1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУСУЛМОНЛАР КЎПАЯЁТГАН ДАВЛАТ: ГЕРМАНИЯ

9-04-2021, 11:33 787 Ўқиш режими + -
Германия (расман Германия Федератив Республикаси) Марказий Европадаги давлат. Пойтахти ва энг катта шаҳри Берлин. Иқтисодий маркази Франкфурт шаҳри. Майдони 357,022 км2. Аҳолиси 2021 йил ҳолатига тахминан 83,7 миллион киши. 16 та федерал ердан ташкил топган ушбу давлат Европа Иттифоқида аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланади. Дунёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бирига эга.
Давлат тузуми
Германия федератив, парламентлар, демократик давлатдир. Немис сиёсий тизими 1949 йил конституциясида белгиланган Grundgesetz  (Асосий қонун) асосида ишлайди. 1949 йилдан бери ҳукуматда Германия Христиан Демократик Партияси ва Социал-Демократик Партия ҳукмронлик қилмоқда. Ҳар бир федератив ер ўз конституциясига эга бўлиб, ички ташкилий жиҳатдан автономдир. Президент, ҳозирда Франк-Валтер Штайнмаер, давлат раҳбари ҳисобланади ва асосан вакиллик вазифалари билан шуғулланади. Канцлер, ҳозирда Ангела Меркел, ҳукумат бошлиғи бўлиб, ижроия ҳокимиятини бошқаради.
Қисқа тарих ва ҳозирги иқтисодий ҳолат
Турли герман қабилалари қадимги замонлардан бери замонавий Германиянинг шимолий қисмида яшаб келишган. Милоддан аввалги 100 асрда «Germania», деб номланувчи ҳудуд мавжуд бўлганига тасдиқланган далиллар бор. X асрда Германия ҳудудлари Муқаддас Рим Империясининг марказий қисмини ташкил этган. XVI аср давомида Германиянинг шимолий ҳудудлари протестант реформацияси марказига айланди. Наполеон урушлари ва 1806 йилги Муқаддас Рим Империясининг қулашидан сўнг, 1815 йилда Германия Конфедерацияси ташкил топди. 1871 йилда Германия вилоятларининг аксарияти Пруссия ҳукмронлиги остидаги Германия империясига бирлашганда Германия яхлит бир давлатга айланди. Биринчи Жаҳон уруши ва 1918-1919 йиллардаги инқилобдан сўнг империя ўрнини Веймар республикаси эгаллади. 1933 йилда фашистларнинг ҳокимиятни қўлга олиши мамлакатда диктатура ўрнатилишига, Иккинчи Жаҳон уруши бошланишига олиб келди. Европада Иккинчи Жаҳон уруши ва Иттифоқчилар истилоси давридан сўнг Германия Германия Федератив Республикаси (Ғарбий Германия) ва Германия Демократик Республикаси (Шарқий Германия) га бўлинди. Германия Федератив Республикаси Европа Иқтисодий Ҳамжамияти ва Европа Иттифоқининг асосий етакчиси, Германия Демократик Республикаси эса коммунистик Шарқий Блок давлатлари ҳамда Варшава Шартномаси аъзоси эди. Коммунизм қулаганидан сўнг, Шарқий Германия вилоятлари 1990 йил 3 октябрда Германия Федератив Республикасига қўшилиб, канцлер бошчилигидаги федерал парламентар республикага айланди.
Германия барқарор иқтисодиётга эга бўлган кучли давлат бўлиб, Европада энг йирик иқтисодиётга эга; номинал ЯИМ бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Саноат, илм-фан ва технология соҳаларда глобал етакчи сифатида у дунёдаги энг йирик учинчи экспорт ва импорт қилувчи мамлакатдир. Инсон тараққиёти индекси бўйича жуда юқори ўринни эгаллаган мамлакат сифатида, Германия ижтимоий хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида Европада етакчи, олий таълим бепул бўлган давлат ҳисобланади. Германия БМТ, НАТО, G7, G20 ва ИҲТТ аъзосидир. Шунингдек, у ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси объектлари сони бўйича тўртинчи ўринни эгаллаган.
Германия ҳақида қизиқарли фактлар
  • Германия қайта тикланадиган энергия соҳасини ривожлантириш бўйича дкнёда етакчи бўлиб, 2018 йилда ушбу соҳа мамлакатнинг етакчи энергия манбаи сифатида кўмир истеъмолини ортда қолдирди.
  • Мамлакатнинг деярли учдан бир қисми ўрмонзор бўлиб қолмоқда.
  • 2019 йилда 20 мингдан зиёд иштирокчиларни қамраб олган «Энг яхши мамлакатлар» глобал сўровида кўплаб одамлар бошқа мамлакатларга қараганда Германияда ишлаб чиқарилган автомобилларни афзал кўришларини айтишган.
  • Берлин ҳайвонот боғи 1844 йилда очилган мамлакатдаги энг қадимги ҳайвонот боғи бўлиб, дунёнинг барча ҳайвонот боғларига қараганда кўпроқ - 1300 дан ортиқ ҳайвон турларига эга.
Германияда дин
Германияда дин эркинлиги Германия конституциясининг 4-моддаси билан кафолатланган. Бу "дин, виждон эркинлиги ва ўз диний ёки фалсафий эътиқодларини эътироф этиш эркинлиги дахлсиздир", дегани. Христианлик Германиядаги энг йирик дин бўлиб, замонавий Германия ҳудудига IV асрда биринчи герман қабилаларининг динни қабул қилиши билан кириб келган. VIII ва IV асрларда Буюк Карл томонидан мамлакат тўлиқ христианлаштирилди. XVI аср бошларида Мартин Лютер бошлаган ислоҳотдан кейин кўп одамлар католик черковини тарк этиб протестант, асосан лютеран ва калвинистларга айланишди. Аҳолининг 68,7% ўзларини христиан деб билишади; немисларнинг атиги 10% Худога «мутлақо аниқ» ишонишади; 50% худога камроқ ишонишади. Немис аҳолисининг 5-6 фоизини мусулмонлар ташкил қилади, қолганлари эса буддавийлик, яҳудийлик, ҳиндуизм ва язидлик каби динларга эътиқод қилишади.
Германияда Ислом
60-йиллардаги меҳнат миграцияси, сиёсий қочқинлар тўлқини туфайли Ислом Германияда сезиларли даражада тарқади. 2021 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра аҳолининг тахминан 5,8% (тахминан 8,8 миллион киши) Ислом динига эътиқод қилади. XVIII асрда Германия ва Усмонли империяси ўртасидаги дипломатик, ҳарбий ва иқтисодий алоқаларнинг бир кўриниши сифатида мусулмонлар биринчи марта Германияга кўчиб ўтишган. 20 мусулмон аскари XVIII асрнинг бошларида Пруссиялик Фредерик Вильям I қўл остида хизмат қилган. 1745 йилда пруссиялик Фредерик II Пруссия армиясида мусулмонларнинг “Мусулмон чавандозлар”, деб номланган, асосан босниялик, албан ва татарлардан иборат бўлган қисмига асос солди. 1798 йилда Берлинда мусулмонлар қабристонига асос солинган.
Германия статистика идораси маълумотларига кўра 2005 йилда Германиядаги янги туғилган чақалоқларнинг 9,1 фоизининг ота-оналари мусулмон бўлган. 2017 йилда мусулмонлар ва Исломий муассасалар 950 маротаба ҳужумларга учраган, бунда уйлар фашизм рамзлари билан бўяб кетилган, ҳижоб кийган аёлларга таҳдид қилинган; таҳдид хатлари юборилган; 33 киши жароҳат олган. Деярли барча ҳолатларда жиноятчилар ўнг қанот экстремистлари бўлиб чиққан. Лейпциг университети томонидан олиб борилган 2018 йилги тадқиқот натижаларига кўра, немисларнинг 56% «мусулмонлар дастидан» ўзларини бегона одамлар каби ҳис қилишаётганини билдиришган, бу 2014 йилдаги 43% дан анча кўп. 2020 йил июль ойида Баден-Вюртемберг федерал ери таълим муассасалари ходимлари учун аллақачон амалда бўлган ҳижобга қўйилган тақиқнинг мактаб ўқувчилари учун ҳам қўлланиши тўғрисида қарор қабул қилди. Германия мусулмонларининг аксарияти Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида. Шунингдек, шиа, аҳмадийя, алавий мазҳаби эргашувчилари ҳам бор.
Германиядаги масжидлар
Германия Мусулмонлари Марказий Кенгаши октябрь бошида тахминан 2500 масжид борлигини эълон қилган.
Кёльн марказий масжиди

Кёльн марказий масжиди - Германиянинг Кёльн шаҳридаги катта масжид. Ушбу масжид Турк-Ислом Бирлиги Диёнат Ишлари Ташкилоти томонидан қурилган. Ушбу масжид Туркия президенти Эрдоған томонидан очиб берилди. Масжид янгича Усмоний меъморий услубда ишланган бўлиб, шиша деворлври, иккита минораси ва гумбази ўзгача кўрк бериб туради. Кёльн марказий масжиди Европадаги энг катта масжидлардан бири, Германияда эса энг катта масжиддир.
DITIB Merkez масжиди


Анъанавий Усмоний услубда қурилган масжид хонақоҳида 800 та ва қўшимча айвонда 400 намозхон учун жой ажратилган. Бино ўлчами 40x28 метр, минора баландлиги 34 мнтр, кумуш рангли гумбази эса 23 метрни ташкил этади. Умумий майдони тахминан 2500 м².

Shvetsingen саройи боғидаги Қизил масжид

Боғлар мажмуасидаги масжид Германиядаги энг қадимий масжид ҳисобланади. 1779–1791 йилларда француз меъмори томонидан қурилган. Масжид Германияда «туркча» услуб урф бўлган пайтда қурилган бўлиб, аввал бошидан ибодат қилиш учун мўлжалланмаган бўлган; кейинчалик эса турли диний мақсадларда хизмат қилган. Кўп йиллик уринишлардан сўнг масжид яна қайта кенг жамоатчилик фойдаланишига топширилди.
Yavuz Sultan Selim масжиди

Yavuz Sultan Selim масжиди Германиянинг Манхайм шаҳридаги диний муассаса бўлиб, унга подшоҳ Селим I номи берилган. Масжид 2008 йилгача Германиядаги энг катта масжид бўлган ва ҳар дам олиш кунлари 3000 га яқин мусулмонларни сиғдира олган. 1995 йилда масжид очилганидан буён бу ердаги мусулмон дўконлари ва ёшлар марказлари мусулмонлар жамоаси учун ҳузурбахш жойга айланди.
Shehitlik масжиди

Shehitlik масжиди Германиянинг Берлин шаҳридаги масжиддир. 2005 йилда қуриб битказилган ушбу масжид биноси Ҳилми Шеналп исмли меъмор томонидан Усмонийларнинг қайта тикланиш услубида ишлаб чиқилган. Тўрт қаватли бино 1500 намозхонни ўз ичига сиғдириши мумкин. Ушбу мажмуа таркибига маданият маркази ва ахборот маркази ҳам киради. Масжид ўз номини 1866 йилда дипломатик қабристон сифатида қурилган турк қабристонидан олган.
Бундан ташқари, Германияда бошқа Исломий конфессиялар томонидан молиялаштириладиган ва қўллаб-қувватланадиган кўплаб масжидлар мавжуд.
 
Фахриддин Салоҳиддинов тайёрлади.

Азон.уз