РЎЗАНИНГ ФАРЗ ҚИЛИНИШИНИНГ ҲИКМАТЛАРИ
4557
16-04-2021, 18:15
412
Ўқиш режими
+
-
Аллох таолога шукрлар бўлсинки, яна бир Рамазон ойига кириб келишни ва руза тутишлик неъматини бизларга насиб этиб турибди. Бу ойни қалбида иймон завқи бўлган мусулмон инсон ўн бир ой давомида интизорлик билан кутади. Чунки бу ой мўминлар учун Аллоҳнинг раҳматидир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам: “Қачонки Рамазон кирса осмонларнинг (бир ривоятда Жаннатнинг) эшиклари очилади, Дўзахнинг эшиклари беркитилади, шайтонлар занжирбанд қилинадилар”, – деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари) .
Муборак Рамазон ойининг фазилатларидан бири гуноҳлардан покланиш ойи эканлигидир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам: “Кимки Рамазон (рўзаси) ни иймон ва иҳтисоб (савоб умиди) билан тутса унинг олдинги гуноҳлари кечирилади”, – деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Мўмин киши қачон гуноҳ қиладиган бўлса, қалбида бир қора доғ пайдо бўлади, агар тавба қилиб, ундан четланиб, истиғфор айтса, қалби ундан сайқаллашади. Агар гуноҳ ишини кўпайтираверса, ҳалиги қора доғ ҳам катталашаверади, ҳатто, қалби у билан қопланиб қолади. Шу дир Аллоҳ азза ва жалла китобида зикр қилган «Рон» дир: «Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир». (Байҳақий «Шуъабулиймон» да ривоят қилган).
Бу ой қалблар мусаффо қилиб олинадиган ойдир. Йил давомида қилган гуноҳларимиз учун мағфират қилинишнинг имкони бисёрдир. Рамазон ойининг ҳар бир куни ғаниматдир. Хабарларда бир кунлик фарз рўзани тутмаган киши қирқ йил жаннат ҳидини ҳидмайди, дейилган. Ҳа, бир кунлик фарз рўзасини тутмаган одам бир умр рўза тутса ҳам ўша фарз рўзанинг ўрнини тўлдира олмайди. Чунки ўша кун ҳечқачон қайта келмайди, кейинги кунлар эса кейинги амалларнинг фурсатидир.
Рўза инсон тарбияси учун дастур ҳисобланади. Барчамизга маълумки, тақвонинг маъноси ўзимиз билан Аллоҳ таолонинг сифатлари орасига тўсиқ қўйишимиз, яъни, У зотни қодир, ўзимизни ожиз деб билишимиздир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг азоблашидан ва жаҳаннамидан сақланишга ҳаракат қилишимиздир.
Рамамзон рўзаси инсонга бир ой давомида шаръий истиқоматни яъни шариат буйруқларини бажариш ва ман қилган нарсаларидан узоқлашиш неъматини ато қилади. Бу билан инсон шаръий истиқомат неъматининг ҳаловатини топади. Натижада Рамазондан кейин ҳам бу ҳаловатни қўлдан бермасликка интилади. Аллоҳ мени кўриб турибди деб ейиш-ичишдан тийилишда эгаллаган малакангиз гуноҳдан тийилишда ҳам қўл келади. Рўзадор одам шу рўзаси сабабли покланади, шу рўзаси сабабли тақводор бўлади, шу рўзаси сабабли гуноҳлардан тийилишни ўрганади. Шу билан рамазон ойининг ҳикмати намоён бўлади.
Муҳаммад Алихон Исмоилов
Яккабог туман
«Муродилло Хожи»
жомеъ масжиди имом-хатиби.