1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“ХАВОРИЖЛАРНИНГ СИРТҚИ КЎРИНИШИ”

27-04-2021, 13:42 434 Ўқиш режими + -



“ХАВОРИЖЛАРНИНГ СИРТҚИ КЎРИНИШИ”
       Бизни  тўғри йўл бўлган соф исломга ҳидоят қилган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар, соф исломни ўз сўзлари ва амаллари билан бизга тўла тўкис баён қилиб кетган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломга саловатлар бўлсин!
       Ислом уммати орасида ақийдада адашган қадимга ва ҳозирги замон фирқалари ҳақида фикр юритар эканмиз, эътиборингизни бир нозик масалага тортмоқчиман.  Ислом ақийдасидан адашган деб  эътироф этиладиган фирқа аъзоларининг динда ўзлари билиб тушинган  Ислом шахсиятига оид  амалларига назар ташлайлик.
       Такфир (куфрда айблаш) масаласида  кескин адашувга кетган ва  диний оқимларнинг  биринчиси бўлган хаворижлар фирқаси исломнинг шахсиятга оид бўлган амалларида қаттиқ риоя қилганлари ривоятлардан маълум. Масалан:
      Улуғ саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Хаббоб  кўзлари ёришига бир ойлар чамаси қолган ҳомиладор хотинларини эшакларига миндириб келаётганларида Наҳравоннинг олдида бир неча нафар хавориж тоифасидаги мусулмонларга йўлиқиб қолишди.Хаворижлар тўхтатиб:
  • -         Кимсан? –деб сўрашди.
  • -         Абдуллоҳ ибн Хаббобман – деди. 
  • -         Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси ибн Хаббобнинг ўғлимисан? Сени ва хотинингни қўрқитиб юбордикми?
  • -         Ҳа – деди. 
  • -         Сизларга хатар йўқ. Ҳурсанд бўлинглар, сизлар омондасизлар,  деб кетишди.
     Абдуллоҳ ибн Хаббоб уларга ташаккур изҳор қилди.  Лекин   улар яна ортларига қайтиб келиб:
  • -         Буюк саҳобий бўлган отангнинг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисларидан бизга ҳам айтиб берсанг, зеро манфааат топсак, - дейишди. 
      Шунда Абдуллол ибн Хаббоб  отам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишларича Ул зот шундай деган эканлар: “Фитна бўлади. Унда инсоннинг танаси ўлгани каби қалби ўлади. Кечқурун мўмин бўлса, тонгда кофир бўлиб қолади. Тонгда мўмин бўлса кечда кофир бўлиб қолади” – дедилар. Хаворижлар:
  • -         Сендан шу ҳадисни сўраганмидик–деб норози бўлиб гапиришди. Абу Бакр ва Умар ҳақида нима дейсан, дейишди.
      Абдуллоҳ ибн Хаббоб улар ҳақида яхши фикрлар билдирдилар. Хаворижларга бу гап ҳам ёқмади ва уни ўлдириш учун йўлга тушишди.  Йўлда кетаётиб хаворижлардан бирининг рўпарасидан (насронийлардан бўлган аҳдлашган) зиммийнинг чўчқаси чиқиб қолди ва уни ўлдирди. Олдидаги бошқа хаворижлар: “Бу нима қилганинг? Ахир бу ер юзида фасод иш қилишку? –деб уни маломат қилишди. Шунда Абдулоҳ ибн Хаббоб мийиғида табассум қилиб “... чўчқадан ғазабланиб туришибди. Мен мусулмонман, улар эса Қуръонни ҳақ ила ёд кўтарганлардир” дедилар.   Сўнг ундан Усмон розияллоҳу анҳунинг чиқарган ҳукми ҳақида сўрадилар, у киши хазрати Усмонни мақтадилар. Сўнгра у кишидан хазрати Али ва  у кишининг таҳким(одамларни ҳакам қилиш) ҳақидаги ишларини сўрашди. Шунда Абдуллоҳ ибн Хаббоб хазрати Алини мақтадилар ҳамда  у киши ҳақида “Али мендан ҳам сиздан ҳам кўра Аллоҳнинг китобини яхши билгувчироқдир ва динда  сиз-у биздан кўра тақводорроқдир” дедилар. Шунда хаворижлар  Абдуллоҳ ибн Хаббобга:
      “Сен ҳаво-ю нафсга эргашаяпсан, одамларни исмларига қараб дўст тутинасан, ишларига қараб эмас. Аллоҳга қасамки, сени шундай қатл қиламизки, ҳали ҳеч кимни ундай қатл қилмаган бўламиз” дедилар. Абдуллоҳ ибн Хаббобни эшакдан тушириб, ип билан боғлашди. Буни кўрган хотинлари йиғлаб чинқираб қолдилар. Абдуллоҳ ибн Хаббоб: “Мен ҳам , хотиним ҳам мусулмонмиз. Сизлар эса Қуръонни ёд кўтаргансизлар. Биздан нима ёмонлик кўрдинглар?!” дедилар.
       Абдуллоҳ ибн Хаббобни боғлашган арқонини ечиш ўрнига унга   фожиа қилинди. Тўққиз ойлик ҳомиласи бор хотинини ҳам эшакдан туширишиб уни ҳам арқон билан ҳурмо дарахтига маҳкам  боғладилар. Шунда ўша ҳурмо дарахтидан бир хурмо узилиб ерга тушган эди, хаворижлардан биттаси уни еб қўйди. Буни кўрган бошқа хавориж бирданига: “ Эгасидан рухсат сўрамай оласанми? Пулини тўламай оласанми? Бу ер юзида бузғунчилик қилиш-ку!” деб уни маломат қилди. Шу вақт ўлдирилган чўчқанинг зиммий бўлган насроний эгаси келиб қолиб, нима сабабдан унинг чўчқасини ўлдиришгани ҳақида сўраб қолди. Хаворижлар насронийга чўчқасининг пулини тўлаб беришди. 
     Буюк саҳобийнинг ўғли Абдуллоҳ ўзи ва хотини мусулмонлигини, қатл этилишга лойиқ бирор иш қилишмаганини айтиб қолаверди. Аммо хаворижлар ҳаммалари такбир айтган ҳолларида у зотни сўйдилар. Сўнгра хотинини ҳам  қичқирганига   парво қилмай сўйдилар ва  қорнини ёриб боласини чиқариб ташладилар. Шу вақтда   хотинини қутқармоқчи бўлиб келган уч аёлни ҳам қатл қилдилар.
     Ушбу тарихий ҳодисадаги  айрим   ҳолатларга диққатингизни тортмоқчиман:
Биринчиси. Хаворижлар улуғ саҳоба Абдулуллоҳ ибн Хаббоб ва унинг хотинига йўлиқишганларида саҳобанинг ҳурматини жойига қўйишиб, омонлик беришди. Бу ўринда хавориж мусулмонлари Абдуллоҳ ибн Хаббобни саҳобалик ҳурматини ҳамда мусулмонлик ҳаққи- ҳурматини жойига қўйишмоқда.
Иккинчиси. Абдуллоҳ ибн Хаббобдан ҳадис айтиб беришини сўрашди. Бундан  хаворижларнинг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини эшитишга бўлган иштиёқлари баландлиги кўриниб турибди.
Учинчиси. Хаворижлардан бири зиммийнинг чўчқасини ўлдирганида бошқа хавориж бу иш учун уни маломат қилмоқда. Чўчқани ўлдирган хавориж  чўчқа гўштининг ҳаром қилинганлиги ва уни ўлдириш жоизлиги жумҳур уламоларнинг иттифоқига кўра шариатда борлиги юзасидан қилган. Лекин зиммий (мусулмонлар билан тинчлик аҳдномаси тузиб жизя тўлаб турадиган насроний ёки яҳудий) агар у аҳдини бузмаган бўлса унинг мулки ҳоҳ ҳалол бўлсин ҳоҳ ҳаром бўлсин мусулмонлар унга тегиши мумкин эмаслиги бобида у хаворижга бу жиҳатдан хабар бўлмаганлиги кўринмоқда. Танбеҳ берган хавориж эса зиммийнинг Исломдаги ҳаққини ҳимоя қилмоқда. Чунки зиммий шариатда мусулмонларнинг ҳимоясидаги одамдир.
Тўртинчиси. Зиммий чўчқасининг ўлдирилиши сабабини сўраб келганида, хавориж мусулмонлари   унга чўчқасининг қийматини бериб   юборишди. Чунки айб чўчқани сўйган хаворижда эди.
Бешинчиси. Хавориж бировнинг ҳурмосини изн сўрамасдан еб қўйганида шериги унга бу ишнинг ножоизлиги  борасида танбеҳ бермоқда. Танбеҳ берувчи хавориж  эса бу ишга амри маъруф ва найҳ мункар фарзлиги жиҳатидан ёндашмоқда.
Олтинчиси. Ушбу тарихий ҳодисада хавориж мусулмонларининг орасида Қуръони каримни ёд кўтарганлари ҳам борлиги Абдуллоҳ ибн Хаббобнинг “Мен мусулмонман, улар эса Қуръонни ҳақ ила ёд кўтарганлардир” деган сўзларидан маълум бўлмоқда.
      Эътибор берган бўлсангиз хавориж мусулмонларида шаръий илм ўта саёз бўлсада, аммо  исломнинг шахсиятга оид амалларида риоя қилганлари аён бўлмоқда. Бироқ шундай бўлсада хаворижларнинг ёмонликлари мусулмонлар учун ошиб тушди. Бирорта тоифа, ҳатто яҳудий ва насронийлар ҳам хаворижларчалик ислом умматига ёмонлик етказган эмаслар. Хавориж мусулмонлари ўзларининг бидъат бўлган   (гуноҳи кабира қилган мусулмон кофир бўлади, деган) фосид  фикрларига мувофиқ келмаган бошқа мусулмонларни кофирликда айблаб, уларнинг   қони ва молини ҳалол ҳисоблаб, ҳатто уларнинг  болаларигача қатл қилганлар. Жиддий илмсизликлари боис Қуръон ва суннатни нотўғри таъвил қилишлар оқибатида ақийда масаласида адашдилар, ҳамда  юқоридаги ваҳшиёна  ишларини диндан, тақводан деб ҳисобладилар. Имом Ибн Можанинг “Саҳиҳ”ларида Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Хаворижлар жаҳаннамнинг итларидир” деб башорат берганлар. Тоғдек–тоғдек қилинган савобли ишлар ҳам бузилган ақийда келтирган   талофатни қоплай олмайди.  Чунки ақийда нотўғри бўлса унинг устида қурилган амал ҳам нотўғри бўлади.
      Энди бугунги кунда мусулмонларни, ислом уламоларини ҳамда ислом диёрларини куфрда айблаётган  ақийдада адашган ва бугунги кун аср хаворижлари дея эътироф этилаётган  тоифаларга назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг ҳам ҳудди қадимги хаворижлар каби исломнинг шахсиятга доир амалларда зоҳиран риоялари борлиги кўринади.  Айни ана шу нарса ақийдада илми саёз, динга қизиққон ёшларни   уларнинг сафига ўтиб қолишларига сабаб бўлмоқда. Чунки шаръий илми саёз айрим ёш мусулмонларнинг  наздида     сўзга бой, нотиқ мусулмон киши қўлини силкитиб-силкитиб баланд овозда (дағалроқ) маъруза қилса, бас, мободо ўша маъруза бидъат ва хурофотга асосланган бўлса ҳам     уларнинг наздида “ҳақ” бўлиб қолаверади. Аммо муҳаққиқ   олим киши   вазминлик ва одоб билан шаръий далилларга асосланган маъруза қилса уларнинг наздида у  ҳақ ёки ноҳақ ҳам бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.
      Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, биз мўмин мусулмонлар ҳақ билан ноҳақни ўлчашда  юқоридаги каби  ҳис-туйғуни   эмас,   балки, шаръий мезонларни ўлчов қилиб олишимиз  керак. Агар бу борада билимимиз бўлмаса зикр аҳлидан-ислом уламоларидан сўраб билишимиз лозим бўлади. Ана шунда Аллоҳ таолонинг                          لا تعلمون َفاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُم
“Агар (бирор нарсани) билмасангизлар аҳли зикрдан сўранглар” (Наҳл сураси, 43-оят)ига амал қилган бўламиз.
 ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги

масъул ходими
Рустам домла Қиличев.