БУГУН "ЗИЁРАТ ВА САХОВАТ" ТАДБИРИ БОШЛАНДИ
4507
11-04-2021, 12:08
364
Ўқиш режими
+
-
МИСКИНЛАРНИ ЯХШИ КЎРИШ ВА УЛАР БИЛАН БИРГА ЎТИРИШ
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) орқали ҳазрат Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматига қилинган васият “Мискинларни яхши кўриш ва улар билан бирга ўтириш” жамиятда тенглик ва адолатни юзага чиқаради. Кўнгли яримлар ҳаётда нима учун яшаётганини англаб етади.
Мол-дунёнинг кўплиги бойлик эмас, балки қаноат ҳақиқий бойликдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васиятларида “мискин, камбағал ва бева-бечораларни яхши кўр ва улар билан бирга ўтир”, деганларининг ўзи мўмин киши учун етарли. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуоларида:
“الهم أحْيِنِي مِسْكِينًا وأَمِتْنِي مِسْكِينًا واحْشُرْنِي فِي زَمْرَةِ المَسَاكِينِ”
“Ё Аллоҳ, мени мискин ҳолда тирилтир, мискин ҳолда вафот эттир ва мискинлар гуруҳида қайта тирилтир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).
Пандемия сабабли бир қанча оилалар боқувчисини йўқотди. Улар қаторида етим қолган болалар ҳам бор. Барчамиз атрофимиздагиларга эътиборли бўлиб, қийин аҳволда қолган етимлар ва бева-бечоралардан хабардор бўлиб туришимиз, уларга озми-кўпми қўлимиздан келганча ёрдам бериб туришимиз динимиз тарғиботи ва одамийлик талабидир.
Юқорида келган ажру савоблар умидида бугун Қарши шаҳар бош имом-хатиби ҳамда "Хонақоҳ" жоме масжиди имоми Аҳмаджон домла Бойқобилов бошчиликларида 50 нафар боқувчиси йўқотган оилалар фарзандлари ҳамда отаси ёки онаси вафот этган кўнгли ярим етим болаларнинг Шаҳрисабз шаҳрига ташрифи уюштирилди.
Мазкур зиёратлар давомида болажонлар шаҳардаги "Темурбеклар мактаби", "Дорут-тиловат", "Дорус-саодат", "Оқ сарой" мажмуаларига ва бошқа табаррук масканларга саёҳат қиладилар.
Аллоҳ таоло бизни бахилликдан сақлаб, саховатли кишилардан қилсин!


Саёҳат давом этмоқда, бизни кузатишни давом этинг!ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги матбуот хизмати