Закот ўринлари
Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса покланади, бўлмаса, йўқ. Закоти берилган молга барака киради, у шунингдек, кўпайиб ўсади. Закот фақир, мискинларнинг ҳаққи бўлиб, уларни кечиктириш билан гуноҳкор бўлади. “Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Узрсиз закотни беришни кечиктирган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” (Иноя шарҳул ҳидоя).
Аввало закотни олишга ҳақли кишиларни зикр қилар эканмиз, бунинг далилини келтириб ўтамиз. Аллоҳ "Тавба" сураси 60 – оятида шундай марҳамат қилган: “Албатта, садақалар фақирлар, мискинлар, унда ишловчилар, қалблари улфат қилинадиганлар, қуллар, қарздорлар, Аллоҳнинг йўлида ва ватангадо учундир. Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ ўта билувчи ва ўта ҳикматли Зотдир”, деган (Тавба, 60).
Ушбу ояти каримада мусулмонларнинг молларидан чиқарилган закотни олишга кимлар ҳақдор экани аниқ баён қилинмоқда. Юқорида санаб ўтилганлардан “диллари Исломга ошно қилинувчилар” ҳазрати Умар даврида закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган. Қулдорлик тугатилгани сабабли “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд эмас.
Закотнинг рукни закот олишга лойиқ кишига мулк қилиб беришдир. Масжид ва бу каби жойларга закотни сарфлашда мулк қилиб бериш топилмайди. “Закотни масжид, кўприк, сув омбор, йўл тузатиш, канал қазиш, закот эгаси ҳаж қилиши, сафарбарликка сарфлаш ва закот олишга лойиқ кишиларга мулк қилиб бериш топилмайдиган барча суратларга сарфлаш жоиз эмас” (Фатавои ҳиндия).
Закот беришни, ҳақли бўлишса, ака-ука, опа-сингил ва уларнинг фарзандлари, амаки-амма ва уларнинг фарзандлари, тоға-хола ва уларнинг фарзандларидан бошлаш афзалдир.
Шариатимизга кўра қуйидагиларга закот берилмайди:
1. Бой кишиларга;
2. Бошқа дин вакилларига;
3. Бой кишининг балоғатга етмаган фарзандига;
4. Ўрталарида туғилиш алоқаси бўлганлар яъни, ота-она ва ўғил-қизларга;
5. Эр ёки хотинга;
6. Ҳошимийлар, яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қариндошларига.
Закотда закот олувчи фақир бўлиши ва унга закотни мулк қилиб берилиши закотни адо бўлиш шартларидандир. Шунинг учун закот олувчига закотни мулк қилиб бериш лозим.
Фақирга закотини сарфласа-ю, фақир уни қўлига олмагунича закот адо бўлмайди” (Фатавои ҳиндия).
Закотни дафн маросими ёки маъракалар учун ишлатиб бўлмайди. Чунки закот адо бўлиши учун ажратилган маҳсулот ёки пул маблағларини камбағал кишининг қўлига мулк қилиб берилиши керак. Бунинг устига, кўпгина камбағал кишиларни йиғиб, ажратган закотидан уларга зиёфат қилиб берса ҳам, закот ўрнига ўтмайди. Бу ерда муҳтожларга молни мулк қилиб бериш топилмайди. Шунинг учун закотни шариатимизда белгиланган кишиларга мулк қилиб берилиши тўғри бўлади.
Закотни, шу жумладан вожиб садақалар: ушр, фитр садақаси, фидя ва назрларни умумий хайрияларга ўтказиб бўлмайди. Чунки Қуръони каримда закот ва бошқа вожиб садақалар кимларга берилиши аниқ белгилаб қўйилган. Закот моли муҳтожларнинг қўлига пул ёки маҳсулот шаклида мулк қилиб топширилиши шарт.
Етимхонадаги фақир болаларга закотни мулк қилиб берса, закот адо бўлади. Агар бир шахсга мулк қилиб бермай, етимхонанинг ташкилий ишларига закотни сарфласа, жоиз эмас. Масжид қурилиши ва унинг коммунал тўловларига сарфланганда закот адо бўлмагани каби закотга ҳақдор бўлган кишиларга закот берилмаса, закот адо бўлмайди.
Закот ўз эгаларига мулк қилиб бериш билан адо бўлади. Мулк қилиб бергандан кейин улар закот маблағини нима қилсалар ўзлари биладилар.
Мусофир дунёнинг қаерида бўлса ҳам, унинг молидан бериладиган закотни моли турган жойдаги ҳақдорларга тарқатилади. Садақаи фитрни эса мусофир ўзи қаерда бўлса, ўша жойдаги ҳақдорларга беради. Шунинг учун закотнинг қийматини мол турган жойнинг ҳисобига кўра, садақаи фитрнинг қийматини эса мусофир турган жойдаги ҳисобга кўра ажратилади.
М. Қораев – “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби