"ДАҚҚИЮНУСДАН ҚОЛГАН" ДЕЙИЛГАНДА НИМА НАЗАРДА ТУТИЛАДИ?
4632
25-04-2021, 12:23
884
Ўқиш режими
+
-
Халқ орасида бирор қадимги нарсага нисбатан баъзан “Даққиюнусдан қолган” деган ибора ишлатилади. Бу ибора бадий асарларда ҳам масалан, ёзувчи Ойбекнинг “ Қутлуқ қон” асарида: “Гулнор дақёнусдан қолган кафшини кийиб, чирик паранжига ўралиб, Йўлчи билан жўнади”-дейилган ўринда учрайди.
Хўш, даққиюнус сўзи нима маънони англатади?
“Даққиюнус, “даққиёнусдан қолган” сўз ва иборалар қадимий, эскидан қолган деган маъноларни беради. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “ Дақёнус. 1) қадимдан, алмисоқдан қолган, жуда эски, қадимий. 2) жуда ҳам эскириб кетган ” -деб изоҳланади.
Даққиюнус ким?
Ўзбекистон миллий энциклопедиясида: “ Дақёнус, Даққиюнус- қадимий Рим императори Диоклетиан (бошқа бир манбаларга кўра Деций) исмини мусулмон Шарқида кенг тарқалган ривоятлар ( хусусан, “Асҳобу Каҳф”) да шарқона аталиши. Марказий Осиёда араблар истилосига қадар мавжуд бўлган шаҳар харобалари, тангалар ва бошқаларни қадимийлигин англаш учун “Дақёнусдан қолган” деган ибора ишлатилади. Хоразм вилоятида жойлашган бир қатор қадимий шаҳарларга ҳозиргача афсонавий шоҳ-Даққиюнус асос солган деб нисбат беришади” дейилади.
Даққиюнус ҳақида қандай ривоят бор?
Даққиюнус ҳақида “Қурони Карим”нинг “Асҳобу Каҳф” сурасида ҳикоя қилиб шундай дейилади: “ Балки, Каҳф ва битик эгаларини бизнинг мўъжизаларимизнинг энг ажойиби, деб ҳиоблагандирсиз? “ (Каҳф сураси, 9-оят ).
“Асҳобу-Каҳф” арабча сўз бирикмаси бўлиб, у “ ғор эгалари” деган маънони англатади. Носириддин Рабғузийнинг “ Қисаси Рабғузий ” асарида қуйидагича ривоят қилинади: “ Рум шаҳрида бир Дақёнус деган чўпон бор эди. Аллоҳ таоло унга бениҳоя ( ганж) каромат қилди. Охири подшоҳ бўлди, кўп шаҳарларни тобе қилди. Бир катта шаҳарни босиб олиб пойтахт қилди. Олдинги шоҳнинг олти ўғли бор эди, уларни ўзига ҳамнишин қилиб олди. Бир куни ёв келди, деб хабар тарқалди. Дақёнус: “ Мен худоман, ким ҳам мен билан ёвлаша ола” деди. Бир куни тахтда ўтирган эди, туйнукдан икки мушук уришиб тушиб кетди. Дақёнус қўрқиб кетди. Яна бир куни овқат еб ўтирган эди, бир хира пашша ўралашиб қолди. Шунча уринса ҳам уни ҳайдаб юборолмади. Буни кўриб олти ака-укалар: “ Бир пашшага кучи етмайди-ю, худолик даъво қилади” деб Дақёнусдан кўнгиллари қолди. “Қачонгача бунинг хизматида бўламиз? Ундан кўра бу ерни тарк қилиб, бир гўшага бориб, Аллоҳ таолога ибодат қилайлик”, деб маслаҳат қилишди. Улар эски либос кийиб йўлга равона бўлишди. Йўлда уларга бир чўпон учради. Улардан “Қаерга борурсизлар?” деб сўради. Улар шаҳардан кетишлари сабабини айтдилар. Чўпон: “Бир оз сабр қилинглар, қўйларни эгаларига топширай, сизлар билан кетаман” деди. Улар кутиб турдилар. Чўпон қўйларни эгаларига топшириб қайтиб келди. Ака-укалар билан бирга йўлга тушди. Чўпоннинг бир ити бор эди. у ит ҳам уларга эргашди. Улар чўпонга: “ Итингни қайтар, мабодо яширинсақ овоз чиқариб ошкор қилади” дедилар. Чўпон итни роса қайтармоқчи бўлди аммо ит қайтмади. Чўпон итнинг оёғига урди, шунда ҳам ит оқсоқланиб эргашиб келаверди. Бу олти йигит Исо пайғамбар қавмидан эдилар. Улар бутпарастларнинг тайзиға учрадилар. Чўпон уларни Ражиб деган тоғдаги ғорга эргаштириб келди. Улар ғорга кириб ибодатга машғул бўлдилар. Ит ғорнинг бўсағасида ётар эди. Ғор олдида бир чашма ва бир дарахт бор эди. Чашмадан сув олар эдилар ва дарахт мевасидан танаввул қилдилар. Дақёнуснинг одамлари уларни изладилар аммо топаолмадилар. Бир куни улар ғорда ухлаб қолдилар. Бу ҳақда “Қуръони Карим”да:” Эсланг, ўшанда улар ғорга паноҳ истаб боришиб: Парвардигоро. бизларга ўз ҳузурингдан раҳмат-марҳамат ато этгин ва бизларнинг ишимизни Ўзинг ўнглагин, дедилар. Бас, Биз ўша ғорда бир неча йил уларнинг қулоқларига уриб (яъни, уларни ухлатиб) қўйдик ”дейилади. ( Каҳф сураси, 10-11 оятлар). Аллоҳ томонида юборилган фаришталар бир йилда бир марта уларни у ёнларидан бу ёнларига ағдариб қўяр эди. Улар анча вақт ўтиб уйғондилар, қоринлари оч эди. Улардан бири пул олиб бозорга таом учун жўнади. Унинг оти Ямлухо эди. У кўп йиллар ўтгани боис бозор йулини тополмади. Шу сабабдан Ямлихо халиям уйқудаманми, деган ўйга борди. У бозорни топгач, нон олиш учун нон сотувчига танга узатди. Нон сотувчи тангаларни кўриб даҳшатга тушди. Чунки тангалар бундан кўп йиллар илгари ўтган подшоҳ Даққиюнус даврида зарб қилинган тангалар эди. Нон сотувчи Ямлухони маҳкам ушлаб: “ Бу танга Дақюнуснинг тангаси-ку, Даққиюнуснинг оламдан ўтганига уч юз йилдан ўтди. Сен хазина топган кўринасан, мени шерик қилмасанг, подшога хабар бераман", деб уни қўрқитди. Ямлихо унга:" Бу нима деганинг ахир, биз кеча тоққа чиққан эдик, қорнимиз очиб, бугун нон олгани келдим, тангани ол ва нон бер" деди. Ямлихонинг ичига ваҳима кирди ва у: “Эй нон сотувчи, сен бекорга мендан ёмон гумон қилаяпсан. Мен бу тангаларни кечагина шу шаҳар одамларидан олган эдим-ку”, деди. Нон сотувчи Ямлиҳодан нотўғри шубҳаланиб уни подшоҳнинг ҳузурига олиб борди. Подшо Ястагод деган киши эди. Подшо ундан кимлигини, қаердан келганини суриштирди. Ямлиҳо ўтган гапларни айтиб берди. Подшо атрофидаги олимлардан: "Китобларда шу гаплар борми?" деб сўради. Бир олим: "Мен бир китобда ўқиган эдим. Дақёнус даврида олти йигит қочиб, тоғларнинг биридаги ғорга яширинади. Дақюнуснинг одамлари уларни излаб топишаолмаган ", дейди. Подшо: "Қани, отланинг, бориб кўрайлик", деди. Подшо ва унинг одамлари Ямлиҳо билан тоғдаги ғорга келишади. Ямлихо подшога: "Сиз берирокда туринг, мен ғорга кириб, сизнинг Дақёнус эмаслигингизни айтай, токи ғордагилар сиздан қўрқмасин", деди. Ямлиҳо ғорга кириб, подшо келганини ва у подшо Даққюнус эмаслигини айтади. Подшо ғор оғзига келиб: “ Эй ғордагилар қўрқманглар, сизлар қўрқадиган Даққиюнус мундан қанча йиллар олдин вафот этган. Энди у сизларга хавф солаолмайди” деди. Улар тарихни ҳисоблаб кўрсалар уч юз тўққиз йил бўлган экан. Бу ҳақда “Қуръони Карим ”да ҳам: “Улар каҳф-ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар” дейилади ( Асҳобу -Каҳф сураси, 25-оят). Подшоҳ уларни шаҳарга таклиф қилди, улар кўнишмади. Улар яна ғорда қолишди ва шу ерда вафот этишди. Шу сабабли уларни “Асҳобу каҳф” (Ғор эгалари) деб аташади.
Аллоҳ таоло паноҳ истаб ғорга кирган йигит ( Асҳобу-Каҳф)ларни бунча йил ухлатиб, уларни яна қайта тирилтиришдан мақсад нима эди?
Носириддин Рабғузий “ Қисаси Рабғузий ” асарида: "Ул элда икки турлук халойиқ бор эрди. Бириси айтур эрди, тенгри азза ва жалла жонни тиргизур, танни тиргузмас, дер эрди. Тақи бири айтур эрди, танни ҳам, жонни ҳам тиргизур. Қачон буларни кўрдилар эрса билдиларким, танни ҳам тиргизур эрмиш"дейилади. Шундан келиб чиқиб, Аллоҳ таоло одамлар орасида қайта тирилиш масаласидаги ихтилофларга “ Асҳобу Каҳф” ҳодисасини содир қилиш билан жавоб беради.
Мисрлик археолог ва тарихчи олим Муҳаммад Тайсир Аз-Забиён, Иорданиянинг Ражиб тоғидаги ғорларнинг бирида археологик қазишма олиб бориш натижасида ғорда дафн қилинган етти кишининг жасади ва уларга ҳамроҳ бўлган итнинг калла суяги ҳамда улар номи ёзилган лавҳ топилгани ҳақида маълумот беради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, халқимиз ўз нутқида ишлатадиган “Даққиюнус”, “Даққиюнусдан қолган” каби сўз ва ибораларида юқоридаги қадимий воқеага ишора қилади. Бу эса халқимизни қадимдан ўтмишни, тарихни яхши биладиган халқ эканлигини кўрсатади.
Р. Акбаров
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими