1442 йил 05 Рамазон | 2021 йил 16 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:39
Sunrise
05:59
Dhuhr
12:37
Asr
17:19
Maghrib
19:15
Isha
20:35


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМДА ҲАССА БИЛАН ЮРИШ МАДАНИЯТИ

2-04-2021, 17:55 23 Ўқиш режими + -

Ҳасса билан юриш маданияти

Чоп этилди Mart 26, 2021
Аллоҳнинг қудрати ва буюк мўъжизаси ила яралган биринчи инсон Одам Ато сафийюллоҳ ёруғ дунёга бунёд бўлгач, фойдаланган энг биринчи буюмлардан бири ҳасса бўлган экан. Зеро, бизгача етиб келган ривоят ва ҳадислардан маълумки, пайғамбарларимиз Одам Ато сафийюллоҳ, Нуҳ алайҳиссалом, Солиҳ алайҳиссалом, Шуъайб алайҳиссалом, Мусо алайҳиссалом, Шамъун алейҳиссалом, Сулаймон алайҳиссалом, Довуд алайҳиссалом ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳассага таяниб юришган. Уларнинг айримлари қўдаги ҳассалари билан ўз қавмлари ва душманларига кўплаб мўъжизалар кўрсатишган. Пайғамбарлар вафот топишгач, уларнинг ҳассалари авлоддан авлодга ўтиб келган. Демак, ҳассага таяниш суннат амаллардан бўлиб, ҳасса билан юриш маданиятига ҳурмат-ла қараш керак экан.
Бинобарин, бугун мен ҳасса билан юриш маданияти борасида айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашиб ўтишни ният қилдим. Зеро, ҳассага таяниб юрадиган кишига қулай бўлиши, унинг атрофидаги одамларга эса ноқулайлик туғилмаслиги учун ҳасса олиб юриш қоидаларидан бохабар бўлиш фойдадан холи бўлмайди. Чунки бундай қоидалар одоб-ахлоқ меъёрларига ҳам, оддий хавфсизлик ва санитария талабларига ҳам дахл қилади.
Аввало, одамларга жароҳат етказиб қўймаслик учун ҳассани силкитиб, айлантириш, бировнинг танасига ниқташ ёки ҳассадан таёқ ўрнида фойдаланиб, одам уриш мумкин эмаслиги ҳаммага тушунарли бўлиб, бу масалада ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Боадаб инсон ўз ҳассаси билан тўғри муомала қилиб, одоб-ахлоқ ва орасталик меъёрларига амал қилиб юради.
У ёки бу кишини ҳасса билан кўрсатиш, умуман айтганда, ҳассадан кўрсаткич таёқ сифатида фойдаланиш ҳам ношоён хатти-ҳаракат ҳисобланади. Чунки бундай ҳаракат одамни оёқ билан кўрсатиш билан баробар ҳаракатдир.
Ҳассага таянган шахс кўчада аёл киши билан юрар экан, ҳамроҳининг ергача тушган узун этагини ҳассаси билан босиб олиб, ноқулай аҳволга солиб қўймаслиги учун шундай қилиши лозимки, аёл киши унинг ҳасса ушламаган қўли томонида борсин.
Бирор-бир амални бажариш, дейлик қўл бериб саломлашиш, ҳамёндан пул чиқариб, харид қилинган мол пулини тўлаш учун ҳасса чап қўлга олинади ёки тутқаси билан чап қўл билагига осилади.
Ҳасса хонадонда, одатда, даҳлизга бадиий безак бериш вазифасини ҳам ўтайдиган ҳасса сақлаш таглиги ёки махсус сопол вазага жойлаштирилади. Агар бундай таглик бўлмаса, ҳасса даҳлиз бурчагига суяб ёки кийим илиш илгагига махсус сиртмоқ воситасида илиб қўйилади. Хонадон ичида ҳам ҳассасиз юра олмайдиган киши санитария нуқтаи назаридан иккита ҳассага: кўчада ва хонадон ичида тутиладиган ҳассаларга эга бўлгани маъқул.
Меҳмонга борганда ҳам ҳассани имкон қадар даҳлизда қолдирган яхши. Хонадон ичида ҳам ҳассасиз юра олмайдиган меҳмон ҳассанинг учини яхшилаб артиб, сўнг қўлни ювиб ўтиради. Мезбон ҳам ўз навбатида, меҳмоннинг даҳлизда қолган ҳассасига ёш болалар тегмаслигини кузатиб бориши лозим.
Намозхон кишининг ҳасса билан масжидга кириши борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Ҳасса киши учун «қўшимча оёқ» вазифасини ўтар экан, унинг учини пояфзал сифатида кўрмоқ даркор. Пояфзал билан эса маълумки, хонақоҳга кирилмайди. Таассуфки, шахсан мен масжидларимизда, ҳар қалай ўзим кирган масжидларда, ҳасса учун атайин ясалган тагликлар кўрмаганман. Бинобарин, айримлар ҳассасини қаёққа қўйишни билмай, ўзи билан олиб юрганини, ё пояфзаллар токчасига бир амаллаб жойлаштирганини кузатганман. Ушбу масалани масжидларимиз маъмуриятлари бир ўйлаб кўришса бўлар экан.
Хонақоҳда ҳам ҳассасиз юра олмайдиган намозхонлар-чи, улар қандай йўл тутишлари керак? 
Ҳасса таяниб юрадиган қарияларимиз буни яхши билишади, албатта, аммо ушбу ортопедик буюмни мен каби эндигина қўлга олган намозхонларга қандай йўл тутиш кераклигини эслатиб ўтилса, ёмон бўлмайди, деб ўйлайман.
Ичкарида ҳам ҳассасиз юра олмайдиган намозхон ёнида алоҳида дастрўмол олиб юриши, хонақоҳга етганда ҳассасини тескарисига айлантириб, ерга теккизиладиган учини ушбу дастрўмол билан ушлаши, гилам-жойнамоз устида ҳассанинг тутқасини тираб кириши лозим.
Ҳасса олиб юриш маданияти борасида айтмоқчи бўлган гапим ҳозирча шу, қўшимча фикр-мулоҳазалар бўлса, марҳамат, изоҳларда кутиб қоламан.
Шокир Долимов
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси,
истеъфодаги подполковник

Ҳидоят.Уз