БУ МЕН УЧУН ОҒРИҚЛИ МАВЗУ... (3-ҚИСМ
4742
5-05-2021, 16:18
401
Ўқиш режими
+
-
– Устоз, мана, бир минг уч юз йилдан бери бизнинг оғриқли масалаларимиздан бири, ихтилофларимизга сабаб бўлиб турган нарса – "салафий" биродарлар билан, бошқалар билан ихтилофлар манбаи ақидага бориб тақаляпти. Умуман олганда, бу мавзуни бунчалик тор олиш, яъни фақат биз ҳақмиз, сиз ноҳақсиз дейиш қанчалик тўғри? Масалан, ўтган уламоларнинг "ақидада бирлашилади ва ақидада ажрашилади" каби баъзи гапларини ҳужжат қилиб олишади. Ҳатто ака укага ёки эр хотинга қарши бориб қолиб, оилалар пароканда бўлаётган ҳолатларни ҳам кўришимиз мумкин.
Юқоридаги "ақидада бирлашамиз, ақидада ажралишамиз" деган сўз тор тушунчага эгами? Яъни фақат "ашъарий" ёки "мотуридий" бўл, ёхуд "салафий" бўл, дегандек. Шахсий фикримни айтсам, бу унчалик тор олинадиган мавзу эмас-да. Ҳаммамиз "аҳли сунна" бўлишни даъво қиламиз. Ўртамиздаги фарқлар ҳам бир-биримизни залолатда айблайдиган фарқлар эмас. Яъни «ақидада бирлашамиз», деб «сен бошқа ақидадасан» дейишнинг ўзи "ислом динида эмассан, бизнинг ақидада эмассан, сенинг ақиданг нотўғри, демак, сен тавҳидда ҳам эмассан" деган маънони билдирмайдими? Бу қанчалик хатарли сўз? Яъни "аҳли сунна"дан чиқариб қўядиган сўз эмасми бу? Шу сўзни ишлатаётганда қанчалик эҳтиёт бўлиш лозим, бу қанчалик тор ёки кенг тушунча?
– Тушунарли. Бу ҳақида фикримни билдиришдан олдин бир нарсани таъкидламоқчиман: мен ақидада Мотуридий ақидасидаман. Мотуридий – бу номланиши, холос, бу – ислом ақидаси. Мазҳабда ҳанафийлик мазҳабидаман. Буниям мазҳаб деб айтиш шарт эмас. Бу – мусулмон киши қиладиган амаллар. Агар руҳий тарбия маъносини оладиган бўлсам, диёримизда кенг тарқалган Нақшбандий тариқатига ўзимни мансуб биламан. Яъни олдиндан асосларимни айтай.
Саволга тўғридан-тўғри жавоб айтадиган бўлсам "мен мутлақман, тўғриман" деган фикрдан йироқман. Гапларимни асослашга ҳаракат қиламан.
Биринчи айтмоқчи бўлганим, ўтган йили диёримизга ислом оламида жудаям машҳур ақида олими, калом олими – шайх Саид Фуда ҳафизаҳуллоҳ ташриф буюрдилар. У кишининг баъзи суҳбатларида иштирок этдик. Эътиборга молик бир сўзларининг айнан сизнинг саволингизга жавоб бўладиган жиҳатига тўхталаман. Бу киши ислом оламида жуда ҳам машҳур. Ҳозирги пайтда энг сўзи ўтиб турган, ақида ва илми каломда жуда ҳам пешқадам зотлардан. Кўплаб китоблари бор. У киши айтдики: "Диндан нима чиқаради? Динга олиб кирган сўзнинг тескарисини айтиш диндан чиқаради. Бизни "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ" калимаси динга олиб кирди. Энди, наузубиллаҳ, мана шу сўзни, мана шу ақидани тескарисини айтса, диндан чиқиб қолади. Ундан бошқа ҳолатларда диндан чиқмайди". Бундан бошқа масалада, ақида масаласида нотўғри эканлиги аниқ бўлган нарсада хилоф қилган одам залолатда бўлади. Диндан чиққан бўлмайди. Кофир ҳукми берилмайди, такфир қилинмайди.
Мен ўзи ақида масаласига тўхталмоқчи эмас эдим. Чунки бу масалада жудаям ўзимни эҳтиёт қилиб, Аллоҳнинг борлигига, Аллоҳ бирлигига иймон келтирганман, ҳамма нарсани Роббимнинг ҳузуридан деб қабул қилганман. Бундан бошқа нарсага кирмайман. Бу менинг далилларим кучсизлиги ёки қўрққаним учун эмас. Мен бу тўғрида яқиний иймонга эгаман. Яъни ҳеч қанақа шубҳа бўлмайдиган иймонга эгаман. Аллоҳ бор, Аллоҳ бир, Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда зикри келган ҳамма исм-сифатларига тўлалигича иймон келтирганман. Ҳеч қанақа мен уни баҳс ҳам қилиб ўтирмайман, ўйлаб ҳам ўтирмайман, фикрлаб ҳам ўтирмайман. Мени кўр-кўрона эргашадиган ақидапараст дейдими ёки бошқа дейдими, менга қизиғи йўқ. Мен иймонимни мана шундай таърифлайман. Энди орада бўлаётган бу тўғридаги хилофларга жавоб бўладиган бўлса, Қуръонни тиловат қилиб туриб ҳайрон қолавераман: нега эътибор қилмаймиз шу ояти каримага? Ҳаммамизнинг асосий даъвомиз Қуръон, суннат бўлади-да, лекин негадир Қуръон-суннатнинг таълимотларига эътибор қилмаймиз.
Айнан шу маънода, озгина каттароқ бўлса ҳам, шу ояти кариманинг қисқача тафсирини қилиб ўтсам.
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло муташобеҳ оятлар ҳақида, ҳозир биз ихтилофларга сабаб бўлиб турган оятлар ҳақида сўз юритади. Муташобеҳ – ундан бир неча хил маъноларни олиш мумкин бўлган дегани. Мана ҳозирги пайтда "Аллоҳ қаерда?" ёки "Аллоҳ таоло аршга истиво этди", "Аллоҳ таолонинг қўли", "Аллоҳ таолонинг юзи" – шунга ўхшаган ибораларга биз қандай муносабатда бўлишимиз кераклиги, мана шундай ихтилофлар чиққанда бирлигимизни сақлаш учун нималар қилишимиз кераклиги ҳақидаги ояти карима. «Оли Имрон» сурасидаги 7-оятда Аллоҳ айтяптики: "Бу зот сенга китобни нозил қилди (Пайғамбар алайҳиссаломга хитоб бўляпти). Қуръони каримни нозил қилди. Бизга нафақат ихтилофлар масаласида балки ҳамма масалада дастуруламал бўлган Қуръон нозил қилганлигини Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга айтяпти – У китобда (Қуръони каримда) муҳкам оятлар бор. “Муҳкам”нинг маъноси маҳкам, мустаҳкам, ўзгармас деганидир. Ҳеч ким "қандай маъно чиқар экан, ундаймикан-бундаймикан" деб ўйламайди. Маъносида иккиланиш йўқ. Масалан, мана Аллоҳ таоло "намозни қойим қилинг", деди. "Намозни қойим қилиш кўчада югуриб юришми, ёки унни элашми, ёки бировни бир жойга ҳурматлаб ўтқазишми", деган маънолари йўқ. Фақат намоз ўқиш. Ундан бошқа маъно чиқмайди. Буни муҳкам оят дейилади. Ёки "закот беринг", деяпти. "Закот беринг" дегани бўйинга уришми ёки белдан тортишми деган маъноси йўқ. Айнан “закот беринг” бўляпти. Молингизни покланг. Яъни бу тушунилган ўша закот масаласи. Демак, бу оятлар муҳкам оятлар. Бунақа оятлар уммул китобдир, китобнинг асосини ташкил қилади. Қуръони каримнинг асоси айнан муҳкам оятлардан иборат. Ҳаммасининг маънолари аниқ, амал қилишимизга ҳеч қандай ижтиҳод қилиб, "намоз ўқишимиз керакмикан ё керак эмасмикан, закот беришимиз керакмикан ё керак эмасмикан" деб баҳс қиладиган эмас. Шунинг учун ҳам бу тўғрисида умуман баҳслар йўқ.
Бунга бир мисол айтаман. Қуръонда, суннатда очиқ баён қилинмаган ёки умуман баён қилинмаган ҳукмлар бўлганлиги учун шариатда кўп масалаларда ихтилофлар бор. Лекин битта масала – мерос масаласида мазҳаблар ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Чунки мерос масаласини Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони каримда баён қилган. Муҳкам оятларни баён қилганлиги учун ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Жудаям жузъий, ҳаётда миллиондан бир учраши мумкин бўлган ҳодисаларда ихтилоф бўлмаса, қолган ҳамма масалада, мерос масаласида ихтилоф йўқ. Энди айнан бизга тааллуқли бўлган, бизнинг ихтилофларимизга сабаб бўлаётган қисмига тўхталиб Аллоҳ дедики, асосдан ташқари, Қуръони каримнинг асосини ташкил қиладиган муҳкам оятлардан ташқари муташобеҳ оятлар бор. Мана энди Аллоҳ таолонинг хитобига, Аллоҳ таолонинг амрига, Аллоҳ таолонинг таълимига эътибор қаратайлик, эй мўминлар, мана шу нарса ёдимиздан чиқмасин. "Қалбларида тойилиш, қалбларида бузилиш, қалбларида ҳақдан бурилиш, залолатга мойиллик бор кимсалар ундан муташобеҳ бўлганларига эргашадилар". Қуръони каримнинг айнан ўша жойини топишади. Масалан, "Аллоҳ таоло аршга истиво этди", "Аллоҳ таолонинг қўли уларнинг қўлларини устида". Айнан шу жойларини қидириб юришади. Мана, ҳозирги пайтда тортишаётган мусулмонларнинг ҳолига эътибор қиладиган бўлсангиз, минглаб оятлар туриб, бешта-олтита оятнинг баҳси бўляпти доим. Шунга эргашиляпти, шулар кўтариб чиқиляпти. Шундан бошқа нарса кўтариб чиқилмаяпти. Аллоҳ таоло "намоз ўқи" деган. «Нимага жамиятда кўпчилик намоз ўқимаяпти?» деган масала йўқ. Аллоҳ таоло закотни фарз қилган. "Нимага ҳамма бой, имкони бор одамлар закот бермаяпти?" деган масала қўйилмаяпти. Лекин жудаям нодир бўлган, кам бўлган муташобеҳ оятлар кўтариб чиқиляпти. Чунки Аллоҳ таоло айтяптики: "Қалбларида бузилишга мойиллик бор инсонлар ана шулар ортидан эргашишади.... Фитна талабида, уни таъвил қилиш талабида мана шу ишни қилишади". Таъвил масаласига тўхталиб ўтирмаймиз, қисқача баён қиламиз.
Ўша ояти каримадан, лафздан тўрт хил-беш хил маъно тушуниладиган бўлса, масалан, истиво – "кўтарилди", "устига чиқди", "баланд бўлди", "ғолиб бўлди" деган турли хил маъноларни ўз ичига олади. Ўша маъноларнинг қайси бири олиниши – буни таъвил қилиш дейилади. Таъвилнинг қонун-қоидалари бор. Мен унга тўхталмайман. Сабаби ҳозир баҳс қилаётган одамлар бу нарсани умуман тушунмайди, бунга тўхтала олмайди. Шунинг учун бу нарсани ўзи кўтариб чиқмаслик керак. Лекин Аллоҳ таоло ҳаммамизга омматан айтяпти: "Буни истаган кишилар фитна талабида исташяпти". Аллоҳ қатъий айтяпти: "Бунинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди".
Уламолар турли фикрлар айтишган таъвил борасида ва ўша таъвил қилишган жойлари бор. Булар бир фикр сифатида қолаверади. Чунки унинг таъвилини фақат Аллоҳ таоло билади, ундан бошқа ҳеч ким билмайди. Қироатдаги фарқ билан илмдаги баъзи росиқ зотлар ҳам билади деган қироатлар ҳам бор. Лекин асл қироат жумҳур қабул қилган қироат – фақат Аллоҳ таоло билади. Энди ўша жумҳурнинг тафсирига кўра, илмда мустаҳкам бўлган зотлар: "Буларнинг ҳаммасига иймон келтирдик", – дейишади. Чунки булар иймонни синайдиган нарсалар, Аллоҳ таолонинг ишлари. Нима шуни очиқ маъносини айтиб қўйса бўлмасмиди? Бўларди. Ҳамма нарсага қодир зотга бу ҳеч нарса эмас. Фақат иймонимизни синаш учун. Ҳақиқий динда росиқ, илмда росиқ (росиқ деган оёғини мустаҳкам қўйиб олган, у ёқ-бу ёққа қалтираб йўлдан чиқиб кетиб қолмайдиган) кишилар: "Биз бу оятларнинг ҳаммасига иймон келтирдик. Ҳаммаси Роббимиз ҳузуридан", дейишади.
Қаранг, шунчалик очиқ-ойдин оятлар турибди. Мени иккилантиргани, шу пайтгача бу оятни далил қилиб айтмаганимнинг сабаби – кўп ўргандим. Оят атрофидаги таъсирларни кўриб чиқдим, фикрларни ўргандим. Ўрганишим ҳам шартмасакан, изланишим ҳам шартмасакан. Аллоҳ шу оятнинг давомида сароҳатан айтиб қўйган экан. Жуда бунақанги чуқур кетиш шарт эмас экан: "Бу оятлардан фақат ақл эгаларигина насиҳат олишади, ақл эгаларигина зикр олишади". Модомики, ақл эгасимиз десак ёки ақл эгаси бўлишга номзодмиз деб ўзимизни ақлли киши бўлишимизни хоҳлайдиган бўлсак, мана шу оятдан ташқарига чиқмайлик. Хилоф ўз-ўзидан барҳам топади. Хилофга, ихтилофга ўрин қолмайди. Хоҳ у томон бўлсин, хоҳ бу томон бўлсин. Чунки буларнинг илми ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ҳузурида. Ҳеч қачон қиёматда "сен Аллоҳга қўл исбот қилдинг ёки сен Аллоҳга қўл нафий қилдинг", деб биздан савол-жавоб бўлмайди. Ёки бу бизни динимиздан, иймонимиздан чиқариб қўймайди. Залолат бўлиши мумкин. Ким залолатда эканлигининг илми ҳам Аллоҳнинг ҳузуридадир.
Суҳбатдош: Қудратуллоҳ АҳмадАзон.Уз