ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИРИБГАРЛИК ВА АЛДОВЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ! (1-қисм)
4861
18-05-2021, 18:25
406
Ўқиш режими
+
-
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИРИБГАРЛИК ВА АЛДОВЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!
(1-қисм)
Кундан-кунга ижтимоий тармоқларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Уларнинг жамият учун ижобий жиҳатлари билан бирга, салбий таъсирини ҳам қайд этиш лозим. Кўплаб юртдошларимиз бу соҳада фойдали фаолият олиб бориб, ўзларига ҳам, жамиятга ҳам манфаат келтиришмоқда. Жумладан, фан, маданият, реклама, савдо-сотиқ, кўргазма ва илмий фаолиятлар халқаро тармоқларда олиб борилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Аммо, “гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, бу соҳада ҳам одамларнинг соддалиги, ишонувчанлигидан фойдаланиб, фирибгарлик билан шуғулланувчилар топилади. Аслида, динимиз ҳар бир ишда тўғри сўз бўлишга тарғиб қилган. Тўғри сўзликнинг самараси ўлароқ – Аллоҳ таоло банданинг барча ишларини тўғирлаши ваъда қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ
وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا
яъни: “Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб сураси 70-71 оятлар).
Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарликларни шартли равишда иккига бўлиш мумкин:
- Молиявий фирибгарлик.
Кейинги пайтларда халққа хизмат қилиб келаётган кўплаб хайрия фондлари “соя”сида одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, алдов йўли билан ҳаром мол тўпловчилар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Масалан, ёлғондан бирор бемор кишининг суратини қўйиб, ёрдам сўралади ва пул ташлаш учун карталар жойлаштирилади. Бунга ишонган кишилар карталарга пул жўнатишади. Шундай қилиб холис кишиларнинг маблағларини фирибгарлар ўзлаштирадилар.
Гоҳида фирибгарлар ижтимоий тармоқларга турли мақсадларда ўз пластик карталарини жойлаштирган кишиларга пул ташлаб берамиз, деб махфий кодни ёки тўлиқ карта маълумотларини сўрашади, код ёки маълумотлар айтилса, карта ичидаги пулни тортиб оладилар.
Бошқа ҳолатларда сизга тўлов қилганини айтиб, ҳисобни текшириш учун ҳавола (ссылка) жўнатади. Ўша ҳаволани очиб кўрилса, сизнинг картангиздан пулни ечиб оладиган тизим ишга тушади.
Одамларни чалғитадиган жиҳати телефон қилиб маълумотларни сўрайдиган фирибгар ўзини фалон банкни хизматчисиман, деб таништириши ҳам мумкин. Бу ишларнинг барчаси замонавий фирибгарлик – ўғриликдир.
Ўғрилик – динимизда катта гуноҳлардан саналиб, дунёда ҳам жазо тайинланган жиноятлардан биридир. Ўғрилик қадимдан барча илоҳий динларда гуноҳ ва жиноят саналган.
Катта гуноҳларга дунёда – жазо, охиратда азоб белгиланган бўлади. Катта гуноҳлар фақат тавба ва бировни ҳаққини эгасига етказиш билан ювилади.
Макка фатҳидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эркаклардан кейин аёллар билан байъат қилишни бошладилар. Бу Сафо тепалигида эди. Умар разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан пастроқда ўтириб олиб, Ул Зотнинг номидан имон келтирган аёлларга оятдаги шартларни етказиб байъат қилган. Ўша шартлар ичида ўғрилик қилмаслик ҳам бор эди. Ояти каримада бу жиноят катта гуноҳлар билан бирга саналган. Қуръони каримда шундай дейилади:
يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ إِذَا جَاءَكَ الْمُؤْمِنَاتُ يُبَايِعْنَكَ عَلَى أَنْ لَا يُشْرِكْنَ بِاللَّهِ شَيْئًا وَلَا يَسْرِقْنَ وَلَا يَزْنِينَ وَلَا يَقْتُلْنَ أَوْلَادَهُنَّ وَلَا يَأْتِينَ بِبُهْتَانٍ يَفْتَرِينَهُ بَيْنَ أَيْدِيهِنَّ وَأَرْجُلِهِنَّ وَلَا يَعْصِينَكَ فِي مَعْرُوفٍ فَبَايِعْهُنَّ وَاسْتَغْفِرْ لَهُنَّ اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ
яъни: “Эй, Пайғамбар! Қачонки, Сизнинг олдингизга мўмина аёллар келиб, Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасликка, ўғирлик қилмасликка, зино қилмасликка, ўз болаларини ўлдирмасликка, қўл ва оёқлари орасида тўқиб оладиган бўҳтонни келтирмасликка ҳамда бирор яхши ишда Сизга итоатсизлик қилмасликка ҳузурингизда қасамёд этсалар, Сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ (ўз бандаларига нисбатан) кечиримли ва раҳмлидир” (Мумтаҳана сураси 12-оят).
Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро молларини ботил йўллар билан ейишдан қайтаради. Ўғирлик, фирибгарлик ҳам – ботил йўлларнинг биридир. Ўзаро розилик ва ҳалол тижорат билан топилган бойликлар – ҳалолдир. Қуръони каримда шундай дейилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ
وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно...” (Нисо сураси 29-оят).
Одамларни норози қилиб, уларнинг маблағларини ўғирлайдиганларни топган ҳаром луқмалари уларни дўзахнинг тубига тортади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлардан ҳар бир киши оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан кўра хайрлироқдир”. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди»” (Имом Абу Яъло ва Имом Баззор ривоятлари).
- Маънавий фирибгарлик.
Бу тур фирибгарлик ижтимоий тармоқларда иқтисодий фирибгарликдан ҳам кўпроқ учрайди. Қуйида уларга тўхталиб ўтамиз:
- Ёлғон хабар тарқатиш.
Ҳар куни ижтимоий тармоқларда минглаб хабарлар тарқалади. Лекин шунинг ҳаммаси ҳам ишончли эмас. Баъзилари билмасдан ҳатто ёлғонга аралашса, баъзилари қасддан, қандайдир мақсадлар билан ёлғон маълумот тарқатади. Натижада улар ўзи ва ёлғонга амал қилганларнинг гуноҳини елкаларига “ортиб” оладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига кўплаб ҳадиси шарифлар далолат қилади.
(Давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди