасин. Таом атрофидан паст томонидан бошласин. Чунки таомнинг баракаси устидан пастга нозил бўлади” деганлар. (Термизий ривояти).
Овқатланишда кўп таом истеъмол қилишдан инсон ўзини тия билиши лозим. Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ўзларининг “Назмул-жавоҳир” асарларида шундай ёзадилар:
Ҳар кимгаки кўп таом емак фандур,
Билгилки, нажосатқа тани маскандур.
Қорнинг била дўст бўлмасанг аҳсандур,
Невчунки эр ўғлига қорин душандур.
Ва яна Навоий ҳазратлари шундай дейдилар:
Оғзига келганни гапириш нодоннинг иши,
Олдига келганни ейиш ҳайвоннинг иши.
Овқатланишда тартибга амал қилиш лозим. Пайғамбар (с.а.в.): “ Биз шундай қавмдирмизки, очликни ҳис қилмагунча овқатланмаймиз, овқатланганда ҳам тўйиб емаймиз” деганлар. Овқатланишда меъёрни билиш ва тартибга аҳамият бериш лозим. Меъёр ва тартибга амал қилмаслик турли хил касалликларни олиб келади. Овқатланишда ошқозонни учга бўлиб, бир қисмига сув, иккинчи қисмига ҳаво, учинчи қисмига овқатланиш лозим. Бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.): “ Инсон учун қаддини тутиб турадиган овқатланиш кифоя қилади. Агар жуда лозим бўлса, қориннинг учдан бирига таом, учдан бирига сув ва учдан бирига ҳаво бўлсин” деганлар. ( Термизий ривояти). Овқатланишда кўпчилик билан таомланиш фазилатли амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Таомнинг яхшиси унинг устида қўлларнинг кўплигидадир” деб марҳамат қилганлар.
Овқатланганда нон, сув каби неъматларни эъзозлашга эътибор бериш лозим. Пайғамбаримиз бу ҳақда шундай дейдилар: “Нонни эъзозланглар, чунки у Аллоҳ таолонинг осмон баракотидан бўлиши билан бирга, ернинг баракотли неъматларидан ҳам ҳисобланади”. (Ҳоким ривояти). Овқатланганда исрофгарчиликка йўл қўймасликка аҳамият бериш лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейи: “...еб-ичинглар, (аммо) исроф қилманглар!”. ( Аъроф сураси. 31-оят).
Овқатланишда таом ва ичимликка пуфлаш ва улар устида нафас олиб ёки қайтаришда ёмон одат ҳисобланади. Бу одатлардан сақланмоқ лозим. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:“ Овқат ва ичимлик узра нафас олиш ёки уларга пуфлашдан сақланинглар”. Бу ҳолат инсон соғлиги учун жуда катта аҳамияти бор.
Овқатланиш пайт ичимлик ичганда бир кўтаришдан ичимликни ҳаммасини ичишдан сақланиш лозим. Чунки ичимликни бир кўтаргандан ичиш ҳайвонлар одатидир. Инсон ичимлик ичганда ичимликни уч бўлиб ичиши керак. Бу ҳақда пайғамбар (с. а.в.): “Туянинг ичишига ўхшаб бир мартадан ичманглар, икки, уч мартадан ичинглар. Ичишдан олдин бисмилло, ичиб бўлгандан сўнг “Алҳамду лиллоҳ”ни айтинглар”. (Термизий ривояти).
Халқимиз орасида қуйидаги овқатланиш одоблари бор:
- овқатланадиганда ҳеч қачон таомни ёмонламаслик;
-овқатланишда дастурхонга тўкилган нон ушоқларини териб ейиш;
-овқат ва ичимликни жуда совуқ ва жуда иссиқ ҳолда ейишдан сақланиш;
-овқатланганда оғизни тўлдириб авқатланмаслик;
-овқатланишда шошилмаслик;
-оғизда луқма бўлиб гапиришдан сақланиш;
-овқатланишда ялпайиб ўтирмаслик;
-овқатланадиган пайтда хунук қилиқларни қилмаслик;
-овқатланаётганда баланд овоз гапириш;
-овқатланаётганда бошқаларнинг ҳам овқатланаётганликларини эътиборга олиш;
-ётиб ёки тирсакка суяниб овқатланишдан тийилиш;
-овқатланишдан кейин оғиз ва тишлар тзаланади.
Овқатланиш одоблари инсонлар орасида тартибли бўлиш, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш, нохуш ҳолатларни олдини олиш, поклик ва ортиқча овқатланишдан сақланиш натижасида инсон соғлигини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими