1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИРИБГАРЛИК ВА АЛДОВЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ! (2-қисм)

19-05-2021, 09:39 345 Ўқиш режими + -
ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИРИБГАРЛИК ВА АЛДОВЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!
(2-қисм)

  1. Қимор ва фирибгарлик ўйинлари
Кейинги йилларда ижтимоий тармоқларда қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Айниқса букмекерлик компанияларда футбол уйинларига пул тикиш, айрим блогерларнинг қимор ўйинларини ташкил этиши кўп кўзга ташланмоқда. Исломда қимор ўйини қатъий ҳаром қилинган! Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти асос бўлган:
 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
яъни: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (Моида сураси 90-оят).
Қимордан топилган молни емоқ судхўрлик билан топилган молни емоқдан ҳам оғирроқдир! Чунки қиморбоз шариатда ҳаром қилинган икки гуноҳи азимга қўл уради. Ҳаром ўйин ўйнайди ва ўйинда ютиб олган ҳаром молни ўзлаштиради. Қиморни реклама қилиб тарғиб қилаётганлар шуни билсинларки, уларнинг тарғиботи билан қиморга қўшилган ҳар бир кишининг гуноҳидан буларга ҳам тенгма-тенг ёзилиб туради.
  1. Одамларнинг обрўларини тўкиш ва уларни бир-бирига гиж-гижлаш.
Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – худди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир! Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:
مَّا عُرِجَ بِي مَرَرْتُ بِقَوْمٍ لَهُمْ أَظْفَارٌ مِنْ نُحَاسٍ، يَخْمُشُونَ وُجُوهَهُمْ وَصُدُورَهُمْ، فَقُلْتُ: مَنْ هَؤُلَاءِ يَا جِبْرِيلُ؟ قَالَ: هَؤُلَاءِ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ لُحُومَ النَّاسِ، وَيَقَعُونَ فِي أَعْرَاضِهِمْ
(رواه الإمام أبو داود عن أنس رضي الله عنه)
яъни: “Жаброил алайҳиссалом мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб, уларни ғийбат қилиб, обрўларини тўккан кимсалардир”, – деб жавоб берди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
 وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ  
яъни: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...” (Бақара сураси 217-оят)
  1. Фаҳш ва беҳаёликнинг тарқалиши
Фирибгарлар катта даромад топиш, одамларни маънавий тубанликка тушириш, халқнинг ўзлигини емириш учун жамиятда беҳаё тасвирлар, видео-роликлар тарқатадилар.
Номаҳрам бўлган шахсларнинг иж  тимоий тармоқлардаги ношаръий суҳбатлари кўплаб оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
 قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси 30-оят).
Шу ўринда ота-оналарга эслатиб ўтамизки, ижтимоий тармоқларда ўғил-қизларимизни “овлаш” учун “тўр” ташлаб, пойлаб турган фаҳш тарғиботчилари биз ўйлагандан кўра анча кўп. Фарзандларимизни уларнинг қўлига топшириб қўймайлик, уларга ўзимиз эга чиқайлик! Бунинг учун, чиройли тарбия бериш билан бирга, доимий назоратни ҳам унутмаслик керак! Зеро ёшлигидан фаҳш ботқоғига ботган ўғил-қизнинг келажаги мавҳумдир.
  1. Ижтимоий тармоқдаги сохта даъватчилар
Минг йиллардан бери ҳақ йўлда собит турган мусулмон жамоаси ўртасига турли хилофлар солиш, Қуръон ва суннатнинг зоҳирига ёпишиб олиб, 18 асрда пайдо бўлган “бидъат” (янги пайдо бўлган) ғоялар асосида фатволар чиқариш, янги учраган масалаларни аксариятига “бидъат” тамғасини уриш, натижада ўзини ҳам, ўзгани ҳам адаштириш ҳам – катта фирибгарликдир!
Бундай кишилар одамларга ўзларини олим қилиб кўрсатиб, изидан эргаштириб, нотўғри томонга йўлламоқдалар. Бу дунёнинг ўзидаёқ борса-келмас жойларга жўнатишмоқда ва бузуқ эътиқод сабабли дўзахнинг ёқасига олиб бориб қўйишмоқда. Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир!  Шариатимизга кўра эса, уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: “Бу илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Имом   Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.
Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири –  ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.
Жундаб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бировни шармисор қилса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни шарманда қилади, кимки ўзгаларни қийнаса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни қийнайди”, – деб айтдилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши – фақатгина уламоларнинг айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган кимсаларнинг ушбу найрангларига нисбатан хушёр бўлмасак, оқибати жуда ҳам хатарли бўлиши мумкин.
            Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи рози бўладиган ишларга муваффақ айлаб, икки дунё саодатини насиб қилсин! 
 
          


ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди